Бугун ҳар бир инсон ўзининг ёши, жинси, эътиқоди, касб-кори, лавозими ва яшаш жойидан қатъи назар, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Зеро, она тилига бўлган муносабат, мустақилликка бўлган муносабат ҳисобланади. Она тили миллатнинг руҳи, давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Бинобарин, ўзбек тилини ривожлантириш, давлат тили сифатидаги ўрнини ва нуфузини янада мустаҳкамлашдек масъулиятли вазифа барчамизнинг олдимизда турибди.
21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан Хоразм вилояти Урганч шаҳри отинойилари томонидан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Хоразм вилояти бош отинойиси Феруза Отажонова ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита вакили Муяссар Машарипова иштирок этдилар.
Тадбир давомида отинойилар томонидан ўзбек тилининг бой тарихи, унинг миллий қадриятларимиз ва маънавиятимизда тутган беқиёс ўрни ҳақида мазмунли маълумотлар берилди. Шунингдек, она тилимизни улуғловчи шеърлар ва дил изҳорлари янгради.
Она тили — миллатнинг руҳи, унинг тарихи, қадрияти ва маънавий қиёфасини ўзида мужассам этган бебаҳо бойликдир. Уни асраб-авайлаш, қадрлаш ва келажак авлодга соф ҳолда етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Тадбир сўнгида иштирокчи отинойиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллигининг эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур тадбир она тилимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада юксалтириш, миллий қадриятларимизга садоқат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тил яшаса, миллат яшайди. Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон, бирлигимиз мустаҳкам бўлади.