ОГОҲЛИК — ФАҚАТ ЎЗИМИЗ УЧУН ЭМАС, БОШҚАЛАР УЧУН ҲАМ ЗАРУР!

ФВВ аҳолини ис гази оқибатларидан огоҳлантирмоқда

Ҳамд — Аллоҳ таолога, салавот ва саломлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаларига бўлсин.

Ис гази хавфи, айниқса, ёлғиз истиқомат қиладиган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали оилалар ҳамда доимий ёрдамга муҳтож инсонлар учун янада жиддий таҳдид туғдиради. Шу боис бу масалага фақат ҳар бир хонадоннинг шахсий муаммоси сифатида эмас, балки бутун маҳалланинг умумий масъулияти сифатида қараш лозим.

Маҳалла аҳли бир-бирининг ҳолидан хабар олиб туриши, ёлғиз кексаларнинг уйларидаги иситиш тизимлари ҳолатига эътибор қаратиши, эҳтиёжманд оилаларни зарур огоҳлантиришлар билан қамраб олиши айни муддаодир.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг ўзаро муносабатини бир танга қиёслаб, шундай деганлар: «Мўминлар бир-бирини севиш, раҳм қилиш ва шафқат кўрсатишда худди бир тана кабидир. Унинг бир аъзоси оғриса, бошқа аъзолари ҳам уйқусизлик ва иситма билан жавоб беради» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, қўшнимизнинг аҳволидан хабар олиш, унинг уйида хавфсизлик қоидаларига амал қилинаётганига эътибор қаратиш, кекса инсоннинг эшигини қоқиб, ҳол сўраш — мўминлик ва инсонпарварликнинг гўзал намунасидир.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз ўзига ёқтирадиган нарсани биродарига ҳам ёқтирмагунича (комил) мўмин бўла олмайди», деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Биз ўз хонадонларимизда тинчлик, осойишталик ва хавфсизлик бўлишини истаймиз. Шундай экан, қўшниларимиз, қариндошларимиз ва маҳалладошларимиз ҳам худди шундай хотиржам ҳаёт кечиришини исташимиз, бу йўлда амалий ёрдам кўрсатишимиз керак.

Азиз юртдошлар! Ҳаётда баъзи хавфлар кўзга кўринмайди, аммо уларнинг оқибати жуда оғир бўлиши мумкин. Ис гази ана шундай таҳдидлардан биридир. Шу боис ҳар биримиз бепарволикка йўл қўймаслигимиз, оиламиз хавфсизлигига масъулият билан ёндашишимиз, атрофимиздаги инсонлар тақдирига ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Унутмайлик, бир марта ҳол сўраш, бир бор огоҳлантириш, бир носоз жиҳозни вақтида таъмирлатиш инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Маҳаллада ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва масъулият кучайса, кўплаб кўнгилсизликларнинг олдини олиш мумкин.

Зеро, инсон ҳаётини асраш — савобли амал, бир-биримизга ғамхўрлик қилиш эса мўминликнинг гўзал белгисидир. Огоҳ бўлайлик, эҳтиёт бўлайлик ва яқинларимиз ҳаётига бефарқ бўлмайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни ғафлатдан, офатлардан ва кулфатлардан асрасин. Уйларимизни тинчлик, барака ва соғлик билан тўлдирсин. Омин!

У.Мадаминов

Боғот тумани “Одина Эшон бобо” масжиди имом-ҳатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *