НЕЪМАТЛАРГА ШУКР ҚИЛИШ УНИ ЗИЁДА ҚИЛАДИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон бирингизнинг назари молда ва ҳилқатда ўзидан афзал қилинган кишига тушса, ўзидан пастга назар солсин”, деб”.

Демак биз кийинишда, еб-ичишда, яшашда, жисму-жасад яратилишимизда ўзимиздан паст бўлганларга назар ташласак, бу инсонга нисбатан Аллоҳ менга кўпгина неъмат берган экан деган уй-фикр билан шукр деган фазилат бизга шаклланади. Ҳаётимизга хурсандчилик ва қалбимизга хотиржамлик киради. Ўзимизда бор бўлган нарсаларга нисбатан қаноат қилишлик ҳисси уйғонади. Инсонларни Аллоҳ бир-биридан фарқли ҳолда яратганлиги, бизни фикр қилиб, ибрат олишлигимиз учундир. Лекин уларнинг бизга нисбатан паст даражада бўлиши бизни ғурурга, кибрга, инсонлар устидан масхара қилишга олиб бормаслиги лозим, акс ҳолда гуноҳ бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: “Икки ҳислат бор. Кимда ўшалар бўлса, Аллоҳ уни собир ва шокир, деб ёзади: ким дунёсида ўзидан пастга назар солса ва ўзини ундан афзал қилиб қўйгани учун Аллоҳга ҳамд айтса ва ким динида ўзидан афзалга назар солса ва унга иқтидо қилса”, дейилган.

Мусулмон одам дунё ишида ўзидан пастга, дин ишида ўзидан юқоридагиларга боқиши керак. Шунда ҳаётимиз гўзал, амалимиз чиройли, яхши амалларимиз кўп, ҳам бу дунёмиз ҳам охиратимиз хайрли бўлади. Мўмин банда бу дунёда яшаб туриб охиратини обод қилади, охиратини обод қилиш учун қилган ҳар бир амали туфайли бу дунёси ҳам обод бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ат-Термизий ва Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳ берган нарсага рози бўлсанг – инсонлар ичидаги энг мулкдори ҳисобланасан” деганлар. Демак ҳақиқий бойлик қўлимиздаги молу давлатимиз эмас вахоланки қалб бойлиги, кўзимизнинг тўқлигидадир. Устозларимиздан Фозил қори Ёсин ўғли айтгандилар: Кўзи тўқ мискин ғанийдур, кўзи оч бойдан кўра, Гавда калта бўлса бўлсин, авли калта бўлмасин. Агар биров келиб бизга ҳар бир аъзомиз учун 100 миллиондан бераман деса ҳам, ҳеч биримиз рози бўлмаймиз. Бу ҳолат бизни шукр қилишимизга кифоя қилмайдими. Аллоҳнинг бизларга берган инъоми кўп, фақат биз у неъматлар ҳақида кўп ўйламаймиз.

Подшоҳлардан бири ажамий бир қул билан кемага минди. Қул умрида денгиз кўрмаган, кема саёҳатининг машаққати не эканидан мутлақо бехабар эди. Шу боис қўрқувдан титраб, бақириб-чақиришга тушди. Кемадагилар унинг овозини ўчириш учун қанчалик ҳаракат қилишмасин, бари беҳуда кетди. Бу ҳолат подшоҳнинг ҳам кайфиятини бузди. Йўловчилардан ҳеч бири уни тинчлантиролмади. Кема ичида бир ҳаким ҳам бор эди. У подшоҳга бундай деди: – Изн берсангиз, мен уни тинчлантираман. – Яхши бўларди, – деди шоҳ. Табиб қулни тутиб, сувга отишни буюрди. У асов тўлқинлар ичра юмалаб, бир неча бор ботиб-чиққач, сочидан ушлаб кемага тортдилар. Кемага яқинлашар-яқинлашмас, иккала қўллари билан (штурвалга) маҳкам ёпишиб олди. Юқорига тортиб чиқаришгач, бир бурчакка ўтириб олганча тинчиб қолди. Ҳакимнинг ўта билимдон инсон эканидан қойил қолган подшоҳ бу тадбирнинг ҳикматини сўради. Донишманд эса: – У аввал бирор марта сувда чўкиб кўрмагани учун кема ичидаги саломатликнинг қадрига етмаётган эди. Денгиз тўлқинлари унга ҳаёт сабоғини берди, – дея жавоб қилди.

Демак, сиҳатнинг қимматини хасталикка чалинганлар яхши биладилар. Тинчликнинг қадрини урушни бошидан кечираётганлар билади. Уйнинг қадрини ижарага турган, уйи йўқлар билади. Кўриш катта неъмат буни кўзи ожизлар англайди. Эшитиш улкан неъмат буни фақат эшитмайдиганлар тушунади.

Дунёнинг турли мамлкатларида юз бераётган нотинчликлар, иқтисодий-сиёсий низолар, хунрезликлар ва миллатлараро келишмовчиликлар оқибатида инсонларнинг бир бурда нонга зор бўлаётганини кўрганда Ўзбекистондаги тинч-осуда ҳаёт ва тўкин дастурхонимиз учун Аллоҳ таолога чексиз шукрлар айтишимиз лозимлиги янада яққолроқ намоён бўлади.

М.Мадиримов

Ҳазарасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *