ГЛОБАЛ МУАММОЛАР ҲУШЁРЛИККА ЧОРЛАЙДИ

Бугун биз яшаётган давр инсон тамаддунининг энг ривожланган чўққисига кўтарилган даври, илм-фан, техника-технологиялар ривожланган ва юксак имкониятлар эшиги очиқ давр ҳисобланади. Буни бир сўз билан айтганда глобаллашув асри деб аташ мумкин. Бу давр ўзининг ахборот оқимининг тезлиги, интеграциялашув ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, замонавий коммуникацияларнинг йўлга қўйилиши каби таъсирлари орқали намоён бўлмоқда. Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, бу давр кенг имкониятлар даври бўлибгина қолмасдан, балки у ҳозирги шароитда ғоявий, мафкуравий таъсир ўтказишнинг ўткир қуролига ҳам айланиб инсон ҳаётига ва у яшаётган жамиятга таъсир ўтказиши мумкин.

Давлат ва сиёсат арбоблари, файласуфлар ва жамиятшунос олимлар, шархловчи ва журналистлар, бугун кунни яъни, тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, глобаллашувни юксак технологиялар замони деса, кимдир тафаккур асри, яна биров ялпи ахборотлашув даври сифатида изоҳланмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, бу фикрларнинг барчасида маълум маънода ҳақиқат, тўла маъно бор. Чунки уларнинг ҳар бири ўзида бугунги шиддаткор ҳаётнинг қайсидир белги аломатини акс эттириши табиийдир. Глобаллашув яна шундай жараёнки, уни чуқур ўрганмаслик, ундан фойдаланиш стратегияси, тактикаси ва технологиясини ишлаб чиқмаслик мамлакат иқтисоди ва маданияти, маънавиятини тоғдан тушаётган шиддатли дарё оқимига бошқарувсиз қайиқни топшириб қўйиш билан баравар бўлади. Глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса интернет ёшлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. “Ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернетдир. Бироқ бу тармоқда ҳамма нарса аралаш-қуралаш – оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик ўрин олган. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг имкони йўқ. Кўпчилик ёшлар интернетни маълумот олишнинг асосий манбаи деб қарайди. Интернетга янгиликлардан хабардор бўлиш, дўстлар билан мулоқот қилиш, мусиқа ва кино ёзиб олиш учун кираётган ёшлар, манашу ахборот алмашинуви орқали кўринмас тахдидлар хужуми остида қолаётганларини сезмаяпдилар. Натижада эса базилари  бундай хатарларнинг қурбонига айланмоқдалар. Инсон онгига зимдан хавф солувчи тахдид бу ғаразли ниятда ёлғон хабарлар ёки бузғунчи ғояларни тарғиб этиш орқали ёшлар онгини захарлашга қаратилган харакатлардир. Бу тахдидлар домига тушган кишида келажакка ишонч сусаяди ёки буткул йўқолади.

Глобал тармоқ орқали келаётган ахборот ёки маълумотларнинг кўпчилиги инсониятни тахликали йўлларга бошлашини, бу маълумотлар ҳаммаси ҳам тўғри маълумотлар эмаслигини, ҳали онги шуури ва эътиқоди тўлиқ шаклланиб улгурмаган ёшлар тушуниб етмаяптилар. Шунинг учун ёшларда хабар ва маълумотларни таҳлил эта олиш малакасини хосил қилиш зарур. Зеро, ҳар қандай хабар хам тўғри ва холис бўлавермайди. Ҳар бир маълумотни текшириш ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса,сизлар (ҳақийқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қовмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (Ҳужурот,6). Эхтиётсизлик ва бепарволик кишини маънавий бузулиш ва ўзи билмаган ҳолда эътиқодий қулликка олиб боради. Шундай экан жамиятнинг барқарорлигига тахдид соладиган, хунрезлик, беҳаёлик, қаллоблик, бузғунчилик кайфиятидаги глобал тармоқдаги сайт ва гуруҳлардан холи бўлиш даркор.

Бугун халқаро муносабатлар тизимида ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўлган, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, халқаро ҳамжамиятга тобора кўпроқ интеграциялашиш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистон учун глобаллашув жараёнининг қатор ижобий хусусиятлари мавжудлигини инкор этиб бўлмайди, лекин мазкур жараённинг салбий хусусиятлари ҳам борлигига, айниқса, жаҳонда кучлар нисбатини қайта кўриб чиқишга бўлган уринишлар тобора кучайиб бораётган бир шароитда стихияли ривожланиб бораётган глобаллашув жараёни унинг ташаббускорлари ва ҳомийлари қўлида таққослаб бўлмайдиган кучли қурол вазифасини бажараётганлигига ҳам эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. “Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпаришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.“Глобал тахдид”нинг яна бир жиҳати шуки, у доимий равишда молиялаштириб туришни талаб қилмайди, аксинча, ахлоқсизлик, маданиятсизлик, келажакка ишончсизлик, ҳуқуқий нигилизм, ўз жонига қасд қилиш, порнография, зўравонлик, алкоголизм, гиёҳвандлик ва шу каби ёт иллатларни тарғиб қилувчи фото, аудио, видео ва бошқа кўринишдаги материаллар, турли босма нашрлар, глобал ахборот тармоғига жойлаштирилган миллионлаб сайтлар улар учун доимий даромад манбаи вазифасини ҳам бажаради.

бу эса, бутун инсоният тақдири жуда катта хавф остида қолиши мумкинлигини англатади. Бу каби омиллар бизнинг Ватанимиз, унинг бугуни ва эртаси учун ҳам улкан хавф манбаи эканлигини кўрсатади. Шунинг учун ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиши табиийдир. Шундай экан, ушбу масала баркамол авлодни шакллантириш жараёнида энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолаверади. Унга жиддий ёндашиш, масаланинг туб илдизларига етиб бориш ва уни ҳал этиш эса, бугунги кунимизнинг энг асосий талабидир.

 

Х.Матякубов

Хонка туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.