ИЗН СЎРАШ МАДАНИЯТДАНДИР

Муқаддас динимиз инсонларни ҳамиша юксак одоб-ахлоқли бўлишга чақиради. Айниқса, баъзи одатий ишлар борки, ҳар кун тез-тез юз берганлиги сабабли кундалик одатий ҳолга айланиб қолган.

Биз қуйида изн сўраш одоби тўғрисида динимиздаги қоидалар ҳақида тўхталамиз.

Маълумки, Аллоҳ таоло пайғамбаримизни барча мусулмонларга ҳар бир нарсада  намуна қилиб юборган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай эълон қилган: “(Эй, иймон келтирганлар) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.

Мусулмон киши бажараётган ҳар бир ишида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларига, сўзларига амал қилиши лозим. 

        Ҳадиси шарифларда мазкур мавзуда қуйидаги таълимотлар берилади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади:

        «Набий  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  изн  сўраш  учун  бирор  эшик  олдига  келсалар,  унинг  рўпарасида  турмас  эдилар.  Ўнг  ва  чап  томонидан  келар  эдилар.  Изн  берилса,  берилди.  Бўлмаса,  қайтиб  кетар  эдилар».

          Имом Абу Довуд Ҳузайл ибн Шурайҳбийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар».

Имом Абу Довуд Амр ибн Маъд ас-Сақафийдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган:

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб: «Кираверайми, кираверайми?!» деди.

Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» дер эдилар. 

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Қайс ибн Саъд ибн Убайда қуйидагиларни зикр қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизга зиёрат қилиб келдилар ва: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Шунда Саъд секингина жавоб қайтарди. Қайс унга: «Нима, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга изн бермайсизми?!» деди.

Саъд: «Жим тур! Бизга кўпроқ салом берсинлар!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Саъд яна секингина жавоб қайтарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб кета бошладилар. Шунда Саъд ортларидан бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен саломингизни эшитиб, секингина жавоб берган эдим. Сизнинг саломингиз бизга кўп бўлишини орзу қилувдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан бирга қайтиб келдилар».

Мазкур ҳадиси шарифлардан маълум бўладики бировнинг уйига келиб, киришга изн сўрамоқчи бўлган киши эшикнинг рўпарасига туриб олмасдан эшикнинг ўнг, ё чап томонига қараб туриши, қўполлик қилмасдан изн берилса кириши, бўлмаса кирмаслиги, изн сўрайдиган одам исмини аниқ айтиб, очиқ изн сўраши ва салом бериб кириши, изн сўровчи эса уч марта сўраши, ундан оширмаслиги лозим экан. 

Шу билан бирга, қайтувчи кўнглига олмаслиги, хафа бўлмаслиги, уй эгалари мени ҳурматсиз қилди, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки ҳар бир одам хоҳлаган кишисини уйига киритиш ёки киритмаслик ҳақига эга.

Т.Вайисов

Урганч туман “Қамбар бобо” масжиди имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *