МУСУЛМОННИ ҚЎРҚИТИШ ИНСОНГА ХОС АМАЛМИ?

Муқаддас динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланади. Зеро, бузғунчи экстремистларнинг ҳаракатлари Қуръони каримнинг ушбу оятларига мутлақо зиддир: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди” (Моида сураси, 32-оят).

Шундай экан, ислом динини зўравонлик ёки мутаассиблик билан боғлаш янглишишдир. Дин номидан қўпорувчиликлар қилишнинг муқаддас ислом таълимотига мутлақо алоқаси йўқ.

 Терроризмнинг асосий мақсади тинч, осойишта яшаётган давлатларда қўпорувчилик ишларини амалга ошириб, халқлар кўнглида ваҳима, қўрқув хиссиётларини уйғотиб, жамиятда беқарорликни юзага келтиришдир. Улар бу ҳаракатларини кенг омма номидан қилиб кўрсатишга интиладилар. Бу ҳеч қачон оммавий ҳаракатларга эга бўлмайди, аксинча шахслар ва гуруҳлар томонидан амалга оширилади. Яна терроризмнинг асл мақсади кўп сонли қурбонлар ёки катта моддий зарар етказиш эмас, балки улар мақсадга эришиш воситаси холос. Бинобарин, террористик хуружлар орқали миллионлаб инсонларнинг юрагига ваҳима солиш, уларда қўрқув уйғотиш ва охир-оқибат жамиятда парокандалик туғдиришдир.

Замонамизнинг етук мусулмон олимларидан доктор Юсуф Қарзовий бузғунчи оқимларнинг қилмишлари хақида шундай дейди: “Зўравон гуруҳлар амалга ошираётган қўпорувчилик далилларда ҳам, куллий мақсадларда ҳам шаръий маҳкамага мувофиқ бўлмайди. Барча бандалар Аллоҳдангина қўрқишлари лозим. Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 40-оятида: “Фақат мендангина қўрқингиз”, — дея марҳамат қилинади. Аммо шаръий бир сабабсиз қўрқитиш қатъиян ҳаромдир. Негаки, ислом тинчлик динидир. У адоват ва ҳужумни биринчи бошламайди. Зарурат бўлмаган ҳолатда ўзини хатарга қўйишдан кўра, муаммони тинч йўл билан ҳал қилишни афзал билади”.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб дейди: “Эй, мўминлар, тинчликка батамом кирингиз, шайтон йўлларига эргашмангиз. Зеро, у (шайтон) сизларга очиқ душмандир” (“Бақара” сураси, 208-оят). Шайтоннинг йўлига кириб, мусулмон бўла туриб, қўлларига қурол олиб террорчилик қилиб, инсонларни ваҳимага солиб юрганлар ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: “Биронтангиз, зинҳор ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин (ўқталмасин), чунки, у билмайдики, шайтон унинг қўлини бузиши мумкинлигини (яъни унинг қалбига васваса солиб, мусулмонга қарата ўқ оттириши мумкин). Оқибатда эса у одам дўзах чоҳига қулайди”.

Исломчалик экстремизм, ҳаддан ошиш ва исрофга барча нарсада қарши чиқадиган дин йўқ. Расулуллоҳ (с.а.в) ғулувга кетган, экстремист тоифаларга дунёда ҳам охиратда ҳам ҳалокатдек оғир оқибат ва аламли азоб борлигини айтиб ўтганлар. Хусусан, Муҳаммад (с.а.в) уч марта “Ноўрин қаттиқлик қилиб, чуқур кетувчилар ҳалок бўлишди”, — деб айтганлар.

Бузғунчи оқимлар бугунги кунда ҳали онги тўлиқ шаклланмаган ёшларнинг фикрини чалғитиб, ўз томонларига оғдириб олишга ҳаракат қилмоқдалар. Зеро, Қуръони каримда: “Одамларни алдаб фитнага солиш, ўлдиришданда ёмонроқдир. Аллоҳ зулм қилувчиларни севмайди”, деб таъкидланган.

Юқоридаги сўзлардан хулоса қилиб айтганда, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида давом этаётган нотинчликлар хусусида, уларнинг асл сабаблари ва келтириб чиқараётган аянчли оқибатларини тушунтириб бориш бугуннинг долзарб вазифаларидан хисобланади.

П.Бобожонов

Шовот тумани “Қори эшон бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *