Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга маърифатни таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқиш олимларнинг сифати эканлигини Ҳақ таолонинг Ўзи Каломи шарифида баён қилган.
Аллоҳ таолонинг ҳузурида илм аҳлларининг қадри баланд эканлиги айни ҳақиқатдир. Олим инсонни жоҳилга тенглаштириб бўлмайди. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9‑оятида шундай дейди: “Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Робби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, бундан ақл эгаларигина эслатма олурлар”.
Бу оятда олим инсоннинг амал соҳасида ҳам пешқадамлардан эканлигига ишора бўлмоқда. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳлллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто сувдаги балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиган зотларга саловат айтади”, дедилар.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Дарҳақиқат фаришталар қанотларини илм талаб қилувчи учун рози бўлган ҳолида тўшаб туришади. Олим учун осмонлару ердагилар, сувдаги балиқлар истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги кабидир. Дарҳақиқат уламолар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар динор ва дирҳам мерос қолдиришмаган. Улар илм мерос қолдиришган. Ким уни олса, тўлиқ насибани олибди”, дедилар.
Олимга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан”. Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида: “Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир”, деган эканлар.
Уламоларни ғийбат қилишнинг хатари бошқаларни ғийбат қилиш хатаридан кўра хавфлироқдир. Қуръони каримда ғийбатнинг ёқимсизлиги ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган. Уламоларни ғийбат қилиш эса уларнинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилади. Жумладан, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, ким уни ҳидласа касал бўлади, еган эса ўлади. Ким олимга тил теккизса, унинг ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.
Халқлар орасида олимларнинг борлиги Аллоҳнинг неъматидир. Уларнинг вафоти эса оғир мусибатдир. Зеро илм уларнинг вафоти орқали кўтарилади. Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Албатта Аллоҳ илмни бандалардан бир суғуришда суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларни қабз қилиш орқали олади. Ҳатто агар олим қолмаса, одамлар ўзларига жоҳилларни йўлбошчи қилиб олишади. Шунда улар илмсизларча фатво беришиб, ўзларини ҳам ўзгаларни ҳам адаштиришади”.
Олимларимизни ҳурмат қилиш юксак маданий савиянинг аломатидир. Билмаган нарсаларимизни улардан сўрашимиз Ҳақ таолонинг бизга кўрсатган кўрсатмаси ҳисобланади. Бугунги кунда уламоларимиздан оммавий ижтимоий тармоқлар орқали ҳам бемалол билмаган нарсаларимизни сўраб олишимиз мумкин. Бунинг бизга улуғ неъмат эканлигини эътироф қиламиз. Аммо кузатишлар натижасида шу тармоқлар орқали олимларга нисбатан беҳурматлик қилаётганларни ҳам кўриб турибмиз. Лекин олимлар Пайғамбарларимизнинг меросхўрлари эканлигини, улар билан бўладиган муносабатда одоб доирасидан чиқмаслик лозимлигини унутмайлик.
Хамидулла домла Уллиев
Хонқа тумани “Ҳазрати Хўжа Нуриддин бобо”
масжиди имом-хатиби