ОИЛА МУҚАДДАС ҚЎРҒОН

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила қуриш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Минг афсуслар бўлсинки, сўнгги йилларда оилавий ажримлар кўпайиб кетди. Қуйида оилавий ажримнинг салбий оқибатларидан баъзиларини баён қиламиз:

Ажрашган эр ва хотиннинг ҳеч бўлмаганда обрўси тўкилиши. Эрга нисбатан “битта хотинни эплай олмади, яхши одам бўлганда аёли билан чиройли муомала қилиб яшар эди”, деган гап-сўзлар, аёлга нисбатан эса “эрининг хизматини қилолмади, яхши аёл бўлганида эрининг измидан чиқмасдан, муроса қилиб, тинчгина яшар эди”, деган қарашлар келиб чиқади. Ажрим оқибатида “боши очиқ” аёл ва “бўйдоқ” эркаклар пайдо бўлади. Бу ҳолат одатда жамиятда зино ва ҳаёсизликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиб, маънавий муҳитни бузилишига олиб келмоқда. Оқибатда баъзи “боши очиқ” ёшгина аёллар ноқонуний иккинчи, учинчи ва ҳатто тўртинчи хотинликка ҳам рози бўлмоқдалар.

Ўртадаги фарзандларни тирик етим бўлиб, сарсон бўлиши. Бечора фарзандлар ўртада сарсон ва саргардон бўлиб, нима қилишни билмайди. Отасига борай деса она норози, онасига борай деса ота рухсат бермайди. Отаси билан суҳбатлашса, “онанг ундай, онанг мундай” деганга ўхшаган гапларни гапириб болага онасини ёмонлайди ва ёмон кўрсатишга ҳаракат қилади. Онаси билан гаплашса, “отанг бундай, отанг ундай” деган гапларни гапириб болага отасини ёмонлайди. Натижада бола икки ўтни орасида қолиб, бир қанча машаққатларга дуч келади. Тарбияси бузилади. Ота-она ажрими аксар ҳолларда фарзандни ноқобил бўлиб вояга етишига сабаб бўлади. Афсуски, қаровсиз қолаётган, ота-онаси бор баъзи болаларни меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Ажрашувчи икки ёшнинг ота-оналарининг машаққат чекиши. Ота-она орзу ҳавас қилиб, қанча меҳнат-машаққат ва қийинчиликлар билан фарзандини тўй қилиб: “Зиммамдаги вазифани бажардим, боламни оилали қилдим” деб энди эркин нафас олиб турган пайтда фарзандини оиласи бузилса, ота-онага моддий ва маънавий жиҳатдан қаттиқ зарба бўлади. Ота-она ва бошқа барча қариндошлар руҳий изтиробга тушади.

Оилавий ажримни мазкурлардан бошқа бир қанча зарар ва зиёнлари мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчилик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш — оила бузилишидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келади:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб “ундоқ қилдим, бундоқ қилдим” дейди. У бўлса “ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб “уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим” дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб “Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Хазрати Умар ибн Хаттоб розияллоху анху хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар.

Х.Абутов

Янгибозор тумани “Султон Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *