Мусулмон одам ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лахзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Шу эътибордан ҳам, интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб, кунлаб вақт сарфлаш қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло айтади: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда –ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо сураси 114-оят).
Сир эмас, интернет пайдо бўлиши билан ёшларнинг аксарияти муккасидан кетиб, йўлда, транспорт воситаларида ва ҳатто дарсда ҳам ўсмирлар ўз телефонлари билан, интернет билан машғул бўлиб қоляпди. Интернет имкониятларини баъзилар суиистеъмол қилиб, фақат ўз ҳоҳиши билан ёлғон хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар тарқатишади. Уларнинг мақсади бирор натижага эришиш, мақтаниш ҳам, одамлар орасида машҳурлик ҳам, шунчаки эрмак ҳам бўлиши мумкин. Аммо бундай ишлар буткул ножоиздир.
Кишига интернетдан тўғри фойдаланишда, унинг ёмонликларидан сақланишда энг катта ёрдамчи – Аллоҳ таолонинг бандасини доим кўриб турганини, У Зот ҳамма нарсадан воқиф эканини ҳамиша ҳис қилиб яшашдир.
Шунингдек, ёшлар интернетдан фойдаланишда доимо қилмоқчи бўлган ишларини аниқлаштириб олиши лозим. Интернетдаги мулоқотларда кўнгилсиз холатлар юз бермаслиги учун бу борадаги одобларга қатъий риоя қилиш лозим. Интернетдаги беҳуда суҳбатлардан сақланиш, ҳеч ким билмайди қабилида иш тутмаслик керак.
Оқил одам шу хитобни асло хаёлидан қочирмаслиги, Аллоҳнинг ҳузурида ғайб – яширин нарсанинг ўзи бўлмаслигини доим ёдда тутиши лозим. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, ким яширинча қилган ишини кўздан махфий қолиб кетаверади деб ўйласа, адашади. Ҳоҳ яхши, ҳоҳ ёмон иш бўлсин, Аллоҳ уни барибир ошкор қилиб қўяди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, айрим ғарб давлатларидан кириб келаётган, бизнинг миллий қадриятларимизга буткул ёт бўлган бузғунчи хабарлар, ахборотлар ва қарашлар ҳамда инсонлар онгини заҳарловчи маълумотларнинг интернет тармоғи орқали ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши хавфи тоборо ортгани, жамиятимиз, қадриятларимиз, анъаналаримизга зид бўлган бу каби ножўя ахборотлар ёшлар онгини захарлаши ва уларни нотўғри йўлларга бошлаши барчамизга маълум.
Хозирги глобаллашув даврида хилма-хил шаклда намоён бўлаётган жаҳолат ва унинг оқибатларини олдиндан англаш ёшлардан доимо зийраклик ва ҳушёр бўлишни талаб этади. Шунингдек мавжуд таҳдидларнинг ғоявий асосларини чуқур тушуниш учун ёшлар ҳар бир масалага теран фикр, синчков кўз билан қарашлари зарурдир.
Хусусан, ғаразли кучларнинг интернет саҳифаларида бузғунчи ғояларига эргаштиришга, улар билан бир сафда туриб “курашишга” даъват қилаётганларини ёшлар фаҳмлашлари лозим, заҳарли мафкуралардан қатъият билан ўзларини ҳимоя қила оладиган даражада билимга, соғлом қараш ва мустаҳкам эътиқодга эга бўлишлари керак.
Шундай экан, интернет воситаларидан нотўғри ва беҳуда фойдаланиш оқибатида содир бўладиган иллатлардан сақланишимиз, асоси йўқ бузғунчи хабарларга ўзимиз билмаган ҳолда алданмаслигимиз, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз даркордир.
Бугунги кунда мобил алоқа воситаларига қарам бўлиб қолишдан ва ундаги зарарли иллатлардан сақланиш ҳар бир кишининг айни дамдаги энг муҳим масъулиятидир.
Ёш фарзандларимизнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишларига рухсат беришда албатта шошилмаслигимиз лозим. Дарҳақиқат, жуда зарур эҳтиёж бўлсагина, ушбу одобларга қатъий риоя этишига кўз етсагина, ижозат бериш мумкин.
Юсуф Хос Ҳожиб айтганларидек: “Ишга шошиб киришма, сабр қил, эҳтиёт бўл, шошилиб қилинган ишнинг охири вой бўлади. Шошилиб қилинган ишлар нечоғлиқ ярамас бўлади. Шошқалоқлик- барча адашган кишилар ишидир”.
Х.Кенжаев
ЎМИ Хоразм вилоят вакили ўринбосари