АҲЛИ СУННА ВА ЖАМОА АҚИДАСИ

                Ахли сунна ва жамоа аҳли сунна ва жамоа-суннатга амал қилувчи ва кўпчиликни ташкил этувчи кишилар. Ҳозиргача мусулмонларнинг асосий ва жумҳур оммаси эътиқод ва амал қилиб келаётган ақидавий ва муфкуравий мазҳабнинг номи. Исломнинг дастлабки даврларида бошқа мазҳаб ва оқимлар каби Аҳли сунна ва жамоа номи ҳам бўлмаган. Биринчи ҳижрий асрнинг биринчи ярими охирларида турли сиёсий сабабларга кўра мусулмонлар сафида ажралиш пайдо бўлди. Аввал хаворижлар тоифаси, кейинроқ шийъа ва бошқалар мусулмонлар оммасидан ажраб чиқдилар. Уларга ўзига хос номлар берила бошлади. Ҳар томон ўзининг ҳақлигини исбот қилиш учун ўз фикрини, йўналишини ҳимоя қилиб гапира бошлади. Оқибатда ҳар гуруҳнинг ўзига хос ақидаси шакиллана бошлади. Бошқа фирқалар ажралиб чиққанлардан кейин қолган мусулмонларнинг асосий оммаси Аҳли сунна ва жамоа деб атала бошлади.

          “Аҳли сунна вал жамоа” арабча ибора бўлиб, “Суннатга амал қилувчи ва жамоатга эргашувчи кишилар”, деган маънони англатади. Аҳли сунна вал жамоа – ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али разияллоҳу анҳумнинг суннатларини маҳкам ушлаганлар. Улар – дин пешволари бўлмиш саҳобалар, тобеъинлар ва тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари йўлларига эргашган жамоадир. Аҳли суннат вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар. Манбаларга қараганда Аҳли суннат вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106-оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсаларда, бу атама исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Сунна ва жамоа аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар, дейилади. Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннатнинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар:

              “(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

             “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушинилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).

              Аҳли сунна ва жамоанинг ақидавий масалалари икки ўша икки олим шахсга нисбат берилиб, ашъария ва мотуридия деб номланадиган бўлди. Ислом оламининг машриқида жумладан Мовароуннаҳр, Аназўл, Хуросон ва шу ҳудудларга яқин жойларда Мотуридия йўналиши тарқалди. Бошқа Ислом юртларида эса Ашъария йўналиши тарқалди. Аҳли сунна ва жамоа фақатгина ақида бобида эмас, балки бошқа соҳаларда ҳам ўзига хос мазҳабларни бирлаштиргандир. Аҳли сунна ва жамоанинг фиқҳий мазҳаблари ғолибият мусулмонлар амал қиладиган ҳанафий, ҳанбалий, моликий ва шофеъий мазҳабларидир. Бу мазҳабларнинг бошлиқлари ақида бобида ҳам Аҳли сунна ва жамоа эканликларини таъкидлаш билан бирга ўзлари ҳам шу йўналишда иш олиб борганлар. Аҳли сунна ва жамоанинг ўзига хос тафсир мактаби ҳам бор. Уларнинг машҳур тафсирлари жумласига Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Таъвилоту аҳли сунна», Абул Баракот Насафийнинг «Мадоикут Танзийл», Исмоил Ҳаққийнинг «Руҳул Баян» тафсирлари ва бошқалар киради. Аҳли сунна ва жамоанинг ўзига хос ҳадис шарҳи мактаби ҳам бор. Бу мактабнинг йирик намоёндалари ичида Асқалоний, қасталоний, Бадриддин Айний, Али Қори кабилар бор. Шунга ўхшаш Исломий илмларнинг барча соҳаларида Аҳли сунна ва жамоанинг ўз мактаблари бор.Вақт ўтиши билан Аҳли сунна ва жамоа муқобил бўлган тоифалардан шийъалардан бошқа мазҳаб ва тоифалар деярли қолмади.

              Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ўз умматларини тез фурсатда 73 хил ақидавий оқимларга бўлиниб кетиши ва уларнинг ҳаммаси охири жаҳаннамий бўлиб атиги бир донасигина нажот топувчи жамоа эканини айтиб ўтганлар. Расулуллоҳ айтганидиек, бугунги кунда Ислом уммати ҳақиқатан кўплаб фирқаларга ажралиб кетди. Уларнинг ҳаммаси ўзларини ҳадисда башорат этилган нажот топувчи жамоа эканини даъво қилади.

              Бу ҳақда шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан Имом Тожуддин Субкий шундай дейди:Билиб қўйинг! Аҳли сунна вал-жамоа вакилларининг барчаси ҳукми вожиб, жоиз ва маҳол бўлган муҳим ақидавий масалаларда бир хил эътиқод қилади! Гарчи уларнинг ифода услублари яъни, этиқодларини баён қилиб бериш услублари хилма-хил бўлсада ҳаммасининг мақсади бир хилдир!

             Аҳли сунна вал-жамоа лафзий ихтилофларидан келиб чиқиб уч тоифага бўлинади:

            1-) Аҳли ҳадислар. Буларнинг эътиқодда бирламчи сунячиқлари самъий далиллар яъни, китоб, суннат ва ижмоъдир.

            2-) Аҳли назарлар. Улар ашъарий ва ҳанафийлар (мотуридийлар)дир. Ашъарийларнинг шайхи Имом Абулҳасан ал-Ашъарий, мотуридийларнинг шайхи эса имом Абу Мансур ал-Мотуридийдир. Самъий далилларда ечими топилмаган барча ақидавий масалаларда бу икки имомнинг фикри бир хил бўлган. Шунингдек, самъий далиллар асосида исбот этилган ва мантиқан мақбул эътиқодий масалаларда ҳам иттифоқ қилганлар. Бу икки имом таълимотида айрим лафзий ихтилофларни эътиборга олинмаса буларнинг ақидавий асослари умуий жиҳатдан бир хил бўлган.

             3-) Аҳли виждон, аҳли кашфлар. Улар тасаввуфий жамоалар бўлиб, уларнинг бошланғич эътиқодий негизлари аҳли назар ва аҳли ҳадисларнинг асослари бўлса, кейинги ҳолларида илҳом ва кашфларга ҳам суяниб эътиқод қиладилар. (Имом Тожуддин субкий раҳматуллоҳи алайҳ. Шарҳи ақидати Ибн Ҳажиб).

             Сўфийларнинг илҳом ва кашф асосида чиқарган фатволари шариатга зид бўлса, масалан шаръий таклифларни соқит бўлиши, ё ваҳдатул-вужуд каби ботил ақидалар каби, улар аҳли суннадан, балки аҳли исломдан ҳам ҳисобланмайдилар. (Имом Муртазо Забидий).

Яна Имом Муртазо Забидий айтади: Аҳли сунна вал-жамоа деганда тўрт тоифа тушунилади, улар аҳли ҳадислар, сўфийлар, ашъарийлар ва Мотуридийлардир! (“Иттиҳафус-садатил-муттақин”2 – Ж. 86 – Б).

             Аҳли Ҳадис деганда фиқҳий Ҳанбалий мазҳаби вакиллари, ашъарийлар деганда асосан шофеъийлар ва қисман моликийлар. Мотуридий деганда асосан Ҳанафийлар ва қисман моликий ва ҳанбалийлар тушунилади. Аҳли виждон деганда ҳақ йўлдаги мўътадил тариқатчилар тушунилади.

             Охирги вақтдарда сўфийликнинг, аҳли сунна вал-жамоанинг пок номига доғ тушириб юрган, соҳта тариқатчилар кўпайиб кетди. Тасаввуф — нафсни ислоҳ қилишга, ўзгани қўйиб ўз билан машғул бўлишга буюрса, бу кунлардаги соҳта сўфийлар ўзни унутиб ўзгани ортидан бадном қилиш, ғийбат ва бўҳтон тарқатишга шўнғиб кетганлар. Бу адашган тоифани таниб олиш қийин эмас. Уларнинг ташқи қиёфалари суннатга мос бўлиши мумкин. Аммо суҳбатларига қулоқ солганингизда асл башаралари намоён бўлади. Ғийбат, бўҳтон, гумонга таяниб фасод тарқатиш уларнинг зоҳир аломатларидир! Аллоҳ уларга ҳидоят берсин!

 

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *