НАМОЗНИНГ ИЧКИ ОДОБИ ХУШУЪДИР

Маълумки  бизнинг борлиғимиз жисм ва руҳ билан мукаммал бўлгани каби, динимизнинг асоси бўлган намоз ҳам фақат ҳаракатлар мажмуаси эмас балки унинг руҳи бўлмиш ҳушуъси  билан мукаммал бўлади. Жисм руҳсиз яшамагани каби, намоз ҳам ҳушуъсиз мукаммал ҳисобланмайди.

Ҳушуъ билан намоз ўқиш  инсонни фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга ваъда қилди: уларга мағфират ва буюк ажр бўлур” («Моида» сураси 9-оят); “… ва намозни тўкис адо эт, албатта намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарур…” («Анкабут» сураси 45 –оят).

Ҳушуъ бу намоз қалбнинг ҳозирлиги, қилаётган ибодатидан лаззат туйиш ва бошқа  фикирларга чалғимай  яратгувчи зотни ёдда тутишдир.

Қалбда ҳушуъ пайдо бўлиши учун ибодатда Аллоҳ таъоло ҳузурида турганини ҳис қилиш лозим.

Қуйидаги ҳадиси шарифда  ибодатда ҳушуъ қандай ҳосил қилиш ҳақида танишамиз. 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: «Эҳсон Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Гарчи Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб турур».

Албатта ҳушуъ ва ҳузуъ билан намоз ўқиш ҳар доим ва ҳамма вақт ҳамманинг қўлидан келавермайди лекин ҳушуънинг йўқолишига сабаб бўладиган ишларни қилмаслигимиз лозимлигини кейинги ҳадисдан ўрганамиз.

Оиша розияллолоҳу анҳо бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан намоз ўқиётган одамнинг ён атрофга қараши ҳақида сўради ва қуйидаги жавобни олди: “Бу ўғрилик. Шайтон Аллоҳ бандасидан намоз учун бериладиган ажр мукофотининг бир қисмини ўғирлайди” – дедилар.

Солиҳ зотларнинг ҳам ҳушуъ ҳақидаги сўзлари билан танишамиз.

Имом Ғаззолий айтадилар: “Қанчадан қанча одамлар таҳоратни бепарволик билан қилишади. Қанчадан қанча одамлар бошқаларга намоз ҳақида гапирадилар, ваҳоланки улардан ҳеч ким сўрамаган. Улар қалбларида хушусиз намоз ўқийдилар. Агар уларни намоз пайтида чумоли чақса, улар намозни қўйиб шу чумоли билан банд бўлишади. Шу билан бирга Аллоҳни розилигини топган одамни намоз пайтида оёқ қўлларини кесиб ташласанг ҳам у сезмайди. Агар подшоҳ олдида турган одамни чаён чақиб олса, подшоҳга ҳурмат юзасидан ҳатто қимирламайди, аммо намозда Аллоҳ олдида турган одам анча юқори даражадаги ихлосни ва содиқликни энг каттасини кўрсатиши керак.”

Бир ривоятда келтирилишича, Аллоҳ намозда чалғийдиган бандасига шундай дейди: «Сен Мендан ҳам яхшироқ деб билган томонингга ўгирилдингми?”.

Ҳушуъ ва тазарруъ қалбда бўлиши, қалбдаги иймон ва ишончнинг кучлилигига боғлиқлигини қуйидаги ҳикоядан билиб оламиз.

Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтади:

  «Олимлардан бири айтишича, оёқ-қўли ишламайдиган бир бемор муфтийдан сўраётган эмиш:

  «Кечаси таҳажжудга турганимда қандай таҳорат қилсам бўлади? Кечаси менга ёрдам берадиган киши бўлмайди?! «.

      Шундан билдимки, ҳақиқий касаллик қалб касаллиги экан. Қалб соғ бўлса жисмнинг ҳеч бир ишга ярамаслиги зарар қилмас экан».

Ўтган солиҳ аждодлармиз қандай ҳушуъ билан намоз ўқиганлиги бизга ибрат бўлса ажаб эмас деган мақсадда  уларнинг биттасидан қилинган ривоятни келтириш билан кифояланамиз.

Ҳотамул Асомдан «Намозда қандай хушуъ қиласиз?» деб сўралди. Шунда у киши: —  «Тураман ва намоз учун такбир айтаман. Каъбани икки кўзим рўпарасида, Сиротни икки оёғим остида, Жаннатни ўнг тарафимда, дўзахни чап тарафимда, ўлим фариштасини ортимда ва албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозимни кузатиб турибдилар деб хаёл қиламан. Намозимни энг охирги намоз деб ўйлайман. Шунинг учун Аллоҳга таъзим билан такбир айтаман. Тадаббур билан тиловат қиламан. Хузуъ билан рукуъ қиламан. Хушуъ билан сажда қиламан. Намозимни Аллоҳдан қўрқув ва Унинг раҳматидан умидворлик деб биламан. Кейин салом бераман ва бу намозим қабул қидинадими ёки йўқми, билмайман» — деб жавоб бердилар.

Юқоридаги маълумотлардан шуни ҳулоса қилишимиз мумкунки ҳушуъ намознинг ички ова асосий одобларидан бири экан.Ҳушуъ ила ўқилган намоз  ўз эгасини фаҳш ва мункар ишлардан қайтарар экан.

Ҳушуъ ила ибодат қилиш учун қалбни ибодатга ҳозирлаш лозим экан.

Аллоҳ таъоло барчамизни ўзига ҳолис ва ҳушуъ билан ибодат қилишимизга ёрдамчимиз бўлсин. 

М.Матниёзов

Боғот тумани  “Одина эшон бобо” масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *