«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан бугунги кунда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муҳтожларга кўмак кўрсатиш, уй-жой қуриш, сув чиқариш сингари эзгу ишлар билан бир қаторда ёш авлодга илму зиё тарқатиш, таълим олаётган толиби илмларни қўллаб-қувватлаш, устозларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш Фонднинг асосий мақсадид ҳисобланади.
Шу мақсадда Фонд томонидан «Китоб» ва «Илмга Кўмак» акциялари ташкил этилиб, уларнинг доирасида илм йўлида фаолият олиб бораётган кишиларга кўмак кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг февраль ойида Фонднинг Самарқанд вилоят филиали кўмагида вилоятнинг Пастдарғом тумани Болтали маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ёшлар кутубхонаси учун китоблар тақдим этилди. Ушбу кутубхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, уни янада оришиш борасида белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, маҳалла ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишни мақсад қилган.

Хайрли ишларнинг бардавом бўлишини тилаган пастдарғомликлар «Вақф» хайрия жамоат фондига миннатдорлик билдириб, ташаккурнома тақдим этдилар. Бундай хайрли ишлар «Вақф» фонди томонидан мунтазам амалга ошириб келинмоқда.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати