Ислом таълимотларида ёшлар тарбиясига катта аҳамият берилган. Бугунги кунда ёшлар таълим-тарбияси ҳар қачонгидан ҳам муҳим, зеро, улар жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий кучдир.
Шу сабаб, юртбошимиз томонларидан келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устивор йўналиши сифатида белгиланиб, бу йўлда улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз.
Динимизда ёшларни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий).
Қуръни каримда: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз”. (Таҳрим, 6-оят).
Оятга: Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”. (Имом ибн Мардавайҳ).
Шундан маълум бўладики ҳар бир ота-она ўз фарзандига масъулдир. Уларни яхши тарбия қилиш, ҳалолликка, адолат ва меҳнатсеварликка ўргатиш ота-онанинг бурчидир.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан масъулдирсиз”. (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик р.а. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Илм излаш ҳар бир мусулмонга фарздир”. (Имом ибн Можа).
Илм инсоннинг руҳий ҳаёти, фикрий ҳаёти ва жисмоний ҳаёти учун зарурдир.
Зеро, уламолар ёшларни шиддат билан ўсаётган нав-ниҳолларга қиёс қиладилар. “Нав-ниҳолларни кичиклик чоғида тўғриласанг, тўғри бўлади. Аммо уларни дарахтга айлангач, асло букиб бўлмайди”.
Инсон қанчалик илмли бўлмасин, агар унда яхши ахлоқ бўлмаса, у жамият учун зарарли бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабининг буюк мужтаҳидларидан имом Муҳаммаднинг ҳузурларига бир киши келиб, “Аллоҳ таоло менга ўғил фарзанд ато қилди. Мен унинг тарбиясини нимадан бошлашим керак? Деб савол берганида, у зотнинг “Ўзингни тарбия қил. Зеро ўғил фарзанд отасига тақлид қилиб катта бўлади”, деганлар.
Афсуски, бугунги кунда баъзи ота-оналар фарзандлари кўз ўнгида жанжаллашиб, фаҳш сўзлар билан бир-бирларини ҳақорат қиладилар ёки уларнинг олдида ножоиз ишларни қиладилар. Баъзи ота-оналар эса, кўчадан биров чақириб келса, фарзандларига “Мени уйда йўқлар, деб қўйгин”, деб ёлғон ўргатадилар. Уламолар: “Тикан эккан кимса, ҳеч қачон буғдой ўрмас”, деганлар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”. (Имом Муслим).
Болаларимизни ўзимиз тарбияламасак, уларни кўча, ёт ғоялар ва ифлос ахборот воситалари тарбиялайди.
Бугун нафақат жисмоний, балки маънавий тарбияга ҳам катта эҳтиёж бор. Фарзандларга ўзлигини, Ватанини, динини танитиш ҳар бир мусулмон ота-онанинг вазифаси. Ёшлар миллат келажаги ва умматнинг кучидир.
Агар улар тўғри тарбияланса, юртимиз тараққий этади. Агар эътиборсиз қолдирилса, жамиятда бузғунчилик кўпаяди.
Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом ноиби
Раҳматуллоҳ Отажонов.