ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ ФУҚОРОЛАР ҲОТИРЖАМЛИГИГА РАҲНА СОЛУВЧИ ИЛЛАТДИР!

Диний экстремизм диний ранг-барангликни рад этади. Шу аснода ақидапарастлар нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказадилар, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш шакллардаги зўравонлик ва агрессивлик мафкурасини ёядилар. Ушбу иллат бугун энг ривожланган мамлакатлар қаторида диёримизга ҳам хавф солмоқда. Унинг таъсир доираси айниқса, ёшларимизни турли диний оқимларга жалб этилишида яққол намоён бўлаётгани ҳеч биримизга сир эмас.

Бу каби хатарларга қарши республикамизда қатор тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ташвиқотлар нафақат, ОАВлари орқали балки, турли ташкилотлар, айниқса, ўқув юртларида семинар-тренинг, «давра суҳбатлари» кўринишида ҳам намоён бўлмоқда.

Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини билан бирга бошқа самовий динлар ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. Дин туфайли инсоният минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келган. Шу нуқтаи назардан қараганда, одамларнинг эътиқоди ва диний ҳиссиётларидан фойдаланиб, экстремистлар ва террорчилар томонидан содир этилаётган жиноятлар уларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда, дейиш мумкин.

Экстремистик ҳаракатларнинг энг қуйи табақаси кўпинча сиёсий тусга эга бўлмаган, майда зўрлик ва инсонлар содир этадиган унсурлар билан боғлиқ бўлади. Бундай зўрликнинг сиёсийлаштирилиши терроризм томон қўйилган биринчи қадам бўлади. Қадим ўтмишга назар ташланса бундай сиёсий жараёнлар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган офат эмас. Унинг тарихи инсоният тарихи билан биргадир.  Ҳаёт йўллари бир текис эмас. Агар ортга назар ташланса, бундай мудҳиш воқеаларни кўплаб мисол қилиб келтириш мумкин. Бугунги кунда ҳам Яқин шарқ мамлакатлари ва бошқа бир қатор мамлакатларда содир этилаётган қонли урушлар ва қирғинбаротларни кўриб хулоса чиқарган ҳолда мамлакатимизни ташқи ғаразли кучлардан асраш ва тинч, осойишта ҳаётимизни қадрига етиб яшашимиз лозимлигини айтиб ўтиш мумкин.

Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, ҳар бир даврда мудҳиш жараёнларга жамики инсоният қарши курашни амалга ошириб келган-ки, бугунги кунда ҳам бундайин диний экстремистик ва терористик ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган қабиҳ ҳодисаларга бутун дунё ҳамжимияти биргаликда кураш олиб бормоқда. Мазкур соҳадаги амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида, илғор хорижий тажриба асосида 2018 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда экстремизм тушунчасининг мазмун-моҳияти, унга қарши курашишнинг чоралари ва тамойиллари, ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари чуқур таҳлил асосида мустаҳкамланган. Қолаверса, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади» – деган эди. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз илгари сурган ташабуснинг амалий ифодаси бўлди. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, глобал муаммо сифатида эътироф этиб келинаётган «Диний экстремизм ва терроризмга қарши» курашда фуқароларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш ва маънавиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шундай экан мана шундай оғир бир таҳликали даврда фарзандларимизни ёвуз кучларнинг қўлига бериб қўймаслигимиз, уларни ўзимиз тарбиямизга олишимиз, ҳамда биз Диний идоранинг жойлардаги ходимлари, оила, маҳалла, таълим муассасалари билан узвий ҳамкорлигимизни янада кучайтиришимиз, ота-оналарни  ўз фарзандларининг тарбиясига алоҳида эътибор берган ҳолда, уларни доимо назорат қилиб бориши жуда муҳим эканлигини қатъий тушунтириб боришимиз зарур. Зеро, фарзандларининг келажакда етук, комил инсон бўлиб етишиши уларнинг ҳаётда олган тарбияларига боғлиқ. 

Р. Рахимов

Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *