ДУНЁВИЙЛИК ДАҲРИЙЛИК ЭМАС

Маълумки, терроризм ва экстремизм балолари нафақат бугунги кунда, балки у мавжуд бўлган барча замон ва маконларда инсоният ва жамият учун том маънодаги фожиа бўлиб келган. Бугунги нотинчликлар ҳукм сураётган минтақаларнинг деярли барчасидаги барқарор вазиятни издан чиқарувчи омиллар ҳам мазкур икки нарсадир.

Сўнгги йилларда Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бир гуруҳ “фидойи” бузғунчилар томонидан содир этилган амалиётлар натижасида Миср, Ливия, Тунис, Сурия каби давлатларда 100 минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмишди, миллионлаб инсонлар бошпанасидан айрилишди, мазкур мамлакатларда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳар томонлама кўп йўқотишлар бўлди. Бу эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига сабаб бўлмоқда. Ваҳолангки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади.
Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқламаган ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг “Моида” сураси 32-ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.

Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади. Бугун муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қилаётган тўдаларнинг мисоли худди қуйида келтириладиган оятдаги кишиларга ўхшайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймони»га Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасод(бузғунчилик)ни ёқтирмайди. Унга «Аллоҳдан қўрққин!» дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга фақат жаҳаннам бас келур. Нақадар мудхиш жой у!” 

Давлатимиз томонидан экстремизм, террорчилик ва ақидапарастликка қарши мавжуд қонунларга амал қилган ҳолда кураш олиб борилаётганини кенг афкор омма тушуниб етди. Бу кураш ота-онамиз, яқинларимиз, Ватанимиз ҳимояси йўлидаги мардонавор кураш ва мусулмончилик бурчимиз ҳамдир. Зеро, дунёвийлик — айрим ақидапараст кимсаларнинг даъволаридан фарқли ўлароқ, асло даҳрийлик эмас!

Қозоқов Мурод

Янгиариқ тумани Хожи бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *