УСТОЗ ОТАНГДЕК УЛУҒ

Ислом дини барча мусулмонларни илм олишга чақирган. Илмни эса ҳеч ким ўз ҳолича ўргана олмайди. Илм эгаллашда муайян устозга, унинг салоҳияти ва йўналишига эҳтиёж сезилади. Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида устоз ва мураббийларнинг хизматлари беқиёс. Дарҳақиқат, муборак динимиз таълимотлари инсон зотини жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга етишишда муҳим омил бўлган  улуғ  устоз ва мураббийлар хизматларини юқори баҳолаган ва Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башоратини берган.

Инсон  ҳаётида билими, маърифати билан жамият аъзолари ўртасида қадр-қиммат ва обрў эътиборга эга бўлади, ҳатто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса илм-маърифатдир.

Ҳақ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилишини баён қилиб, бундай дейди: 

яъни: Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир

Бу оят тафсиридан яна шу нарса ойдинлашадики, баъзи кишилар ўзларича «обрў-эътибор» деб юрадиган мансаб, пул, йиғилган молу дунё ва бойликларнинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ экан. Фақат иймону илм билангина Аллоҳ таоло тақводорлар мартабасини юқори тутар экан.

Шу ерда яна бир масалага ойдинлик киритмоқ лозим. Ислом «илм» деганда барча илмларни кўзда тутади, ҳозирда баъзи кишилар нотўғри ўйлаганидек, фақат диний илмларнигина эмас. Демак, мусулмонлар учун дунёвий илмларнида мукаммал эгаллаш фарздир.

Расулуллоҳ алайҳиссалом  ҳадисларида, «Қиёмат куни уч тоифа кишилар шафоат қиладилар. Булар — Пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидлар», деганлар.

Демак, бундан аён бўляптики, олимлик Пайғамбарлик билан шаҳидлик ўртасидаги мартаба экан.

Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат,  уламо-устозлар пайғамбарларнинг  меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту-саодатни қўлга киритибди”. 

Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш эканлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму-маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиоғфор айтади”.                                    

Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. 

Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, барча шарт-шароит ва имконият бор. Юзлаб ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар очиб қўйилган. Мамлакатда динимизни ўргатадиган ўн иккита ўрта махсус Ислом билим юрти ишлаб турибди. Жаҳондаги жамики илмларни жамлаган бепоён Интернет тизимига кириш имкони бор. Бу улуғ илм даргоҳларида ўз соҳасида етишиб чиққан иқтидорли, малакали ва тажрибали фидоий устозлар ўз талабалари ва ўқувчиларига фидокорона таълим-тарбия бермоқдалар.

Шундай шароит ва имкониятлар бўлишига қарамай, баъзи инсонларда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаятганлиги сезилиб қолмоқда. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтириш ва гапларга сарфлаб юборяпмиз. Бироқ озгина илм олишга, ҳеч бўлмаса, оммавий ахборот воситаларда тарқатилаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга ҳам вақт-имкон “топа олмаяпмиз”.             

Ўтмишда оила дастурхони устида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат уюштиргани, бизга худди эртаклардагидай эриш туюлади. Онда-сонда вақт топиб, нимадир ўқишимиз ҳам “айниган”: дунё ва охиратга фойдали, илм ва фикрлашга ундовчи китоб, газет-журналлар ўрнига олди-қочди, таги пуч ёки бузуқлик тарғиб қилинган нарсаларни ўқиймиз.

Ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам бизда шогирдларига илм-ҳикматни танитувчи устозлар қаттиқ ҳурмат қилинган. Бу ҳақда шунчалик кўп ривоятлар бор, шу ўринда айримларини келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмас:

“Ҳидоя” муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: “Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс жараёнида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди.  У зот камоли эҳтиром билан: “Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман”, деб жавоб қилдилар.

Яна ҳикоя қилишадики, Имом Бухорий раҳматуллоҳ алайҳи бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Ҳукамолардан бири бундай деган экан: “Ота-оналар фарзандларини дунёдаги оловдан ҳимоя қилишса, устозлар эса уларни охират олови-дўзахдан муҳофаза этишади”.

Устознинг ҳам ўзига хос бурч ва вазифалари мавжуд. Устоз шогирдига шафқатли бўлиши, уларни ўз фарзандидек кўриши, берган илми учун улардан ҳақ талаб этмаслиги, илм бергани учун мукофот ва ташаккур истамаслиги, балки Аллоҳ йўлида холис илм ўргатиши лозим бўлади.

Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни билганларимизга амал қилишга, азиз устозларнинг билим-маърифатларидан доимо баҳраманд бўлиб боришга насиб айлаб, барча устозу-мураббий ва муаллимларни Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида сақлаб, энг эзгу орзу ниятларига етишишларида ёру мададкор бўлсин.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *