МАЗҲАБИМИЗ МАХСУЛИ

     Дунёда дини, ишончи бўлмаган миллат (халқ) йўқдир. Чунки динсиз ҳолда ҳеч бир миллат яшаёлмас. Ейиш, ичиш қандай эҳтиёж бўлса, дин ҳам шундай бир эҳтиёждир. Ер юзида ҳар миллатнинг, ҳар инсоннинг бир ишончи бордир. Бироқ ҳар дин, ҳар эътиқод ҳам тўғри бўлолмайди. Шу қадар асоссиз нарсалар борки, бир қанча инсонлар уларга боғланган ва дин ўлароқ қабул қилган. Энг тўғри ишонч − Аллоҳнинг хушнуд бўлган дини фақатгина Ислом динидир3. Чунки Ислом дини Аллоҳнинг элчилари томонидан ўргатилган диндир, умумий бир диндир. Қуръони каримда «Аллоҳ сизга дин ўлароқ Исломни танлади», дея марҳамат қилинган.

Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаб бўлиб, улар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Агар ислом тарихига назар ташланса, бу мазҳабларнинг келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаб ва йўналишлар бўлган. Лекин у мазҳаблар муайян шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо.

Мазҳаблар ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида диннинг яхлитлиги, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашда энг муҳим омил сифатида курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Гарчанд турли оқим ва фирқалар ҳар доим ислом дини яхлитлигини бузишга уриниб келган бўлсада, ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмаганлар. Бу муваффақиятнинг замирида ҳам шу аҳли сунна уламолари келтирган далил ва асосларнинг мустаҳкам ва тўғрилиги асос бўлиб хизмат қилган. Мусулмонлар оммасига ушбу ҳақиқатларни тушунтириб бериш бемазҳаблик авж олган ҳозирги даврда айниқса муҳимдир.

     Ханафийлик мазхаби асосчиси Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқамиз. Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфа шаҳрида саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топтилар. У киши аҳли сунна фиқҳ мазҳаб бошлиқлари ичида энг аввалгиларидир. Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилиб, ипак сотар эдилар. Талаби илмни тугатишлари билан дарс ва фатво беришни бошладилар. У кишида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шаҳсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Диний фаолиятида фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки, илм билан бирга, тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқ бўлиши зарур. Бу нарсалар Имом Абу Ҳанифада олий даражада эди.

Бу буюк имомнинг Имоми Аъзам, яъни улуғ имом, катта имом деб номланиши хақиқатда ҳам у киши бунга сазовор зот эдилар. Имоми Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофеъий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар. Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар: «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар. Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар. Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмо, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмлар чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.

Баъзилар, Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган. Лекин, аслини олганда, ундай эмас. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имом Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса таҳорат кетиши заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар». Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда: «Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни ҳадисдан устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Ҳадис бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!» дейдилар. Имоми Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар. Имом Моликнинг «Муватто» китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган. Имом Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол, яна бошқа омиллар бўгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлару, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади. Аммо, Али Қорининг «Мухтасари виқоя» китобиги ёзган «Ниқоя» номли шарҳини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин Ханафийлик мазхабимиз муътадил мазхаб бўлганлиги учун бутун дунё уламолари хам бирор бир масала юзасидан ихтилофлар бўлса дарров Ханафийликни ахкомларига суянадилар.

     Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган бир ҳадисда: «Илм Сурайё юлдузида бўлса, уни форс кишилари олажак», дея марҳамат қилинган.

Имом Суютий айтадики: «Бу ҳадиснинг асли саҳиҳдир. Унда Абу Ҳанифага ишора бор. Ҳадиснинг саҳиҳлиги муттафақун алайҳдир» («Зужожатул масобиҳ», 1- жилд, 62-бет)

Язид ибн Ҳорун айтганлар «Оқилликда, фозилликда ва шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлишда Абу Ҳанифадан устунроқ бирон кимсани кўрмадим».У гўзал юзли, хушсурат, ширинсухан, суҳбати юракни эритадиган киши эди. Бўйи ўртача, кийими нафис, юзи кўркам бу зотдан ҳар доим ширин ҳид уфуриб турар, одамларга юзма-юз келганида таралаётган беғубор исларидан уни тезда таниб олишар эди. Бу олим фиқҳ илмини биринчи бўлиб бойитган, сермаҳсул қилган ва унинг вужудига яширинган энг ажиб дурдоналарни ёруғликка чиқарган улуғ фақиҳ ва мазҳаббоши Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собитдир.

Х.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *