ҲУСНИ ХУЛҚ ВА ЧИРОЙЛИ МУОМАЛА – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!

Ислом дини таълимоти  ҳусни хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.  Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган:

яъни: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси 4-оят). Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон ва барча яхши хулқларни ўзларида жамлаган Зот эканларига асло шубҳа йўқ.

Бу ояти карима Пайғамбар алайхиссалом учун катта баходир. Оиша онамиздан  у кишининг хулклари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайхиссалом Қуръондаги олий хулқлар би­лан хулқланганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-аҳлоқни ўзларига сингдирганлар.

Пайғамбаримиз алайхиссаломнинг ўзлари «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар. Бошқа бир хадисларида эса: Ахмад ибн Ханбал шундай ривоят қиладилар: Оиша онамиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гунoҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиком (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина   Аллоҳ учун интиқом олганлар», деганлар.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон бажараётган ишида пайғамбаримиз (с.а.в)дан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида пайғамбар (с.а.в): “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”, деганлар. Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.

Азизлар! Динимизда гўзал хулқ соҳибларига катта ажру савоблар ва юксак мақом ва мартабалар ваъда қилинган. Улардан баъзиларини қуйида баён қиламиз:

  1. Гўзал хулқ – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: яъни: “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
  2. Гўзал хулқ – Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг яхши кўрган инсон бўлишга сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: яъни: “Қиёмат куни менга маҳбуброғингиз ва яқинроғингиз хулқлари чиройлироғингиздир. Қиёмат куни мен учун ёқимсизроғингиз ва мендан узоқроғингиз сергап, кўп вайсайдиган ва “мутафайҳиқлардир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз сергап ва кўп вайсайдиганларни биламиз. “Мутафайҳиқлар” кимлар?” деб сўралди. У зот: “Мутакаббирлардир”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривоятлари).
  3. Гўзал хулқ – Қиёмат куни мезонни оғир бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: яъни: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур”, (Имом Термизий ривоятлари).

Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзларни айтадиган кишини эса Аллоҳ таоло ёмон кўради. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлиш ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқ бўлишимиз керак.

  1. Гўзал хулқ – умр зиёда бўлиши ва юрт обод бўлишига сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: яъни: “Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилигидан насибаси берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ ва яхши қўшничилик диёрларни обод, умрларни зиёда қилади” (Имом Аҳмад ривоятлари).
  2. Ҳусни хулқ – ажр-савобларни кўпайтириб берилишига сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: яъни: “Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутучи ва бедор бўлувчининг даражасини топади” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

          Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳусни хулқни бир қанча шўъбаларини ўзида мужассам қилган ҳадиси шарифларида бундай деганлар:

яъни: “Биродарингизни юзига табассум қилмоғингиз садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғингиз садақадир. Йўлда адашган одамга тўғри йўлни кўрсатиб қўймоғингиз садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашингиз садақадир. Челагингиздан биродарингизнинг челагига қуйиб бермоғингиз садақадир” (Имом Термизий ривоятлари).

 Демак, киши доимо ким билан мулоқот қилишидан қатъий назар одоб ва ҳусни хулқ билан муомала қиладиган бўлса, юқоридаги ва ундан бошқа кўплаб савоб ва баланд мартабаларга эришади. Инсонлар ўртасида ҳушмуомилалик ва ҳусни хулқ оқибатида жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва тараққиёт таъминланади.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *