ТИНЧЛИКНИ ҚАДРЛАЙЛИК!

Аллох Таоло инсонга жуда кўп неъматларни берган. Инсон у неъматларни санаб адоғига етаолмайди. Жумладан,Умр неъмати, соғ-саломатлик, тинчлик –хотиржамлик, фарзанд неъмати, иймон неъмати ва бошқа неъматларни айтишимиз мумкин. Неъматлар ҳам икки хил бўлади.Бир хили бозори бор,нарҳи бор неъматлар. Иккинчи хили бозориям йўқ, нархи ҳам йўқ неъматлар бор. Мисол учун қорнимиз очса ун сотиб оламиз. Ун тополмасангиз дўкондан нон сотиб оласиз. Хуллас қорнингизни тўйдирасиз, кийинасиз. Лекин шундай неъматлар борки, бозориям йуқ, нархиям йуқ. Мисол учун Умр неъматини олайлик. Миллиардер одам агар отаси ёки онаси ўлим тўшагига ётиб қолса, ёки ўзи умри охирлаб қолса: Э умрим охирлаб қолганга ўхшайди, ёки ота-онамни умри камайиб қолибди, қайси бозорда сотаркин, неча пул экан, бориб сотиб олиб кел деёлмайди. Ёки фалончини иймони йўқ экан, боргин унга иймон олиб кел деб иймонига иймон қўшиб қўёлмаймиз.Фарзанд неъмати ҳам худди шундай. Аллоҳ Таоло Қурони каримда :” Айримларига ўғил фарзанд бераман, айримларига қиз фарзанд бераман, айримларига аралаш қилиб бераман, айримларига умуман фарзанд бермайман”, дейди. Эр-хотин бўлди дегани бу фарзандлик бўлди деганимас. Агар Аллох Таоло насиб қилса эр-хотин фарзандларига сабабчи бўларкан. Агар Аллох Таоло уларга фарзанд бермаса, агар Академик духтирга борсаям, зўр Генеколог врачга борсаям, зўр табибга борса ҳам ҳеч ким бу нарсага эга бўлмас экан. Фарзанд ҳам улуғ неъмат экан. Тинчликнинг энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Тинчлигини йўқотган юрт худди юлдузини йўқотган осмон каби зимистонга айланади. У юртнинг қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлару, анҳорлари бўлмасин, у худди харобага айланган, биров ундан манфаат ва фойда ололмайдиган саҳрога ўхшаб қолади. У юртда на роҳат ва на хотиржамлик бўлади. Бугунги кунда атроф мамлакатларда бўлиб турган беқарорликлар бунинг ёрқин далилидир. Аксинча тинчлиги бор юрт эса гарчи саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ерда истиқомат қилаётганларга ўзининг ана шу  тинч ва тани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади.

 Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қайси касб, қандай мартаба, қанча обрўли бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир.

Чунки хавфсираган киши хотиржам тунамайди, хотиржам тонг оттирмайди, хотиржам яшамайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбида хавфсираб юради.

Тинчлик бўлса инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади, Раббиларига эса хотиржамликда ибодат қиладилар. Бунга барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Тинчлик – барча давлатлар ва барча жамиятларнинг талаб қилган асосий мақсадидир. Тинчлик учун қанча ҳаракатлар, қанчалар харажатлар қилинади.

Тинчлик неъмати – инсоният уни сақлашлик учун хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча нарсасини, ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган улкан неъматдир!

Бу неъмат бардавом бўлиши учун унинг сабаблари, уни тутиб турувчи омиллари ва устунлари ҳам бардавом бажарилиши лозим бўлади. Эътиқодни ҳар хил бидъат хурофатлардан, куфр ва ширкдан сақлаш лозим. Тинчликни сақлашлик учун кишиларни, фарзандларни, аёлларни, хуллас ҳар бир шахсни Аллоҳнинг тоатида тарбиялаш, Аллоҳга маъсият қилишдан қайтариш лозим бўлади. Яъни, ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга амал қилиши лозимдир.

Халқимиз муқаддас динимизга ва соф динимиз ақидасида йўғрилган миллий урф-одатларимизга қанчалик мувофиқ ҳаёт кечиришса, шунча жиноятлар олди олинади, тинч ва осуда ҳаёт таъминланади.

Инсонларнинг адолат ила ҳаёт кечириши, адолатли бошқарилиши тинчликни муҳофаза қилади. Оилада ота-она болалари билан, мактабда муаллим ўқувчилари билан, ҳар ким ўз қўл остидагилари, қўни-қўшни, дўсту-ёрлари билан адолатли муомалада бўлса тинчлик рўёбга чиқади.

Тўғри тафаккур қилиш тинчликни рўёбга чиқаради. Тинчлик бардавом бўлиши учун фарзандларни, ёш авлодни ҳар хил бузуқ эътиқод ва нотўғри фикр юритишдан асрашимиз лозим бўлади. Улар орасида бирор бир фаҳш, мункар иш ва нотўғри ғояларни тарқалишига йўл қўймаслигимиз керак. Бу борада динимиз шомил ва комил бўлиб, етарли кўрсатмаларни белгилаб берган. Бирор нарсани унутиб қолдирмаган.

Ҳар хил фитна-фасод чиқарувчи, дин номидан иш қилувчи, турли иғволарни тарқатувчи мунофиқларнинг ишлари тўхтатилса, тинчлик неъмати сақланади. Инсонларнинг бирлиги, ҳаётнинг гуллаши, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, инсонларнинг ўзаро маърифат ҳосил қилиши, илм олишга имконият, уммат, жамият, уламолар ўртасида бирликнинг мустаҳкамлиги, жамият ва якка шахс ўртасида алоқанинг яхшиланиши, ҳамма бир сўз устида жамланиши, бир ёқадан бош чиқариши, инсонлар ўзаро манфаат алмашиши, қўни-қўшни ва қавми-қариндошнинг ҳолидан хабар олиб туриш, силаи-раҳм қилиш, ибодатлардаги хотиржамлик ва Ер юзида Аллоҳ таоло рози бўладиган ҳаётни кечиришга асосий сабаб тинчликдир.

Тинчликнинг бузилиши эса илм ва маърифат йўлининг тўсилиши, ўзаро яхшиликнинг узилиши, уламолардан ҳикматлар тинглаш имконининг йўқолиши, силаи-раҳмнинг узилиши, касаллар ўзларининг дардига табиб топа олмаслиги, табиб топса дори-дармон топа олмасликлари, ҳаётнинг издан чиқиши, одамларнинг юртини тарк этиб кетиши, оиласидан йироқда бўлиши, ўзаро келишувлар, ақ длар ва аҳдларнинг бузилиши, тараққиётнинг таназзулга учраши, ишлаб чиқаришнинг камайиб кетиши, тижоратларнинг тўхтаб қолиши, касб қилишнинг қийинлашиши, нарх-наво кўтарилиб яшаш оғирлашиши, ҳар бир тўғри ёки нотўғри хабарларнинг тарқалиб юриши, одамларнинг эшитганига ишониб кетавериши, халқ ўртасида ваҳиманинг тарқалиши, рост хабарларнинг инкор қилиниши, одамларнинг бегуноҳ қонлари тўкилиши, аёлларнинг бева қолиши, ёш болаларнинг етим бўлиши ва ҳ.к.з.ларга сабаб бўлади. Тинчлик йўқолса жаҳолат кучаяди, ҳар хил жиноятлар кўпаяди, зулм тарқалади.

Таъкидалб айтамизки, ҳар бир инсон учун тинчлик зарур ва бу муқаддас динимизнинг, шариатимизнинг талабидир. Бугун жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлардан ғафлатда қолмаслигимиз керак. Инсонни ҳалокатга учратадиган мусибатларнинг энг ёмони бу – ғафлатдир. Ғафлат кўринмас касаллик. Биз ана шу ғафлат исканжасидан чиқишимиз керак. Мажбуриятлардан ғафлатда яшаш, Роббисидан, охиратдан, Ватаннинг олдидаги бурчдан, ота-онанинг ҳаққидан, Фарзанду-аҳли аёл олдидаги мажбуриятдан, қўшнилар ҳаққидан ғафлатда яшаш катта мусибатларнинг келишига сабаб бўлади. Шунинг учун биз бундай ҳолатларда ғафлатда қолмай, доим хушёрлигимизни йўқотмаслигимиз лозим. Бу юртда ҳукм суриб турган тинчликни асраб-авайлаб, фарзандларимизга ҳам унинг қадрига етишларини ўргатишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло бутун жаҳонда, хусусан юртимизда тинчликни бардавом айласин. Халқимизни эса унинг қадрига етадиган, шукрини адо қиладиган, Ўзининг розилигини топадиган халқлардан бўлишини муваффақ қилсин.

Н.Яқубов

Хива тумани “Гулланбоғ” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *