МАЪРАКА ВА МАРОСИМЛАРДАГИ ДАБДАБАБОЗЛИК

Тарихдан маълумки, тўйлар ва маросимлар ҳақида турли даврларда ҳар хил гаплар айтилган. Чунки ҳар бир даврнинг ўз тошу тарозиси бор. Истиқлол деган тотли неъматга эришган ҳозирги давримизда бундай маросимларни тартибли, ихчам ва исрофсиз ўтказиш, миллий қадриятларимизга риоя этиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бугунги ҳолатга назар ташласак, бу борада анча-мунча ижобий натижалар сезилмоқда. Жойларда тўй ва бошқа маросимларимиз хийла ихчамлашиб қолди. Имомларимиз, маҳалла фаоллари, оқсоқоллари, тўй ва маросимларни ўтказиш ҳайъати аъзолари ҳар бир оиланинг иқтисодий ҳоли-қудратини инобатга олган ҳолда тавсиялар беришмокда.

Яратганга шукрким, халқимиз болажон, серфарзанд халқлардан. Бу дегани сертўй миллатмиз. Шу боис юртимизнинг ҳар бир гўшасида кунда кўплаб тўй-маърака ва хайрли тадбирлар ўтади. Аллоҳ таоло диёримиздан қут-баракани кўтармасин.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида»ги Фатвосида таъкидланишича, катта-катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган маъракалар ўрнига, марҳумлар руҳини шод этиш учун муҳтож ва ночор оилаларга, етимхона ва меҳрибонлик уйларига ёки ободончилик ишларига ёрдам кўрсатиш афзалдир. Айниқса, аёллар иштирокида ўтказиладиган турли тўйолди ва тўйдан кейинги дабдабали тадбирларнинг зарарли томонларини қисқартириб, ихчам тарзда ўтказиш лозимлиги масалалари ҳам мазкур фатвода алоҳида таъкидланган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Кимки уйланса, диёнатининг ярмини мустаҳкамлаган бўлади ва қолган ярмини ўзи эҳтиёт қилсин”, деганлар. Яратганга шукрким, халқимиз замонлар ўта мана шу ўгитга амал қилиб, фарзандларини вақтида уйлантириш ёки турмушга беришдек шариат кўрсатмасига биноан ҳаёт кечириб келмоқда. Аммо шу тўй-маъракаларимизни исрофгарчиликсиз ўтказсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Исрофгарлар шайтоннинг биродаридирлар», деб огоҳлантиради.

Хайр-эҳсонлар қилиш мустаҳаб амал, уни шариат таълимотларига мувофиқ ҳолда ўтказиш керак. Акс холда, савобдан маҳрум бўлинади. Аммо оила аҳлларига нафақа фарз амаллардан ҳисобланади. Бинобарин, тўй қиламан деб оиланинг ризқини қийиш айни хатодир. Бордию, мен юрт ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам эҳсон қиладиган бўлса, бу иши айни гуноҳдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашувида ҳукуматга бир ой муддатда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилди. Давлат раҳбари жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп маротаба мазкур соҳани тартибга солиш бўйича илтимослар бўлаётгани, Виртуал қабулхонага ёзилаётганини маълум қилди. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади, деди у.

«Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев. (Матн: «Газета.uz»      6 324)

Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мусибат етган хонадон аҳлига таъзия билдириш ва баъзи маросимлар одоби ҳақида” ҳам бир мунча муддат аввалроқ фатво чиқарган эди. Унда таъкидланишича, мусибатхоналарда пайшанбалик ва якшанбалик номи билан қилинаётган маросимлар ҳеч бир диний китобларимизда буюрилмаган. Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан ҳамда оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда бирор марта эҳсон тарзида маросим қилиб ўтказилса, кифоя бўлади … Шунингдек, фарзандларимизнинг ақди никоҳ тўйларини ва ақиқа каби маросимларни ҳам ниҳоятда тежамкорлик билан ўтказиш шариатимиз руҳига жуда мувофиқ келиши айтилган.

Шариатимиз мусулмонларга ҳаргиз оғирликни раво кўрмайди. Қуръони Каримда ҳам айтилган: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” ва яна: “Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди”. Бу каби оятлар мусулмонларнинг маросим қилишлари учун айтилган илоҳий бир қонундир.

Собиров Ҳусинбой

Боғот тумани Қарри хўжа

бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *