ДИНИЙ ОҚИМЛАРНИНГ КИРКИДОРЛАРИ

 

Жамиятда қабул қилинган қадриятлар ва меъёрларга зид қарашларни илгари суриш, кескин чораларга мойиллик экстремизмнинг асосий хусусиятлари ҳисобланади. Экстремизм барча динларда мавжуд бўлиб, диний тушунчалар ва қонун-қоидаларда ҳаддан ошиш, кўр-кўрона ёндашиш диний экстремизм пайдо бўлишига олиб келади. Афсуски, ғарб давлатларида пайдо бўлган “фундаментализм”, ”радикализм”, ”экстремизм”, “терроризм” каби тушунчалар ислом динига боғланар ва муқаддас динимизни бу нарсаларнинг сабабчиси, деб талқин қилинарди. Аслида бу ҳаракатларнинг исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Энг катта сабаб ислом динининг мўтадил таълимотларидан четга чиқиш, ҳаддан ошиш ва илмсизликдир. 

    Динимиздаги бош масалалардан бири ибодат-у муомалаларда ўртача-мўътадил йўл тутиш ҳисобланади. Бунга мисол Нисо сурасининг 171-оятидир: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб)динларингда ҳаддан ошманглар. Аллоҳ тўғрисида фақат ҳақ гапни айтинглар”. Яъни, насронийлар Исо (а.с)ни худо даражасига кўтариб, ҳаддан ошган бўлсалар, мусулмонлар эса у Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари, дея ўрта йўлни тутдилар. Шу жиҳатдан Ислом дини руҳият ва моддиятни баробар тутишга чақиради. Қасос сурасининг 77-оятида: “Аллоҳ сенга берган нарсалар билан охиратни истагин. Дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек сен ҳам яхшилик қил”, -дейилади. Яъни яхши киши ўрта йўл тутиб, дунё ва охират ишларини бирга олиб боради.

    Авваламбор, инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган яшаш-ҳаёт ҳуқуқига тажовуз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, Моида сурасининг 32-оятида: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби)фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир”, -дейилади. Яна ўзларини портлатиш билан бир қанча бегуноҳ бечораларнинг ҳаётига зомин бўлаётган, ўзларини “шаҳид” деб атаётган кишилар тўғрисида Бақара сурасининг  195-оятида: “…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”-деб, бу ишлар энг катта гуноҳлардан эканлиги баён қилинади. 

Диний оқимларнинг шаклланишида баъзан диний саводсизлик замин яратган бўлса, баъзи ҳолларда иқтисодий мақсадлар ётган. Баъзан ижтимоий сабаб оқимлар шаклланган бўлса, баъзида бошқа дин вакилларининг таъсири остида диний оқимлар шаклланган.

Диний экстремизм билан танилган оқимлар асосан “Ҳизбут-таҳрир”, “Салафийлик”, “Жиҳодчилар”, “Ислом лашкарлари”, “Мусулмон биродарлар”, “Жамоатут такфир вал ҳижра” ва шунингдек, бугунги кунда барчани ташвишга солаётган мисли кўрилмаган террор ҳаракатларини амалга ошираётган “ИШИД” ва шу кабилардир. Бу фирқаларнинг ўхшаш томонлари бир нечта бўлиб ўзаги битта: 1. ҳокимиятга интилиш; 2. ўзларидан бошқаларни кофирликда айблаш; 3. бир неча асрлардан бери амал қилиниб келинаётган ислом қонун қоидалари ва Ҳанафий  ва шу каби мазҳабларни тан олмаслик; 4. илмсизлик; 5. моддий бойликлари кўп бўлган давлатларда нотинчликлар келтириб чиқариш ва унинг бойликларига кўз олайтириш.

Бугунги кунда одамларни алдов йўли билан, озод ва обод ўлкаларни, оиласи, бола-чақаси ва ота-онасини қўйиб, қайсидир тоғ-у тошлардаги лагерларига, жангу жадаллар гирдобидаги жойларга ҳижрат қилишга чақираётган ватангадолар, ана шу тинчликда ва тотувликда яшаб келаётган мусулмонларнинг озод ва обод ўлкаларини уруш майдонларига айлантиришни кўзлаб, жиҳод қилишга чорлаётган ватанфурушларнинг гап-сўзларига алданиб қолмай, обод юртингизда тинч ва тотув яшайверинг. 

Шунда дунё ва охиратда барака топасиз.Бинобарин, ҳар бир инсон Ватан олдидаги фуқаролик бурчини яхши англамоғи, элим деб, юртим деб ёниб яшамоғи, шу давлат, жамият менга нима берди, деб эмас, балки мен ўзим ватанимга нима бера олдим, деган шиор билан ҳаракат қилмоғи зарур.

А.Рахимов

Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *