ИСЛОМДА АДОЛАТ ВА ХАЛҚЧИЛЛИК ҲАҚИДА

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этар эканмиз, кўзлаган марраларимизга эришишимиз учун энг аввало миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада мамлакатимизда сўнгги йилларда қатор қарорлар қабул қилинди ва Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди ҳамда давлатимиз сиёсатида айнан маънавий-маърифий ишлар янада юксак ўринга қўйилди. Адолат деганда эса ишларни тўғри, инсоф билан олиб бориш ва одамлар орасида тенгликни жорий қилиш тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло буюрган адолат исломий мутлақ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Аллоҳ таоло:«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», деган (Наҳл, 90).

«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.
Албатта, Аллоҳ: «Адолатга амр этади»  «Эҳсонга амр этади». Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади. «Қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир». Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлиқ ҳам инсонлик ҳақлари бор.«…ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир». «Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади.«Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, хаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир», деган (8-оят). Ушбу ояти карима аввалида келган «Эй иймон келтирганлар!» нидоси мўминларга ниҳоятда маҳбуб нидодир. Бу нидо уларни ҳар қандай машаққатга қўрқмай пешвоз чиқишларига тарғиб қилади. Демак, бу ўринда ҳам ўта муҳим бир масала ўртага ташланадиган. «Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг».  Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Ниҳоятда оғир иш. Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Кетидан бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади: «Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга адолат қилмасликка олиб бормасин». Бу дегани — душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, деганидир. Ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишда фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб: «Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди», дедилар.Шунда яҳудийлар ажабланишиб: «Осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу ўзи», дейишган. Бундай соф, Аллоҳ учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам Иймону Исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чунки ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима шуни таълим беради бизга: «Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир». Қалбида тақвоси бор инсонга унинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади. Чунки фақат тақводор инсонгина: «Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир», деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади. Аллоҳ таоло Анъом сурасида: «Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар», деган (152-оят). Мўмин-мусулмон одам доимо Аллоҳнинг амрига мувофиқ иш олиб бориши зарур. Бу эса, унинг доимо адолат ила гапириши лозимлигини тақозо қилади. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон инсоний заифликка бориб, қариндошларига ноҳақ ён босишга имкон бермайди. Адолат Аллоҳнинг амри бўлиб, барча унинг олдида баробар. Бир ҳукмда қариндошга бир хил, бошқага ўзгача муомала қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолни фақат мусулмонларгина ҳаётга татбиқ қилганлар, холос. Бошқалар адолат ҳақида ҳар қанча сафсата сотсалар ҳам, нари борганда нисбий адолат, яъни, ўз яқинлари ва ўз тоифасига нисбатангина адолатли бўла оладилар. «Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг».  Аллоҳга берган аҳдда ушбу оятларда зикр қилинаётган ҳодисалар, жумладан, қариндошга бўлса-да, адолат қилиш, ўлчов ва тарозини адолат билан адо этиш, ноҳақ одам ўлдирмаслиқ Аллоҳга ширк келтирмаслик ва бошқалар бор. Мўминлар ушбу иймон ила жаҳон халқлари ичида танилганлар. Омонатга хиёнат қилиш мунофикдикнинг уч аломатидан биридир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди. Аллоҳ кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта хатога йўл қўйилган бўлади. Хиёнатчи ҳатто шаҳид бўлган такдирда ҳам, гуноҳи кечирилмасдир! Адолат ила ҳукм юритган мусулмон ҳукмдор эса қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган пайтда Аллоҳ Ўз соясига оладиган бахтиёр кишилардан бўлиши таъкидланади. Бу маъно ҳар бир мусулмон жамоага бошлиқ бўлган шахсга ҳам тегишлидир. Кишилар ҳаётида раҳбарликнинг тутган ўрни муҳимлигидан  Одил Имом одил йўлбошловчи каби иборалар зикр қилинган. Бугунги кунда Истиқлол туфайли юртимизда барча таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ёшларимиз учун илм масканлари очилиб, барча шароитлар яратилди. Шунингдек диний маърифий  соҳада ҳам кенг имкониятлар яратилди. Бу йўналишда мустақиллик йилларининг ҳар бир кунига солномалар битса арзийди.

Мустақилликдан илгари вилоятимизда 4 тагина масжид бўлган бўлса, бугунги кунда 198 та масжид фаолият кўрсатиб, барчаси замон талабига мувофиқ мўъмин-мусулмонларга хизмат қилмоқда. Барча масжид имом-хатиблари диний ўқув юртларини битирган бундан ташқари халқимиз ва миллатимзнинг онгу шуури маънавий илмий мероси асосчилари бўлган юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир алломаларимиз ҳакиму авлиёларимизнинг хокипойлари муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан халқаро миқиёсида тантанали равишда авайланмоқда. Бундай залворли меҳнат ва ютуқлар халқимизнинг эртанги кунга ишонч, энг асосийси ёшларимизнинг баркамол авлод этиб тарбиялашимизда маънавий ва маданий озуқа бўлиб, ҳал этувчи омиллардан биридир. Зероки, бугунги таҳликали, ахборот алмашинуви изчил бўлган глобаллашув даврида маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш, миллий ўзликни англашдек масъулиятли вазифа ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Мен истиқлол шарофати билан эришган ютуқларимизни ўз соҳам мисолида баҳоли қудрат камтарона битдим холос. Қувонарлиси шуки халқимизда Ватан тақдири билан ўз тақдирида дахлдорлик ҳисси ва масъулияти шаклланди. Бу эса маънавий-маърифий ишларимизнинг улкан самарасидир. Биз Мустакиллик неъматини авайлаб асрашимиз, кўз қорачиғидек эҳтиёт қилишимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло муборак каломида “Мен берган неъматга шукр қилсаларингиз неъматимни кўпайтириб бераман”, деган муборак каломига мувофиқ доимо ҳушёр доимо шукр қилиб, бу неъматни қадрига етайлик.

 

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *