ҚАБРДАН ОЛИНАДИГАН НАСИҲАТ 

      Динимизда дастлаб қабрларни зиёрат қилишдан қайтарилган эди. Негаки жоҳилият даврида араблар Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлишар, қабристон зиёратларида оҳ воҳ қилиб, ёқа йиртиб, ўзларини уриб, бақир чақир қилиб йиғлашарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларини фитнадан сақлаш мақсадида қабр зиёратидан қайтарган эди. 

      Кейинчалик, мусулмонлар қалбига иймон мустаҳкам ўрнашганидан кейин қабр зиёратига рухсат берилди. Расулуллоҳ Соллаллоҳу Алайҳи ва саллам: “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар, қабристон охиратни эслатади”,  дея марҳамат қилганлар. 

       Қабрларни зиёрат қилишодамларни ёмонликдан узоқ бўлишга, диёнатли бўлишга, ўзини ислоҳ қилишга, қилаётган амаллари тўғрисида биу кун келиб Аллоҳ олдида жавоб беришини эслатиб туради. Ривоят қилинишичаУмар розияллоҳу анҳунинг узугига ҳам, “Ўлим ваъз насиҳат олишга кифоя қилади, эй Умар”деб ёзилган экан. 

       Бир киши Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Инсонлар ичида зоҳидроғи ким, деб сўради. 

У зот : Қабрни ва унда чириб йўқ бўлишни эсдан чиқармаган, дунёнинг ортиқча зеб зийнатларини тарк этган, фоний дунёдан боқий (охират)ни афзал кўрган,эртасини куним деб ҳисобламаган ва ўзини қабр аҳлидан билган кишидир” деб жавоб қилдилар. 

       Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Мен қабрдан даҳшатлироқ манзарани кўрмадим: деб марҳамат қилганлар. 

      Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бирор қабр ёнидан ўтсалар йиғлайверганидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди. Ундан, қиёмат зикр қилинганда ҳам, дўзах зикр қилинганда бунча йиғламайсиз, қабр ёнида нега бунча кўп йиғлайсиз деб сўраганларида, қиёматда, дўзахда ёлғиз бўлмайсан, лекин қабрда ёлғиз бўласан. Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қабр охиратнингилк манзилидир. Агар маййит қабрда нажот топса қолгани янада осон кечади. Аммо нажот топа олмаса, қолгани бунданда оғир кечади” деганларини эшитганман беб жавоб берганиэкан.

      Ҳазрати Алидан: Нима сабаб қабристонга қўшни бўлиб олдингиз” деб сўрашганида, у киши: “Қабрла ётган қўшниларим энг яхши, ростгўй қўшни экан. Улар доим сукут сақлайдилар ва охиратни эслатиб турадилар” деб жавоб берганлар.   

Ҳар бир ишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби бўлгани каби қабр зиёратида ҳам ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби мавжуд:

  1. Аввало зиёрат учун руҳан ва жисмонан покланиш лозим (имкони борича қабристонга таҳорат билан кириш яхши). Барча ишлардаги каби қабр зиёратида ҳам биринчи навбатда инсон ниятни тўғри қилиши керак. Зиёратдан фақат Аллоҳни розилиги, ибрат олиш ва қабрдаги кишининг ҳақига дуо қилишни мақсад қилмоқ лозим.
  2. Қабр зиёратига келганда қабр аҳлига салом берилади.
    Қабристонга кирилганда аввал: “Ассалому алайкум йа аҳлал қубур”, яъни: “Сизга салом бўлсин эй қабристон аҳли”, деб салом берилади.
  3. Зиёратга келган кишилар динимизга хос кийимларда бўлиши лозим. Эркакми аёлми авратларини беркитиб зиёрат қилишлари лозим. Маълумки, бугунги кунда ёшларимизнинг аксарияти динимизга, миллийлигимизга мос келмайдиган кийимларда зиёратларга боришмоқда.
  4. Қабристон ҳудудида баланд овозда гаплашиш, шовқин солиш, ҳазил мутойиба ва номақбул ишлар қилиш мумкин эмас.
  5. Зиёрат жараёнида қабрда ётган марҳумлардан мадад сўраш, ёки уларга атаб жонлиқ сўйиш асло мумкин эмас.
    Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳеч бир зиёратчи қабрда ётган киши авлиё бўладими ёки оддий инсонми улардан ҳожатини раво бўлишини талаб қилмайди. Агар шундай қилса бу улкан гуноҳ яъни ширк амаллардан ҳисобланади. Ҳар қандай ҳожатларни раво қилувчи фақат Аллоҳнинг ўзидир.
  6. Қабрларга ёки зиёратгоҳдаги мақбара ғишт ва безакларига турли сўзлар ва ниятларни ёзиш ҳам мумкин эмас.
  7. Қабрлар устига пул сочиш, шам ёқиш, уларни тавоф қилиш, болани кокилини аташ, атрофларини айланиш ҳамда дарахтларига турли хил латта парчаларини боғлаш ҳам динимизда қаттиқ қоралангандир.
    Қабр тепасида шам ёқиш бидъатдир. Бу ишнинг нафи йўқ. Унинг қабрига солиҳ амаллар, Қуръон тиловати, қилинган садақа каби савобли ишлар нур бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрга чироқ ёқадиганларни лаънатлаганлар. Билимсиз кишилар қабрларга сажда қиладилар, тавоф қиладилар остонасини ўпадилар бу ишлар шаръан ножоиз ҳисобланади. Шариатимиз қабрларни эҳтиром қилишда бу каби йўл тутишдан қайтарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик умматлари шу ишларга қўл уришини билиб бундан қайтарганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишдан олдинги бетобликларида: “Аллоҳ таоло пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олган яҳудий ва насороларни лаънатлади”, дедилар.

  1. Мақбара олдида жонлиқ сўйиш, таом пишириш ва тановул қилиш, мусиқа эшитиш, ухлаб дам олиш мумкин эмас.
  2. Зиёрат ниҳоясида қабристон ёки зиёратгоҳдан оҳиста чиқилади.
    Қабрларга таъзим қилиш, у ергатурли чиқиндиларни қолдириб кетиш мумкин эмас.

Қабристонга зиёратга келган киши ўтганларнинг ҳақларига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилмоғи лозим. Қабр ичида ётганларнинг ҳолати ва вақти келиб ўзининг ҳам олдида турган охират сафари борасида тафаккур қилмоғи даркор. Аллоҳ таоло ўтганларимизни ўз раҳматига олсин!

Х.Адамбоев

Янгибозор тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *