Барча замонларда ёшларни илм-маърифатли қилиб тарбиялаш ва одоб-ахлоқини яхшилаш катта аҳамият касб этган. Йигит-қизларимизни таълим-тарбияли бўлиб улғайиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барчамиз ҳамкорликда иш юритишимиз бугунги тезкор замонга келиб янада долзарб масалага айланди. Шуни инобатга олиб, имом-хатибларимизнинг жойлардаги маҳалла фаоллари, мактаб ва коллеж масъуллари билан елкадош бўлиб ёшлар тарбияси билан шуғулланишлари жуда ҳам ажойиб натижа бермоқда.
Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўзлаштирмоқ керак. Касбига муҳаббати бор инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади. Касби туфайли атрофидагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳасанотлар берилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.
Ҳанафий мазҳаби мужтаҳид уламоларидан имом Муҳаммад илм талаб қилиш фарз бўлганидек касб талаб қилиш ҳам ҳар бир инсонга фарз дейдилар. Чунки, аввало ўзини ҳамда фарзандлари ва оиласининг нафақасини таъминлаш оила бошлиғига фарз бўлган нарсадир. Ислом фиқҳи оила қуриш пайтида қиз билан йигитнинг қандай касб эгаси экани ёки қандай оилада тарбия топгани масаласига ҳам аҳамият қаратган. Бу эътибор жуфтларнинг бир-бирига кўпроқ мос келишлари ва оилавий ҳаётнинг тотувлигини таъминлаш учундир. Юқоридаги иқтибосдан маълум бўладики, илм соҳиби бўлган йигит ҳар қандай юқори мартабали оилага куёв бўлишга лойиқ экан.
Ёшликда илм, касб-ҳунар эгалламаслик ҳаётда бошқаларга хасад билан қарашига, инсонни таъмагирликка, хорликка олиб боради. Ҳадиси шарифда таъмагирларнинг қиёмат куни юзи терисиз бўлиши таъкидланган. Ҳақиқатдан ҳам таъмагир инсоннинг юзидан ҳаё кўтарилади. У ҳамма нарсага журъатли бўлади ва натижада инсонни юзсизликка олиб боради. Бу ҳақда Пайғамбар (а.с)дан: “Қаноат қилган киши азиз бўлибди ва таъма қилган эса хор бўлибди”,-деган ҳадис ривоят қилинган. Пайғамбаримиз “халолдан касб қилишга тарғиб қилиб, ўзингиз ва харом ўртасида халолдан тўсиқ килинг” ёки яна бир хадисда “амалларнинг яхшиси халолдан касб қилмоқликдир” деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда ҳам у Зот: “Кимки уни бошқалардан беҳожат қиладиган моли бўла туриб одамлардан тиланса, қиёмат куни юзи тимдаланган (тилинган)холда келади”,-дедилар.
Шуларни эътиборга олганда, инсон бирор бир касбни эгаллаб ҳунарли бўлиб, бировни корига яраб, инсонларнинг ҳожатини чиқариш ва ҳаёт тарзи ўнгланиш билан биргаликда таъмагирлик асирлигидан қутулади. Ҳазрати Али (р.а): “Инсонлардан беҳожат бўл, уларни тенги бўласан. Хоҳлаган кишингга эхсон (яхшилик) қил, уни амири бўласан. Кимга таъма қилсанг қил, уни асири бўласан”,-деганлар.
Дунёга ўзларининг бой илму адабий мерос қолдирган аждодларимиз албатта, бирор касбу ҳунарни мукаммал эгаллашган, ҳунар билан машғул бўлишган. Шу орқали улар ҳалол касбу кор қилиб таъмадан, кишининг қўлига қараб қолишдан тийилишган ва халол рўзғор тебратишган. Жумладан, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа (р.а) савдогарлик билан, Қаффол Шоший ҳазратлари қулф ясаш, ҳазрати Баховуддин Нақшбанд эса матога нақш босиш билан билан шуғулланишган. У кишининг машҳур шиорлари “дил ба ёру даст ба кор” (дилинг Аллохда бўлсин, қўлинг ишда бўлсин) юртимизда ҳар бир кишининг дилига жо бўлган десак асло хато бўлмайди.
Шундай экан бугунги куннинг ёшлари яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ёшлик даврларидан илму ҳунар ҳосил қилишга қаттиқ бел боғлашлари зарур. Ҳар бир ёш оила қуришдан олдин, албатта, бирор бир илмни ёки ҳунарни мукаммал даражада эгаллаб, кейин оила қурадиган бўлса хаётида қийналмайди. Ота-онасининг мол-дунёсига ишониб бирор касбу ҳунар ҳосил қилмасдан оила қураётганлар охир оқибатда қандай қийинчиликларга дучор бўлаётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Илмни, касбу ҳунарни ҳосил қилиш учун албатта, ранжу меҳнат, заҳмат чекади. Бу эса инсонни ҳаётга тоблайди. Натижада, инсон одамларга керакли бўлиб, уларнинг хожатларини битиради. Бу жараёнда ота-онанинг ҳам катта масъулияти борки, фарзандининг ҳаётда тўғри йўлни танлаб, яхши бир касб-ҳунарни эгаллашларида тўғри йўналиш беришлари лозим.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Комил инсон ҳаётда ўз ўрнини топиш учун тарбияга муҳтождир. Тарбиясиз инсон бирор нарсага эриша олмайди. У мисли темирга ўхшайдики, унга уста кўп ишлов берганидан сўнг ханжару шамшир ясайди. Темир аввалги холида ҳеч кимнинг корига ярамас эди. Ундан бирор нарса ясаганидан сўнг одамларга керакли нарсага айланади. Инсон ҳам ҳаётда тобланиб илм эгалласа, касб-ҳунар ҳосил қилса одамларга керакли, уларнинг бирор ҳожатини чиқаришга ярайдиган бўлади. Жамиятда илмли, касб-корли инсонларнинг кўпайиши мамлакат ривожига ва унинг тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.
Ж.Нурметов
Хонқа тумани “Мусо ал-Хоразмий” масжиди имом-хатиби