АТРОФ МУХИТ ПОКЛИГИНИ АСРАЙЛИК

 Исломда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги барча нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, кўча-кўй, майдонлар, ишхоналар, таълим муассасалари, масжидлар, дам олиш жойлари, ҳамма-ҳаммаси пок бўлиши талаб қилинган.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дедилар”. 

Поклик иймоннинг ярми,  дейилиши  бежизга эмас. Бу ҳадис иймонсиз ибодат асло қабул қилинмаслиги ва барча  савоби беҳуда кетиши  эътиборидан   келиб чиқиб айтилган ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилган.

Исломда иймоннинг аҳамияти ва қадр-қиммати  қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини  озодалик, поклик  ва тозаликка  қанчалар  эътибор  берганини  билиб олса бўлаверади.

Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилинади:

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди.  Бас, ховлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!” дедилар”. Термизий ривоят қилган 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  “Албатта,  Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди”, деганлари “Эй умматим, сизлар ҳам хушҳол бўлинглар” деганларидир. Шуниндек, Аллоҳ таоло “озодадир – озодаликни суяди”. Бинобарин, мусулмон  киши  доимо  озода  бўлмоғи  даркор.

“Бас, ховлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!”

Ҳовли жойларимиз, кўча кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз, ҳамма жойларимизни озода тутишимиз лозим. Бошқалар  озода жойни кўрса, бу жой  мусулмонларнинг  жойи  экан,  дейдиган  бўлсин. Токи кўрган одам хавас қилсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали  “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш ва энг кичиги – йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш”.  Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Мусулмонларнинг  озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашини иймон шуъбаси  даражасига кўтарган Ислом дини уларни атроф муҳитдаги барча нарсаларни пок тутишга, бунинг учун зарур бўлган барча чораларни кўришга ҳам чақирган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда кетаётиб, тиканли шохни кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унга шукр айтибди ва уни мағфират қилибди”,  дедилар”.

 Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Битта тиканли шохни йўлдан олиб ташлашнинг  мукофоти қанчалар улуғ эканини кўрдингизми?  Агар йўлнинг озодалиги учун, йўловчиларга озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш учун шох олиб ташлашдан хам  каттароқ ишлар қилинса, мукофотлар   хам   катталашиб  бораверади.

Йўлда кетаётган мусулмон одам атроф мухитни поклигини асраб – авайлаш, ўз зиммасида йўл ҳаққини адо этиш бурчи борлигини зинҳор унутмаслиги керак.   Зотан, бизнинг  динимиз таълимотида  поклик иймондан экани қатъий таъкидланган.

Йўлга уни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, тамаки қолдиқлари, турли қоғозлар ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик, бир сўз билан айтганда атроф мухитимизни озода тутмоғимиз лозим.

Атроф мухитимизни, кўпчилик фойда оладиган жойларни эҳтиром қилиш, бундай жамоатчилик жойларини озода сақлаш ҳақида сўз борар экан, кўпчилик фойдаланадиган, одамлар ўтириб,  дам оладиган, салқинлаб, нафасини ростлайдиган жойлар ҳар доимо озода сақланиши лозим.

Ислом таълимоти бўйича  йўлда кишиларга зарар  ва озор берувчи нарсаларни ташлашдан четланиб қолиш билан кифояланилмайди. Балки ўша зарар ва озор берувчи нарсалар  йўлда пайдо бўлганида, уларни олиб ташлаш талаб қилинади.  Динимизда бундай ишларга кенг тарғиб қилинади ва  кишиларга озор берувчи нарсаларни йўлдан олиб ташлаш иймон шўъбаларидан бири, деб баҳоланади.

Мусулмон одам бу қоидаларга ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилмоғи зарур. Агар барчамиз ушбу одоб ва қоидаларга  оғишмай  амал қилсак, жуда катта  ва савобли ишни  амалга оширган бўламиз. Барчамиз атроф мухитимизни  моддий ва маънавий ободлиги, покизалиги, гўзаллиги учун ҳаракат қилайлик! 

Х.Кенжаев

ЎМИ Хоразм вилоят вакили ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *