ИСЛОМ ДИНИ СИЁСИЙЛАШУВИНИНГ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРГА ТАЪСИРИ

     Экстремизмнинг сиёсий ва диний кўринишлари яққол ажралиб туради. Сиёсий экстремизм намояндалари ўзларининг ғаразли мақсадига эришиш учун куч ишлатиш усулларидан фойдаланиб, мавжуд сиёсий тузилмаларнинг барқарор фаолият юритишни бузиш ва йўқотишга ҳаракат қилади. Бу йўлда экстремистлар ва экстремистик ташкилотлар “демократия” ниқоби остида баландпарвоз шиорлар, чақириқлар билан чиқиб, террорчилик ҳаракатини қўллаб-қувватлайдилар, қонунга риоя этмаслик, иш ташлашлар, тартибсизликлар чиқаришга уринадилар, одамларни гиж-гижлайдилар, террор қилиш усулидан фойдаланадилар.
Экстремизм шаклланган ижтимоий тузилмаларга, сиёсий тартиботларга қарши чиқиб, уларнинг барқарорлигига раҳна солишга, кучсизлантиришга, ўз мақсадларига эришиш учун одатдагидек куч ишлатиш усуллари билан уларни ағдариб ташлашга ҳаракат қилади. Экстремизм раҳбарлари ҳар қандай келишувни, музокарани, битимни инкор этадилар. Ҳеч қандай ўзаро ёнбосишга йўл қўймайдилар, “Ё ҳаммаси, ё ҳеч нарса” тамойили бўйича ҳаракат қиладилар. Айни шу борада сиёсий экстремизм сиёсий терроризм билан бир сафда туради. Экстремизм хавфи ҳақида тўхталиб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти И.А.Каримов шундай таъкидлаган эди: “Аслини олганда, хавфсизликка солинаётган таҳдидлар анча серқирра. Улар сиёсий зкстремизм, шу жумладан диний руҳдаги экстремизмни, миллатчилик ва миллий маҳдудликни, этник, миллатлараро, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик асосидаги зиддиятларни, коррупция ва жиноятчиликни, экология муаммоларини ўз ичига олади”. (Каримов.И.А. “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”. Т,: “Ўзбекистон”, 1997 й.14-бет)
           Диний экстремизмининг “нозик” томони унинг “дин”га (ҳақиқий динга эмас) асосланганидадир. Гуруҳ раҳбарлари ўз қўл остидаги аъзоларининг онгига шу даражада таъсир ўтказадиларки, улар ҳатто ўзларни қурбон қилишга, муайян мақсад йўлида “шаҳид” ёки “камикадзе” бўлишга тайёр турадилар. “Мусулмон биродарлар” ҳаракати (Миср, 1928 й.) дан етишиб чиққан Саййид Қутб (1906-65) ҳозирги замон ислом экстремизмининг ғоявий асосчиси сифатида тан олинган. Унинг назариясига кўра, ўзини мусулмон деб ҳисобловчиларнинг кўпчилиги аслида мусулмон эмас ва умуман барча давлатлар исломга қаршидирлар. Шундан келиб чиқадики, мақсад – мусулмонларни бир-бирига қарши қўйишдир.
            Турли дин қобиғида ижтимоий-сиёсий жараёнлар таъсирида вужудга келган диний фундаментализм – мангу муқаддас матнлардан диний-сиёсий тамойилларни олиб чиқиш, яъни диний цивилизациянинг илк кўринишига қайтишдир. Ҳозирги кунда бу тушунча сиёсий-диний ҳаракат ва ташкилотларнинг назарий ҳамда амалий фаолиятини таърифлашда ишлатилади. Халқаро терроризмнинг барча шакллари ўз фаолиятида диний фундаментализмнинг “ғоя”ларидан у ёки бу даражада “маънавий” озиқ олмоқда. Сиёсатда радикализм муайян тарихий шароитларда сиёсий экстремизмга айланиш имкониятига эга бўлганидек, динда ҳам мутаассибликнинг нисбатан “асосли” кўринишларидан бўлган фундаментализм диний экстремизмга айланиб кетиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ўз навбатида, экстремизм охир-оқибатда терроризмга айланиб кетиш жарёни рўй беради.
            Сиёсий мутаассиблик ўзининг сиёсий мақсадлари, қарашлари, маълум сиёсий тизим, ҳокимият ва тартибларнинг беистиснолигини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилиш ва улар учун қурбон беришни талаб қилишдир. Ҳокимиятга ташналик сиёсий мутаассибликнинг асосидир. Ҳокимият учун мутаассиблик билан курашиш охир-оқибатда мақсаднинг йўқолишига олиб келади.
            Ватанпарварлик мутаассиблиги миллий мутаассиблик кўринишларидан бири. Бу мутаассиблик ижтимоий-сиёсий майдонда шовинизм ва тажовузкор миллатчилик кўринишларида намоён бўлади. Шовинизм миллатчиликнинг ўта кетган кўринишларидан бўлиб, миллий алоҳидалик, бир милат манфаатларини бошқа миллатлар манфаатига қарши қўйиш, миллий такаббурлик, миллий нафрат ва душманликни тарғиб қилади. Носоғлом тарздаги ўта кетган шовинизм ҳарбий кучга суяниб ҳаракат қилади. Шофинизм бир миллатнинг уни ўраб турган сиёсий-жуғрофий маконда мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиш учун курашида намоён бўлади.
            Мутаассибликнинг юқорида қисқача таҳлил қилинган ҳамма шакллари ҳозирги даврда диний фундаментализмнинг вужудга келишида руҳий ҳисссиёт сифатида муайян даражада ўрин эгаллайди. Диний экстремизм эса, қайси дин бағрида вужудга келганлигидан қатъий назар, диний фундаментализмнинг мана шу томонларидан усталик билан фойдаланади. Очиқдан очиқ экстремистик руҳдаги агрессив қарашларнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан ўта зарарли ва хавфли эканлиги шундаки, у диний бағрикенгликка зид ҳолда турли динга эътиқод қилувчи халқлар ўртасида муросасизлик ва адоват уруғини сепишга хизмат қилади. Худди шу нарса жамият ва давлатни фундаментализмнинг турли кўринишлари ва даъватларини бартараф этиш йўлида кескин ҳаракат қилишга ундайди.
Хулоса шуки, диннинг сиёсийлашуви ҳар қанча эзгу ниятлар ёки баҳоналар остида юз бермасин, оқибатда эволюцияга учраб, маълум шароитларда халқаро ҳуқуқ мезоналри ва маънавиятга зид бўлган салбий оқибатларга, ҳатто террорчилик каби ғайриинсоний ҳатти-ҳаракатларга ҳам айланиб кетиши мумкин. Иккинчидан, диний экстремизм муамоси тобора кенг кўлам ёйиб, глобал муаммолардан бирига айланиб кетиши мумкин.

Умаров Ж
Шовот тумани Араб бобо масжиди ноиб имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *