УСТОЗ — ҚАЛБЛАРГА ЗИЁ УЛАШУВЧИ БУЮК ИНСОН

Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлида қалбида ўчмас из қолдирадиган, унинг дунёқараши ва маънавий камолотига таъсир кўрсатадиган улуғ инсонлар бўлади. Ана шундай инсонлар орасида устозларнинг ўрни алоҳида. Зеро, устоз — инсонга нафақат билим беради, балки уни эзгуликка, яхшиликка, одоб ва маърифатга етаклайдиган буюк зотдир.

Устоз деганда кўз олдимизга аввало меҳр билан таълим бераётган, шогирдининг келажаги учун қайғураётган, ҳар бир сўзи ва амали билан ибрат бўлаётган инсон келади. Устознинг меҳнати қалб билан қилинади. Чунки у инсон қалбига илм уруғини қадайди, уни парваришлайди ва унинг мевасини йиллар давомида кутади.

Менимча, устозлик — шунчаки касб эмас, балки юксак масъулият ва шарафдир. Устоз ўз олдига келган ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топишга, унга тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилади. Баъзан бир оғиз ширин сўз, бир насиҳат ёки самимий муносабат инсон ҳаётида катта ўзгариш ясаши мумкин. Ана шу жиҳатдан устознинг биргина сўзи ҳам катта маънавий кучга эга.

Халқимиз азалдан устозни улуғлаб келган. “Устоз отангдек улуғ” деган ҳикматли сўз ҳам бежиз айтилмаган. Ота инсонга ҳаёт берса, устоз унинг ақли ва тафаккурини бойитади, қалбига маърифат зиёсини олиб киради. У инсонни ҳаётда ўз ўрнини топишга, яхшилик билан ёмонликни, ҳалоллик билан ҳаромни, эзгулик билан ёвузликни англашга ўргатади.

Айниқса, бугунги мураккаб ва тезкор замонда устознинг масъулияти янада ортиб бормоқда. Ахборотлар оқими кучайган, турли қарашлар ва таъсирлар инсон онгига кириб келаётган бир пайтда ёш авлодга тўғри йўл кўрсатиш, уларни илм ва маърифатга ошно қилиш, миллий ва маънавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим вазифалардан биридир.

Бундай масъулиятли ишда диний-маърифий устозлар ва устозаларнинг ҳам ўрни беқиёс. Улар инсонларни эзгуликка чорлаб, қалбларга маърифат зиёсини улашадилар. Динимизнинг тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳалоллик ва поклик каби юксак қадриятларини тушунтириб, оилаларда соғлом маънавий муҳит шаклланишига ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Айниқса, хотин-қизлар билан ишлашда устозаларнинг меҳнати алоҳида аҳамиятга эга. Чунки аёлнинг маънавий дунёси, унинг оила ва фарзанд тарбиясига муносабати бутун бир хонадон муҳитига таъсир қилади. Шу маънода хотин-қизларга берилган ҳар бир маърифий сабоқ, айтилган ҳар бир яхши насиҳат, кўрсатилган ҳар бир эзгу йўл-йўриқ оила ва жамият маънавиятига қўшилган ҳиссадир.

Отинойиларнинг маҳаллаларда, оилалар даврасида, турли маънавий-маърифий тадбирларда олиб бораётган суҳбатлари ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Улар инсонларни яхшиликка чорлаб, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, катталарга ҳурмат, кичикларга меҳр, қўни-қўшнилар билан аҳиллик каби фазилатларни тарғиб қилиб келмоқдалар.

Ҳақиқий устознинг буюклиги унинг қанча дарс бергани билан эмас, балки қанча қалбга эзгулик уруғини сочгани билан намоён бўлади. Устоз шогирдининг ютуғини ўз ютуғидек қабул қилади. Шогирдининг одобли, билимли, ҳалол ва эл-юртга фойдали инсон бўлиб камол топганини кўриш устоз учун энг катта бахтдир.

Устознинг меҳнати баъзан кўзга кўринмайди. Унинг тунлари ўйлаган режалари, шогирдлари учун қилган ташвишлари, айтган насиҳатлари ва берган сабоқлари йиллар ўтиб ўз самарасини бериши мумкин. Шунинг учун устоз меҳнатини бир кунлик байрам билан ўлчаб бўлмайди. Устозга бўлган ҳурмат ва миннатдорлик инсон қалбида доимо яшаши керак.

Устозлар байрами муносабати билан мен ҳам ҳаётимда илм ва тарбия берган барча устозларимизни чуқур эҳтиром билан ёд этаман. Уларнинг бизга берган сабоқлари, айтган насиҳатлари ва эзгу тилаклари ҳаётимизда ўзининг муносиб ўрнига эга. Инсон баъзан йиллар ўтиб, устозидан эшитган биргина сўзнинг қадрини янада чуқурроқ англайди.

Устознинг дуоси ҳам, насиҳати ҳам инсон учун катта бойликдир. Устознинг розилигини олиш, унинг меҳнатини қадрлаш ва унинг берган илмларини ҳаётда эзгулик билан намоён этиш — шогирд учун энг гўзал бурчлардан биридир.

Бугун биз устозларга таъзим қилар эканмиз, уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатига алоҳида эҳтиром кўрсатишимиз лозим. Чунки жамиятнинг эртанги куни, аввало, таълим ва тарбияга, илм ва маърифатга боғлиқ. Илмни ўргатадиган, қалбларга маърифат олиб кирадиган инсонлар эса доимо юксак қадрга муносибдир.

Азиз устозлар! Сизлар қалбларга зиё улашасиз. Сизлар инсонларни илм сари етаклайсиз. Сизлар яхшилик ва эзгуликка чорлаб, ҳаёт йўлимизда ўчмас из қолдирасиз. Сизнинг ҳар бир сабоғингиз  биз учун ибрат, ҳар бир насиҳатингиз — ҳаёт сабоғи, ҳар бир эзгу тилагингиз — қалбимизга мададдир.

Сизларга бўлган ҳурмат ва миннатдорлигимизни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин. Зеро, устоз меҳнати шу қадар улуғки, уни биргина ташаккур сўзи билан баҳолаб бўлмайди.

Аллоҳ таоло барча устоз ва устозаларимизнинг умрларига барака, қалбларига хотиржамлик, ишларига ривож ато этсин. Тарбиялаган шогирдларининг камоли ва эзгу ишлари улар учун доимо савобли мерос бўлиб қолсин. Зеро, устознинг берган илми қалбда зиё бўлиб яшайди, унинг эзгу тарбияси эса авлоддан авлодга ўтиб боради.

Устоз — қалбларга зиё улашувчи буюк инсон. Унинг меҳнати эса инсон умрида қоладиган энг гўзал излардан биридир.

М.Бобожонова

Хива шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *