Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади.
Ислом дини шариатининг биринчи сифати ва буюк мақсади тинчлик-омонлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик бўлиб, уни билиш орқали барча асослар тўла бўлади. Мусулмонлар исломни қаергача етиб боришига эришган бўлишса, ўша ерларга ва халқларга фақат хавфсизлик, барқарорликни олиб боришган. Ислом тинчлик дини эканини исботлаб келишган. Ҳаддан ошиш, кўр-кўрона бир нарсани маҳкам ушлаб олиш ва террорчилик ер юзини, экин-тикин, жонзотлар, ҳаттоки инсон наслини ҳам барбод қилади. Шу билан бир қаторда бундай ҳолат ислом динининг ашаддий душмани бўлиб, мусулмонлар эса унинг биринчи қурбонларига айланадилар.
Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларидаги террорчи гуруҳлар жоҳил, нодон ва иродасиз, ҳатто у ёки бу жиноятни нима мақсадда қилаётганини ҳам англамайдиган одамлардан тузилади. Ҳиссий жазавага қул бўлган, оломон ва жўн шиорлар таъсирига тушиб қолган бу кимсалар оммавий ёвузлик комига тортилиб, ўз хатти-ҳаракатларини идора қила олмай қоладилар. Ваҳолангки, уларда ирода бўлганида ёвузликка қўл урмаган бўлардилар. Бир қараганда туппа-тузик кўринадиган ушбу кимсалар бир зумда қонхўр қотилларга, тажовузкор намойишчиларга ва ниҳоят ҳар қандай ваҳшиёна ишларга қодир бўлган террорчиларга айланишлари мумкин. Террорчилик фаолиятида қатнашаётганларнинг аксарияти — ўз иродаси ва виждонидан маҳрум бўлган одамлардир. Улар оломон психологиясига сингиб кетишган ва ўзига хос «пода»га айланишган. Ақл-идрок ва тафаккур қобилияти ўз ўрнини зўравонлик ҳамда тажовузга мойилликка, фавқулодда қизиққонлик ва ўжарликка бўшатиб берган. Бундай кимсалар фитналарга осонгина бериладилар, Ватан, миллат, инсонийлик, бағрикенглик каби тушунчалардан йироқ бўлиб, ҳеч қандай қонунларни тан олмайдилар. Демак, инсон ўзлигини йўқотганда тубанликка кетиб, ўз юртига, ўз аҳлига, ҳаттоки ота-онасига қарши қурол кўтаради.
Қуръони карим кишиларни огоҳлантирадики, омманинг психологиясига кўр-кўрона эргашиб кетиш, бўйсуниш катта гуноҳ ва хато ишдир. Парвардигор инсонга ақл-идрок ва онгни улардан иложи борича тўла фойдалансин ва ҳақни ёлғондан ажрата олсин деб ато этган: «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон Қиёмат кунида) масъул бўлур» (Исро, 36).
Ислом дини тинчлик ва эзгулик динидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам биз учун ислом динини худди нурафшон йўл каби баён қилиб берганлар. Ундан фақатгина ҳалокатга йўл олган кишигина юз ўгиради. Бу диннинг асоси раҳмат ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Раҳмдилларга Роҳман раҳм қилади”, деганлар. Инсонларга раҳм-шафқатсиз, кунига юзлаб бегуноҳ одамларни ўлдираётган, юз минглаб тинч аҳолини ўз уйини ташлаб сарсон-саргардонликка солиб, қочоқлар сафига қўшилишга мажбур қилаётган бу нобакор ватанфурушларнинг охири вой бўлиши муқаррар.
Бизнинг исломиятимиз, асрлар мобайнида халқимизнинг шуурига кириб, унинг жон томири сингари жой олган, Аллоҳ комил қилиб берган динимиз бор. Миллат келажаги унинг эртанги соғлом турмуши учун хиёнаткор, разил тўдаларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим. Асрлар мобайнида аждодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз кучлардан сақлаш ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчдир. Яратган зот адашганларга диёнат, тавфиқ ато айласин.
Болтаев Шермуҳаммад
Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби