МАФКУРАВИЙ ТАҲДИДЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Диний экстремизм ва терроризмга қарши мафкуравий курашда мутаассиб кучларнинг одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, ҳаётий манфаатларини поймол этишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлари ва ушбу жиноятларини яшириш мақсадида илгари сураётган диний сиёсий ғоялари соф ислом таълимотига зид эканлигини муқаддас манбалар ососида фош этиш муҳим аҳамият касб этади. Агар диний экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилаётган жиноий фаолиятга эътибор қаратсак, бундай ишлар ислом динида мутлақо ман этилганлигининг гувоҳи бўламиз.

           Мутаассиблар томонидан жамиятда оммавий ваҳима уйғотиш мақсадида тинч аҳоли бозор, масжид, кўча, метро каби одам гавжум жойлар портлатиб юборилмоқда. Ироқ ва Сурия ҳудудларида ҳалигача давом этиб келаётган қонли тўқнашувларда Ўзбекистондан ҳам баъзи ёшларнинг борлиги яна бир бор барчамизни огоҳликка чорлайди. Зеро, ислом дини таълимотида динга даъват қилишда мажбурлаш ва куч ишлатиш қатъий қораланади. Жумладан, Қуръони каримда: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”, дейилади. (Бақара сураси, 256 оят). Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақида келган ҳадисда шундай дейилади: “Расуллуллоҳ ( с.а.в) дан сўрадилар: Эй, Расуллуллоҳ! Мусулмонларнинг афзали қайси кишидир? У Зот (с.а.в): “Қўлидан ва тилидан бошқа бошқалар озор топмаган кишидир” – деб жавоб бердилар

             Видолашув ҳажи вақтида Муҳаммад (а.с) мусулмонларнинг жони, мол-мулки ва номуси дахлсиз эканини таъкидлаб: “…Аллоҳ таоло қонингиз, молингиз ва ор номусингизни бир-бирингиз учун ана шу муқаддас шаҳрингиз, қтабаррук ойингиз ва улуғ айёмингиз каби муқаддас қилди”

Ислом таълимотида нафақат инсонлар, балки ҳайвонларга ҳам озор бериш қаттиқ қораланган. Мушукни боғлаб қўйиб, унга ўлгунича сув ва овқат бермагани учун жаҳаннам азобига дучор бўлган аёл ҳақидаги ҳадис ҳам зулмнинг оқибати қандай эканидан далолат беради. Айни вақтда, бегуноҳ қон тўкиш, у мусулмон бўлсин ёки бошқа динда бўлсин, исломда оғир гуноҳ саналиб, бундай иш учун улкан жазолар белгиланган “ Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яъни унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” ( Нисо сураси, 93-оят).

Барчамизга маълумки, ҳозирги даврда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли кимсаларнинг тарафдорларига айланиб қолаётган айрим ёшларимизнинг нафақат ўз юрти балки, дунё тинчлигига ҳам рахна солаётгани бизни ташвишга солади. Бу ёвуз ниятларнинг фаровон ҳаётимизни кўра олмаслик кайфияти, тузумимизга қарши тажовуздан иборат уринишлари барча тараққийпарвар кишиларни ғазаблантирмоқда.

Ҳозирги кунда дунёда содир бўлаётган мудҳиш жараёнлар, хусусан Сурия ва Ироқда бўлаётган қонли урушлар унинг оқибатида минглаб бегуноҳ аҳоли вафот этмоқда, энг ачинарлиси шундаки, улар орасида ёш болалар ҳам бор. Шундайвоқеаларбизнингҳамюртимиздасодирбўлмаслигиучун сиз – у биздан доим огоҳликвасергакликталабэтилади. Бундан ташқари бу борада тарғибот – ташвиқот ишлари муҳим ўрин тутмоқда. Ислом динини инқилоб қилиб, ўзларини мусулмонман, дея қўпорувчилик, террорчилик харакатларини олиб бориш жараёнида бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Интернетнинг оммалашуви террорчилар учун ўз фаолиятлари ва ғоявий ташвиқотларини аҳоли орасида кенг тарғиб этишга катта қулайликлар яратади. Кўплаб террорчилик ташкилотлари ўз фаолиятининг моддий асосини интернет орқали таъминлашга ҳаракат қилади. Бунда веб-саҳифалар, чатлар ва форумларга ушбу ташкилотларга алоқадор банк ҳисоб рақамлари жойлаштирилади ва жиҳодий фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаттиқ тарғиб этилади. Масалан,  “Ҳизб ут-таҳрир” экстремистик ташкилоти Европадан то Африкадаги мамлакатларгача “эҳсон” қилиш ниятидаги шахсларга немис тилидаги веб-саҳифа орқали молиявий кўмак беришни сўрайди. Яна бир ҳолат, 2004 йилда АҚШнинг Айдахо штати суди талаба Сами Умар Ҳусайнни интернет орқали террорчилик ташкилотларига моддий кўмак уюштиргани учун жиноий жавобгарликка тортган.Аввал айтиб ўтганимиздек, бугунги кунда террорчилик ташкилотлари янги аъзоларни ўз сафларига жалб этиш мақсадида интернетга алоҳида эътибор қаратмоқда. Овоз, тасвир ва матн уйғунлиги мутаассиблар учун айни муддаодир. Улар бундай имкониятдан ўз “сўзлари”ни кенг жамоатчиликка баралла айтиб қолишда фойдаланади.

Янги аъзони жалб қилишда қўлланиладиган услуб бу – экстремистик ташкилотларга тааллуқли веб-саҳифаларга кўп кирадиган интернет фойдаланувчини кузатиш, ўрганиш ва охир-оқибат у билан алоқага киришиш. Шунингдек, мутаассиблар чатлар ва форумларда “ўткир” мунозарали масалаларни он-лайн муҳокама этадилар ва ўзларига ўхшаш фикрлайдиганларни саралаб, улар билан алоқа ўрнатадилар. Қайд этиш керакки, бундай жараёнларнинг қурбонлари кўп ҳолларда ёшлар бўлиб қолмоқда.Бундай мисоллар жамият барқарорлигини таъминлаш, ёшларнинг онги ва тафаккурини ёт таъсирлардан ҳимоялаш учун хавфсиз ахборот тизимлари яратиш зарурати ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Шубҳасиз, биз интернетни демократиянинг энг муҳим тамойили бўлган сўз эркинлигини таъминловчи замонавий восита эканини эътироф этамиз ва унга бирор бир қаршилик кўрсатмаймиз. Айни дамда хушёр бўлмоғимиз керакки, турли баландпарвоз чақириқ ва шиорлар, ўзини яқин ва холис деб кўрсатувчи яширин “дўст”лар ортида пухта ўйланган жирканч манфаатлар ётгани, бундай чорловларга эргашиш оқибатида ўзимизни, оиламизни, ёйинки, бутун мамлакатни оғир аҳволга солиб қўйиш ҳеч гап эмас.

XXI асрда асосий кураш инсон қалби ва онгини эгаллашга қаратилганини инобатга олсак, ушбу курашда энг илғор воситалар — интернетдан фойдаланилишининг сабабини янада теранроқ англаб етамиз.

 Шу нарсани теран англамоғимиз лозимки, бугунги кунда инсоният олдида кўндаланг турган асосий муаммолардан бири бу ақидапараст оқимлар таъсиридан ўзимиз ва ҳар бир ватандошимизни асрашдир. Жамиятимиз учун анъанавий бўлган соф исломий қадрият ва ақидаларни рад қилувчи ва унга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилувчи эътиқод овчиларининг хуружларидан огоҳ бўлайлик.

А.Хайтбоев

Янгибозор тумани “ Саид Кўчак бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *