ШАРИАТДА ТЎЙ ВА МАЪРАКА МАРОСИМЛАРНИ ЎТКАЗИШ ҚАНДАЙ БЎЛГАН

Барча  ақли  расо,  идрокли  кишиларга  маълумки,  ҳар  қандай  ишда ўртаҳоллик,  муътадиллик  ва  меъёр  ҳамиша  маъқулланиб  келинган.  Ҳаддан  ошиш, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб,  улардан  ҳазар қилишга буюрилган. Бу  ҳақда  Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро сураси, 26-оят).

Демак,  силаи  раҳм,  хайр-эҳсон  ва  турли  садақаларни  беришда  ҳам  меъёрдан  ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ман этилган.

Исроф  динимизда  қаттиқ  қораланган бўлиб,  Қуръони  каримда  исрофнинг  зарари ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:

 “(Бахиллик  қилиб)  қўлингизни  бўйнингизга  боғлаб  ҳам  олманг. (Исрофгарчилик қилиш  билан) уни  бутунлай  ёйиб  ҳам  юборманг!  Акс  ҳолда,  маломат  ва  маҳрумликда ўтириб қолурсиз”. (Исро сураси, 29-оят).

Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон,  аҳамиятлими  ёки  аҳамиятсиз,  нодирми  ёки  сероб,  олди-кетига  қарамай  бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.

Тўйлар  ва  маросимлардаги  исрофгарчиликларни  қаранг.  Ейишга  яроқли  қанча  неъматлар  увол  бўлиб  кетади. Халқимиз  тўй,  турли  муносабатлар  билан  ўтказиладиган  маросимларни, шодиёналарни  яхши  кўради.  Лекин  тўй  маросимларини  меъёрида,  ортиқча  дабдаба  ва исрофгарчиликка  йўл  қўймаган  ҳолда  ўтказишимиз  керак  эмасми?  Бу борада Ўзбекистон  мусулмонлари идорасининг “Тўй ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида” ги фатвосига  амал  қилган  ҳолда  иш  тутишимиз  лозим  бўлади.  Тўйларда сарфланадиган  ортиқча  маблағларни  ёш  келин-куёвларнинг  келажак  ҳаётларида  асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса, ёҳуд бева бечоралар кўп болали оилалар, етим-есирларга эҳсон қилинса айни савобли иш қилинган бўлади.

Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга  сочавериш,  айниқса  буюрилмаган  ишларга  харжлаш  савоб  ўрнига  гуноҳ  эшикларини очиб  юбориши  мумкин.  Бунинг  ўрнига  маҳалладаги  бир  эҳтиёжманд  оиланинг  кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмак бериб юбориш, уйланиш  учун  маблағ  топа  олмай  юрганларнинг  мушкулини  осон  қилиш,  қарзини  тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади.

Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг оғир гуноҳлардан эканини доимо ҳис этайлик. Аллоҳ  таоло  барчаларимизни  Ўзининг  ҳақ  йўлидан  чекинмайдиган,  неъматларини  исроф қилмайдиган, шукр ва тежамкорлик билан муносабатда бўладиган солиҳ бандаларидан айласин!

                                                                 М.Юсупов 

Боғот тумани  “Тавал бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *