ФИТНАДАН КИМ ФОЙДА КЎРАДИ

 Инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган асосий нарса — унинг ақли ва фикрлашидир. Шундай экан, у қайсидир фикрларга кўра яшаш ва ҳаётини онгли равишда қабул қилинган қарорлар устига қуришга интилади. Азалдан, дунёдаги турли хил кучлар айни шу жиҳатдан фойдаланган ҳолда инсонларни бошқаришга, уларни ўзлари истаган ишларни бажартиришга уриниб келган. Айниқса, бу ҳолат бугунги глобаллашув даврида яққол намоён бўла бошлади ва инсонларнинг онгини бошқаришга интилиш юқори «чўққи»ларга кўтарилди. Натижада, инсон ўзи англамаган ва тушунмаган ҳолда айни шу кучларнинг иш қуролига айланиши, уларга билиб-билмай хизмат қилиши мумкин бўлиб қолди. Бу эса ўз навбатида замонамизда турли хил фитналарнинг авж олишига олиб келди. Бу ҳақда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фитналардан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуруб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки ундан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” – дедилар. Доимо илм ўрганиш китоб ўқиш инсоннинг онги ва дунёқарашини юксалтиради. Кенг фикрли, бағрикенг бўлишга, турли хил воқеа ва ҳодисаларни англашга ёрдам беради. Китоб ўқиш аввало, муаллифнинг бир неча йиллик тажрибаси маҳсулини  арзимаган муддатда ўрганиш ва ёш бўлсада ёши катталар эришмаган тажрибаларни тўплаш имкониятини қўлга киритишга сабаб бўлади.

Замонамиздаги ҳар қандай куч ўз режаларини амалга ошириш учун ОАВ дан фойдаланади. Шунинг учун ҳам унда эълон қилинаётган хабарларни тасдиқлаш, ҳар қандай хабарнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаслик лозим. Чунки, биз ҳақиқий ҳолатнинг бир қисминигина кўраётган бўлишимиз ва нотўғри хулосага келаётган бўлишимиз мумкин. Бу хулоса эса бизни ўз-ўзидан фитналарга аралашиб қолишга олиб боради.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб, Анфол сурасининг 25-оятида шундай дейди: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.

Ушбу таҳдид бизнинг тинч, фаровон юртимизга ҳам маълум маънода таъсир қилмоқда. Ўз ёвуз мақсадларига эришиш йўлида интернетнинг ижтимоий тармоқларидан фойдаланаётган террорчи  гуруҳлар тарқатаётган  ёлғон-яшиқ маълумотлар, сохта даъватлар имони суст, фикрлаш доираси тор ёшлар онгига таъсир ўтказиши табиий ҳол. Бу эса бизларни ҳар доим огоҳлик ва сергакликка чорлайди. Уларнинг жирканч қиёфасини оммавий ахборот воситаларида берилаётган лавҳалар орқали кўриб турибмиз.  Улар муқаддас ислом динининг бутун дунёда обрўсини тўкмоқда. Аслида бу ёвуз кучларнинг мусулмончиликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ваҳшийлик, одам ўлдириш, одамларни қўрқитиш, гаровга олиш ислом динига тамоман ёт нарсалар. Бундай кучларнинг ёшларимизни алдаб, ўз қармоғига илинтиришига ҳеч қандай имконият бермаслигимиз керак.

      Яқинда ойнаи жаҳон орқали намойиш қилинган кўрсатувда  фарзанди бировлар алдовига учиб, хориждаги террористик тўдалар чангалига тушган ва қай бир иттопмас манзилда қурбон бўлгани ҳақида сўз бориб, шу йигитнинг онаизори кўрсатилди.  Бечора онаизор фақат кўз ёш тўкади холос. Гапира олмайди, ўз билгани ичида – дарди адойи тамом қилган. Агарда вақтида буни билганида ўз фарзандини бу йўлдан қайтармасмиди, йўлларига ётиб олмасмиди?  Аммо, афсус кеч бўлган. Онаизорига хорижда ишлаб, кўп пул топиб келаман, деб кетган нокас фарзанди энди унинг бор дунёсини маломатга, азобга булғаб кетди. Унинг кучи энди юраклари эзилиб фақат йиғлашга етяпти. Аслида бу, бефарқлик ва бепарволикнинг тузатиб бўлмас оқибатидир.

 Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, ҳар биримиздан огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, бугунни ва эртанги кунимизни, тинч хаётимизни ўзимиз асрашимизни талаб этади. Осуда ҳаёт учун, мусаффо осмон учун, албатта, баҳоли қудрат курашишимиз даркор. Турли хил фитналар ва ёт ғояларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун биз санаб ўтганларимиздан бошқа ечимлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни тажриба ва билим орқали ҳосил қилиш мумкин.

                       Б.Ходжаев

Хива шаҳар бош имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *