УСТОЗЛИК МАҚОМИ –МУҚАДДАС!

   Динимизда Илм ўргатувчи устозларни бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

яъни: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар:

яъни: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир” (Имом Термизий ривояти).

“Илмни Чинда бўлсада бориб, эгалланглар”, дейилмиш кўп қадим сўзимиз бор. Ана шу иборанинг ўзиёқ аждодларимизнинг илмга нақадар ташналиги ва уни муқаддас тутишларини англатади. Негаки, оту туяларда минглаб чақирим масофаларни босиб ўтишни, йўлда ҳавфу-хатарларга дуч келишни кўз олдингизга келтиринг! Шу маънода қитъалар ошган савдогар аҳлини тушуниш мумкиндир, аммо илм олиш учун ўзини гирдобга ташлашни…фақат жасорат деб билмоқ керак!

    Гапнинг кўчма маъносида, яъни “илм излаш”да шу илмни берадиган муносиб устозларни излаш назарда тутилади. 

      Тарихимизда ўтган барча алломалар, авлиёлар, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган олимлар борки, илм олиш учун сарҳадлар ошганлиги гувоҳи бўламиз. Ал Хоразмийнинг Бағдодда, Ал  Фарғонийнинг Мисрда, Берунийнинг Ҳиндистонда яшаганлари, фаолият кўрсатганлари сабаби ҳам шунда. Бу буюк бобокалонларимиз вақтида улуғ устозлардан сабоқ олиб, сўнглар ўзлари ҳам устоз мақомига эришганлари илдизи ҳам юқоридаги “илм излаш”, яъни устоз излашга бориб тақалади.

    Ҳазрат Навоий “Кимки сенга ҳарф ўргатмиш бир ранж ила. Оқламоқ керак ани минг ганж ила” сатрларида ўзига ҳарф ўргатган, аслида тўлиқ маънода ҳаётда сабоқ берган устозларнинг бир ранжли меҳнатига минг ганжла миннатдорлик билдирмоқ фарз эканлигини қайд қиладилар.

     Устозлар, яъни муаллимлар ана шундай эътирофга сазовор инсонлардир. 

    Юртимизда сўнгги йилларда муаллимлар меҳнатини қадрлаш, уларнинг жамиятдаги муносиб ўрнини топишлари учун Юртбошимиз ташаббуслари билан кўп ишлар қилинди ва қилинмоқда. Педагогларнинг маошларининг оширилгани, уларнинг мажбурий меҳнатдан озод қилингани, ишлашлари учун муносиб шароитлар яратиб берилгани ана шу давлат сиёсатининг самараларидир.

    …Ҳаммамиз ҳам қачондир мактаб остонасидан ҳаяжонли қадамлар билан кирганмиз. Муаллим бизга ҳарфни танитган, жажжи бармоқларимизни ўз қўллари билан ушлаб, ёзишга ўргатган. Дарсликлардаги ҳар бир мавзу миямизга ўрнашиши учун ўз ҳаловати ва соғлигидан кечиб, неча йиллар сабоқ берган бизга.

    Буларни унутиб бўладими?!

     Бугун ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда, ўзимиз қизиққан касбу ҳунарни эгаллашимизда аввал бошдан ана шу табаррук устозларнинг муносиб ҳиссалари бор. Бу заҳматли меҳнатлари учун улардан бир умр миннатдор бўлмоғимиз, қолаверса уларнинг ҳолидан хабар олмоқ, миннатдорчилигимизни бир оғиз ширин сўз билан бўлсада изҳор қилмоқ барчамизга фарзий амалдир. Зеро, ислом динимизда ҳам илм олмоқ, шу илмни ўргатган зотларга эҳтиром кўрсатмоқ фарзий амаллар сирасига киради. Қуръони Каримда “илм” сўзи 164 марта келиши беҳудага эмас!

   Устозлар ва муаллимлар куни байрами яқинлашмоқда. Бу байрам барчамизник. Шу қутлуғ санада барча устозларни умр мазмунларига айланган машаққатли меҳнатлари учун қутламоқ, уларга таъзим қилмоқ шогирдлик бурчимиздир.

     Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!

                                           

 Х.Кенжаев 

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

     

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *