«Оммавий маданият» ва унинг зарарли оқибатлари

Яқин йилларда мамлакатимизга ташқаридан оқиб келаётган ахборот тўлқини орқали биз нафақат янгиликлардан бохабар бўляпмиз, балки унинг ичига яширинган, миллий менталитетимизга, диний ва маънавий қадриятларимизга зид қарашларга ҳам рўбарў бўляпмиз. «Оммавий маданият» ёшларимизнинг кийиниш одобига ва тарбиясига салбий таъсир ўтказмоқда. Глобаллашув жараёни эса унинг тарқалишини тезлаштирмоқда. Шу ниқоб ортида ахлоқсизлик, фаҳш ва зўравонлик ғояларини ёйиш, бошқа халқларнинг асрлар мобайнида шаклланган миллий ва диний урф-одатларини менсимаслик, уларни йўқотишга қаратилган хавфлар маънавий етук ҳар бир инсонни бефарқ қолдирмайди.

Болаларни кичиклигидан илм-маърифатга қизиқтириш, шунга ўргатиб бориш зарур. Чунки илм-фаннинг қайси соҳасида бўлмасин қизиқиш билан ўқиб-ўрганган, билим олган инсон, шубҳасиз, оиласи, халқи ва Ватанига наф келтирадиганлар сафидан ўрин олади.

«Оммавий маданият» таъсирида турли компьютер ўйинлари, фантастик ва қотиллик мавзусидаги, маиший ахлоқсизликни очиқдан-очиқ тарғиб этувчи кинолар, ишқий фаҳшнинг батафсил тасвирланган воқеалари, шаҳвоний клиплар ҳам оқиб кирмоқдаки, уларга лоқайд қараб бўлмайди.

Энг ачинарлиси, бундай ҳужумлар ҳаётнинг ҳамма соҳасига таъсир ўтказишга интилмоқда. Шу сабабли бу хавфларнинг асл моҳияти, ғаразли мақсадлари ва намоён бўлиш шаклларини аниқ тасаввур этиб, нафақат ўзимизни ҳимоя қилиш, балки уларга қарши курашиш йўлларини ҳам яхши ўзлаштиришимиз лозим.

«Оммавий маданият»га ва бошқа хавфларга қарши курашда, энг аввал, оиладаги маънавий-тарбиявий муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар маънавий тарбия аввал оилада, кейин маҳаллада тўғри йўлга қўйилса, маънавий бўшлиқ пайдо бўладиган жой қолмайди.

Одатда оналар фарзандининг хато ва камчиликларини отадан беркитишга уринади. «Айтсам, уришади, болага қаттиқ тегади», деган ўйда боланинг йўл қўйган хатосини, содир этган майда ножўя ишларини отага ўз вақтида билдирмайди. Оқибатда бола вақтида танбеҳ эшитмагач, аста-секин каттароқ айбли ишларни ҳам қўрқмай қилишга ўрганиб қолади. Шу боис фарзанднинг камол топишида онанинг ўрни ниҳоятда катта ва зарурдир.

Оила — тарбия маскани. Фарзандлар келажакда қандай кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган: “Хар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яхудийга айлантириб юборадиган хам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган хам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бола дастлабки тарбияни оилада олади. Оила боланинг жамиятдан ўз ўрнини топиши ва мустақил ҳаёт кечиришга ўрганишида энг катта таянчдир. Шунинг учун тарбияда аввало оила аъзолари собитқадам бўлиши керак, ундан кейин маҳалла ва жамоатчилик фаоллари туради. Улар сусайса ёки бепарво бўлса, кўриниб турганидек, ёқимсиз ҳолатлар юзага келади: бола тарбиясиз ўсади, жамиятга зарар етказиш, давлатга хиёнат қилиш, динга зид ишларга қўл уришдан ҳам тоймайдиган бўлиб вояга етади.

Ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, маънавиятимиз ва анъаналаримизга бегона «оммавий маданият»дан ҳамда турли ахборот ҳужумларидан асраш барча ҳуқуқ-тартибот органлари қатори бу диёрда яшовчи ҳар бир инсоннинг бурчидир. Буни англаб, зарарли иллатларга қарши курашда ташаббускор ва етакчига айланишимиз зарур.

Х.Юсупов

Урганч тумани “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *