МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ БУЗУҚЛИК-ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

Оммавий маданият ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни ғарбда гарчи «маданият» деб аталсада, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра чинакам маданиятнинг кушандасидир. Шу боисдан, «Оммавий маданият» энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган маънавиятга, мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти.

Ушбу бузуқликка мубтало бўлганлар барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни, юксак орзу-мақсадларни менсимайди. Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ. “Маданият” чиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча, нарсалар ва буюмларни эъзозлашади; маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар. Уларнинг маънавий позицияси — маънавиятни ўлдириш ва «нарсаларга қуллик»ни рағбатлантиришдир.

Агар айрим Ғарб давлатларида эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги никоҳ — ҳайратланарли ҳодиса бўлмай қолаётганлиги назар тутилса, «оммавий маданият» тарғиб этаётган маънавий тубанликлар, беҳаёликлар, қабоҳатлар нақадар чуқурлашиб кетганлигини тасаввур этиш қийин эмас.

«Оммавий маданият» кўпдан-кўп шаклларда ўзини намоён этади. Ғарб давлатларининг айримларида «оммавий маданият» тарқатаётган «порнография» (шармсизлик, ҳаёсизлик) ҳамда садизм (зўравонлик) тарғиботи йўлидаги ғовлар, қарангки, суд қарорлари асосида, бирин-кетин олиб ташланаяпти.

Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиётию санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Жамиятимизда қизиқиш ва майлларга ҳурмат билан қаралади. Яъни «реклама»чилар ва журналистлар давлатимиз, жамиятимиз хавфсизлигига (жумладан, халқни, ёшларни маънавий айнитишга олиб келадиган ҳолатларга) йўл қўймасликлари керак. Қолаверса, дунёқараш тарбияси имкониятларини ривожлантиришимиз лозим. Масалан, «Огоҳлик» иборасининг маъноларини бугунги замон шароитидан келиб чиқиб, анча кенг миқёсда тушунишимизга тўғри келади. Яъни бугунги огоҳлик халқимиз, айниқса, ёшлар дилини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман маънавиятини диний-ақидапарастлик, жаҳолатпарастликлар хатаридан ташқари, айни пайтда, жаҳонда юз бераётган сиёсий, мафкуравий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва эстетик манфаатлар йўналишидаги ошкора ва хуфя курашларнинг кенг миқёсдаги хатарли жиҳатларидан, жумладан, «оммавий маданият»нинг емирувчи таъсиридан муҳофаза қилишни ҳам ўз ичига олади. Иложи бўлса, мамлакатимиз таълим тизимининг — мактаблардан тортиб то олий таълим муассасаларигача бўлган барча босқичлари ўқув дастурларига ана шундай кенг, юксак малакали, илғор замонавий, маъно-мазмунли, махсус «Огоҳлик» дарсларини киритиш мақсадга мувофиқдир.

Раҳматуллаев С.

Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *