ОММАВИЙ МАДАНИЯТНИНГ ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ

Ғарбдаги ҳар-хил сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб “оммавий маданият” ва “эркинлик ва демократия” деган ниқоблари остида ахлоқий беҳаёлик, индивудиализм ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйиб бошқа халқларнинг шу жумладан, Ўзбек халқининг ҳам кўп минг йиллик маънавий, маданий қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда.
Бундай ёвуз мақсадлар “эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида амалга оширилмоқда. Бу каби ҳаракатлар халқимизнинг муқаддас маънавий фазилатлари бўлган ибо ва ҳаё, оила муқаддаслиги каби қадриятларимизга салбий таъсир қилиши шубҳасиздир. Ҳақиқатдан ҳам “оммавий маданият” деб аталмиш ғоялар турли йўллар билан мамлакатимизга, яъни кинолар, турли хил жинсий беҳаёликни акс эттирувчи кассеталар, радио, телевидение, китоблар ва ҳатто қўл телефонларига ёзиб бериш орқали ёшларимиз онгига таъсир қилмоқда.
“Оммавий маданият” Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланган бўлиб, уни Ғарбда “популяр” ёки қисқартириб “поп культура” (яъни оммавий маданият) деб аташади. Маданиятнинг бу кўриниши, аслида мақсад ниятига кўра чинакам маданиятнинг кушандасидир. “Маданият” сўзининг луғавий маъноси араб тилидан таржима қилинганда “шаҳарлик” , “шаҳарга оид” деган маъноларни билдириб, тилимизда “одоб ахлоқ”, деган сўзлар билан бир хил маънода ёки ўрин алмашиб қўлланилади. Жумладан, “кийиниш маданияти” ёки “кийиниш одоби”, “таомланиш маданияти” ёки “таомланиш одоби”. Маданият сўзи одоб сўзи ўрнига қўлланилса бирон бир амални чиройли тарзда, мукаммал адо қилинишини билдиради. Муқаддас динимизда одобга риоя қилишга кучли тарғиб бор. Халқимизда “Одоб-дарахт, илм-унинг мевасидир. Дарахт бўлмаса, мева қаердан бўлсин” деган ҳикматли гап бор. Кўриниб турибдики қаерда одоб, маданият бўлмас экан ўша ерда мукаммалликка нуқсон етади. Одобсиз, маданиятсиз инсоннинг шайтонга эргашиши осон кечади. Шайтонга эргашган инсон турли хил бузғунчилик, ёвузликни содир қилиши осон кечади. Ғарб томонидан тарғиб қилинаётган “оммавий маданият” эса юқорида таъкидлаганимиздек, том маънодаги маданиятнинг, одоб-ахлоқнинг кушандаси ҳисобланади. “Оммавий маданият” тарғиботчилари томонидан ёшларга тарғиб қилинаётган тушунчалар билан ўзимизнинг минг йиллик қадриятларимизга асосланган миллий маданиятимиз муносабатини солиштириб кўрайлик: -“Оммавий маданият” ёшликни ўйнаб кулиб лаззатланиб қоладиган вақт деб тарғиб қилса, миллий маданиятимиз ҳар бир дақиқаси илм олиш, комилликга интилиш вақти деб муносабат билдиради. — “Оммавий маданият” исрофгарчиликни бойлик белгиси деб уқтиради. Миллий маданиятимиз маблағни мақсадсиз сарфлаш, инқироз сари қўйилган қадам деб муносабат билдиради. -“Оммавий маданият” хиёнатни эркинлик белгиси дея тарғиб қилади. Миллий маданиятимиз бевафолик, сотқинлик, жирканч амал деган муносабат билдиради. -“Оммавий маданият” яхши ота тушунчасини бола қўлига катта пул берувчи ҳамкор дея тарғиб қилса, миллий маданиятимиз боланинг илм олишига, касб ўрганишига, тарбиясига масъул шахс деган муносабат билдиради. Юқорида бир бири билан солиштириб кўрилган тушунчалар ҳақида фикр мулоҳаза қиладиган бўлсак, “оммавий маданият”нинг асл башараси, мақсади янада намоён бўлади. Шунга ўхшаш мисолларни минглаб келтириш мумкин. Ёшларимизни “оммавий маданият” домига тушишдан асрашни истасак, “оммавий маданият” томонидан тарғиб қилинаётган тушунчага муқаддас динимизнинг, миллий маданиятимизнинг муносабатини яхшилаб уқтириб, оқибати ҳақида ўйлашга тарғиб қилишимиз лозим. “Оммавий маданият” домига тушган инсон маънавиятидан, одоб-ахлоқидан, ҳаётда обрў эътиборидан, миллий ифтихоридан, динидан, бу дунёда яхши инсон деган номидан, охиратда Аллоҳнинг марҳаматидан жудо бўлишини англатишимиз лозим. “Оммавий маданият”нинг тарғибот воситалари интернет, уяли телефон ва бошқа алоқа воситалари эканлигини инобатга олиб, бу воситалардан фойдаланишни доимио назорат қилишнинг имкони йўқлигини инобатга олиб, ҳар бир ҳаракатимизни ўй фикримизни Яратган кўриб турганини, кўз қулоқ барча неъматлардан сўралишимизни ёшлар миясига сингдириб бориш мақсадга мувофиқдир.
Мамлакатимизда ёшлар аҳолининг энг кўп қисмини ташкил этиб турибди. Уларни “оммавий маданият” глобаллашуви даврида ғарбнинг ана шундай одатларига томон тобора тойиб кетмайди, деб ҳеч ким кафолот бера олмайди. Негаки, айрим жузъий одатга ва урфга айланган ҳолатларнинг тез илдиз отаётганини томошабин бўлганимизча кузатиб ҳам турибмиз. Олайлик оддийгина қадриятимиз-ёшларнинг маълум бир тоифаси гўзал одатимиз бўлган ўзбекона сўрашиш, саломлашиш одатининг “янгиқирралари” ни аллақачон ўзлаштириб олишди-ку. Ёш йигитчалар бошни бошга теккизиб, ҳол-аҳвол сўрашиш ҳолатини ўзларининг саломлашиш одатига айлантириб олишди. Аллоҳ таоло бизларни гўзал бир ўлкада, улуғ бир неъмат ичида дунёга келтирган. Бу неъматнинг қадр-қийматини билишни, мукаммал ва гўзал ахлоқли бўлишни, инсониятга энг гўзал хизматлар қилишни барчаларимизга насиб этсин.

Х.Абутов
Янгибозор тумани “Султон Хўжа бобо”
масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *