Аллоҳ таоло инсонга берган неъматларнинг энг улуғларидан бири — жон ва саломатликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи улардан ғафлатдадир: саломатлик ва бўш вақт», деганлар. Қиш фасли келиб, уйларимиз иссиқ, дастурхонларимиз тўкин бўлган чоғда, афсуски, шу неъматнинг қадрига етмаслик оқибатида хонадонларга қайғу кириб келмоқда. Бугунги кунда долзарб муаммолардан бирига айланган ис газидан заҳарланиш ана шундай ғафлатнинг аччиқ натижасидир.
«Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанглар» (Бақара сураси, 195-оят)
Ис гази — ранги ҳам, ҳиди ҳам йўқ, шунинг учун ҳам айниқса хавфли ва пинҳона душман. У печка, қозон, газ плитаси ва кўмир ёки ўтин ёқиладиган иситгичлардан, дудбуронлар тоза бўлмаганда ёки хона ҳавоси алмашмаганда секин-аста тўпланади. Одам ухлаб ётган пайтида ҳам, суҳбат қуриб ўтирганида ҳам заҳарланиб қолиши мумкин. Бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик ва уйқу босиши унинг дастлабки аломатларидир. Бу аломатларга бепарво қараш жонга зомин бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада бизга аниқ йўл кўрсатганлар: «Ухлаганингизда уйингиздаги оловни ўчиринг, чунки у сизнинг душманингиздир» (Бухорий ва Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда: «Зарар кўриш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқдир» (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти), дейилган. Демак, ўзимизни ҳам, оиламизни ҳам, қўшнимизни ҳам хавфдан сақлаш — шариатимизнинг талаби, инсонийлик бурчимиздир.
Баъзилар «Тақдирда бор экан, бўлади-да», деб ўзини овутади. Аммо диний таълимотимизда таваккул лоқайдлик эмас. Бир саҳоба: «Туямни боғлаб, таваккул қилайми ёки ечиб қўйиб, таваккул қилайми?» деб сўраганида, Пайғамбаримиз: «Уни боғла, сўнг таваккул қил», деганлар (Имом Термизий ривояти). Яъни, аввал эҳтиёт чорасини кўриш, ундан кейин Аллоҳга таяниш лозим.
Хўш, ўзимизни ва яқинларимизни қандай асрашимиз мумкин? Аввало, исситиш ускуналарини мутахассисга текширтириб, дудбурон ва мўриларни қишдан олдин тозалатиб қўйиш керак. Хонани мунтазам шамоллатиш, уйқудан олдин печка ва газ ускуналарини ўчириш, ўчоқнинг шиберини кўмир ёки ўтин батамом ўчмасдан ёпиб қўймаслик муҳимдир. Ёпиқ хонада газ плитасини иситиш учун ишлатмаслик, ёпиқ гаражда автомобил двигателини ишлатиб қўймаслик ҳам шу жумладандир. Бугунги кунда ис газини сезувчи махсус қурилмалар ҳам мавжуд бўлиб, уларни уйга ўрнатиш жонни сақлашнинг энг арзон ва ишончли йўлидир.
Агар хонадонда кимдир заҳарланиб қолса, дарҳол очиқ ҳавога олиб чиқиш, эшик-дераза очиш, тезкор тиббий ёрдамни (103) чақириш керак. Кўп ҳолларда бир неча дақиқа ҳам инсон ҳаёти учун ҳал қилувчи бўлади. Қўрқув ва саросимага тушмай, ҳушёрлик билан иш тутиш — ҳам имон, ҳам ақл амри.
Азиз юртдошлар! Ҳар бир оила бошлиғи, ҳар бир ота-она ва фарзанд бу масалада масъулият ҳис этсин. Маҳалламизда, қўни-қўшнилар орасида бу ҳақда суҳбат қурайлик, ёши улуғларга ва ёлғиз яшовчиларга ёрдам берайлик. Кимки бир жонни ҳалокатдан сақласа, Қуръони каримнинг ифодаси билан айтганда, гўё бутун инсониятни асраб қолгандек бўлади (Моида сураси, 32-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни кулфатлардан асрасин, уйларимизни тинчлик, иссиқ меҳр ва саломатлик маскани қилсин. Омин!
А. Абдушарипов
Янгариқ тумани “Саид Абдулла Румий” масжиди имом-хатиби