Оила- инсон ҳаётининг энг муқаддас қўрғони, меҳр-муҳаббат, оқибат ва инсонийлик фазилатлари камол топадиган табаррук маскандир. Инсон илк тарбияни оила бағрида олади, ҳаётни англашни, яхшилик ва ёмонликни фарқлашни, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатишни аввало ота-онасидан ўрганади. Шу боис халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, ота-она розилигини ҳаётдаги энг улуғ неъматлардан бири сифатида қадрлаб келган.
Бежизга халқимиз “Ота рози — Худо рози”, деб айтмайди. Бу ҳикматли сўзларда ота-онага ҳурмат кўрсатиш, уларнинг кўнглини олиш, дуоларини олиш ва хизматларида бўлиш каби юксак маънавий тушунчалар мужассамдир. Зеро, фарзанд учун ота-онанинг меҳри ва дуосидан қимматлироқ бойлик йўқ. Ота-она — фарзанднинг биринчи устози
Фарзанд дунёга келган кундан бошлаб ота-она унинг камолоти учун меҳнат қилади. Унинг соғлом ўсиши, одобли бўлиши, илм олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун бор меҳри ва имкониятини сафарбар этади. Тунларни бедор ўтказган она, фарзандининг келажаги учун тер тўккан ота унинг бахтини ўз бахти деб билади.
Шундай экан, фарзанд вояга етгач, ота-онасига меҳр кўрсатиши, уларнинг ҳолидан хабар олиши, оғирини енгил қилиши ва ҳурматини жойига қўйиши лозим. Ота-она қарилик даврига етганда уларнинг кўнглини кўтариш, ширин сўз билан суҳбатлашиш ва эҳтиёжларига бефарқ бўлмаслик фарзандлик бурчининг муҳим қисмидир. Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Исро сурасининг 23-оятида Аллоҳ таоло Ўзигагина ибодат қилиш ва ота-онага яхшилик қилишни буюриб, уларга ҳатто “уф” демасликни, уларни жеркимасликни ва уларга ҳурмат билан гапиришни таъкидлайди. Бу кўрсатмалар ота-она қалбини асраш ва уларга гўзал муомалада бўлиш нақадар муҳимлигини англатади.
Ота-она розилиги — хонадоннинг маънавий бойлиги. Ҳар бир хонадоннинг файзу баракаси фақат моддий фаровонлик билан ўлчанмайди. Уйдаги самимият, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва қалблар хотиржамлиги ҳам ҳақиқий бойликдир. Ота-онасини қадрлаган, уларнинг дуосини олган, катталарга ҳурмат кўрсатган инсон оиласида ҳам ана шу гўзал фазилатларни қарор топтиришга интилади. Ота-она розилиги деганда уларнинг ҳар бир истагини сўзсиз бажаришгина эмас, балки уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, фикрларини тинглаш, кўнгилларини оғритмаслик ва имкони борича ёрдам бериш тушунилади. Агар бирор масалада фикрлар турлича бўлса, фарзанд одобни сақлаган ҳолда ўз фикрини тушунтириши, муомалада қўполликка йўл қўймаслиги керак. Айниқса, бугунги кунда оилавий муносабатларда катталарнинг ҳаётий тажрибасидан оқилона фойдаланиш муҳимдир. Ёшлар ота-онанинг насиҳатларини тинглаб, замонавий билим ва тажрибалар билан уйғунлаштирса, оилада ўзаро тушуниш янада мустаҳкамланади. Қайнона-қайнота ҳурмати — оилавий тотувлик омили
Янги оила қурган ёшлар учун нафақат эр-хотин муносабатлари, балки икки оила ўртасидаги ҳурмат ва муомала маданияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Келиннинг қайнона-қайнотага, куёвнинг қайнота-қайнонага ҳурмат билан муносабатда бўлиши оилада самимий муҳит шаклланишига ёрдам беради.
Ҳар қандай келишмовчиликни ғазаб ва маломат билан эмас, балки мулойимлик, ҳикмат ва ўзаро тушуниш билан ҳал қилиш лозим. Чунки бир оғиз ширин сўз кўнгилни кўтарса, ўйламай айтилган оғир гап қалбда узоқ сақланиб қолиши мумкин. Ота-онанинг фарзанди учун қилган дуоси, фарзанднинг эса ота-онасига бўлган меҳри оилавий ҳаётнинг маънавий таянчларидандир. Фарзандлар ўз ота-оналарини фақат байрамларда эмас, оддий кунларда ҳам йўқлаб туришлари, ҳолидан хабар олишлари, эҳтиёжларини сўрашлари керак.
Ота-она ҳаёт бўлганида уларнинг қадрига етиш, хизматларида бўлиш, дилларини шод этиш лозим. Вафот этганларидан кейин эса улар ҳаққига дуо қилиш, хайрли амаллар қилиш ва уларнинг яхши номини эъзозлаш фарзандлик садоқатининг давомидир.
Ота-она розилиги — инсонни эзгуликка чорлайдиган, оилани меҳр-оқибат билан бойитадиган улуғ қадриятдир. Ҳар бир фарзанд ота-онасини эъзозласа, ҳар бир ота-она фарзандига меҳр ва адолат билан ёндашса, хонадонларда тинчлик ва тотувлик мустаҳкам қарор топади.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасининг дуосини оладиган, уларга меҳр-мурувват кўрсатадиган, оиласига файзу барака улашадиган солиҳ ва солиҳа бандаларидан қилсин.
З.Тажиева
Урганч шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари