ЁШЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБ МУТОЛААСИНИНГ АҲАМИЯТИ

Интеллектуал ёшларни шаклланишида китобнинг янада ахамиятини ошириш, уларни китоб ўқишга қизиқтириш ва шу орқали мустақил фикр- мулоҳаза қилиш, жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларидан баҳраманд этиш муаммосини топишда Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишлари ўта долзарб ва ижтимоий-иқтисодий аҳамияти жиҳатидан тарихий воқеа бўлди, деб ҳисоблаймиз. Чунки китобхон бўлган халқ, китоб мутолааси доимо инсонларни эзгуликка етаклайди.
Кейинги йилларда нафақат ёшлар, балки кўпчилик катталар ҳам китобдан анча узоқлашиб ва уни ўқишга қизиқиши сусайган эди. Ана шу муаммо ечимини топишда, интеллектуал ёшлар шаклланишида китоб савдосининг ахамиятини, халқимиз аслида ва қонида китобга бўлган муҳаббати қадимдан борлигини ифодаловчи фикр-мулоҳазалар ва ҳозирги шароитда китоб ўқиш ва ундан фойдаланиш учун улкан имкониятлар яратиш зарурлигини ёритиш мазкур мақолани мақсадидир. Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш, китоб магазинларини кўпайтириш, нашр этишни янада такомиллаштириш масалалари бугунги кундаги энг долзарб муаммо сифатида белгиланаяпти. Мамлакатимиз аҳолиси юксак маънавиятининг шаклланишида китобнинг ўрни бебаҳо-беқиёслиги тарихий тараққиётимиз ва аждодларимиз ўгитларидан маълум.
Ҳозирги даврда ахборот воситалари орқали жамоатчилик фикрини китоб ўқишга жалб қилинмоқда. Айниқса, телевидение орқали мазмунли суҳбатлар ташкил этилмоқда. Аммо, хозирги ёшларнинг қўлида уяли телефон “Smartfon” бўлишини ҳисобга олиб, дарслик, ўқув қўлланма ва бадиий адабиётларни асосий қисмлари “Мини шаклда” Интернетга жойлаштириш ва улар тўғрисида тез-тез СМС орқали ахборотлар бериб туришни йўлга қўйиб бориш лозим. Энг муҳими, ёшларга китоб магазинларига тез-тез кириб туриш, янги китоблар билан танишиб боришига одат қилиш, уйда – оилаларда ўз мутахассисликлари бўйича махсус кутубхоналар ташкил этиш бўйича улуғ алломаларимиз Абу Али Ибн Сино, Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ахмад Фарғоний, Амир Темур, Захириддин Бобур ва бошқаларни китобга бўлган муҳаббатларига боғлиқ кичик-кичик сюжетли видео-фильмларни олиш ва СМСлар орқали тарқатиш лозим. Масалан, Абу Али Ибн Синонинг қўлига тушиб қолган Аристотелнинг “Метафизика” асарини тушиниш ўта қийин бўлганлигини, унинг ўзи: — “Кейин илоҳиётга ўтиб “Мо баъда ат-табиа” (“Метафизика”) китобини ўқидим. Бу китобни ёзган кишининг мақсади менга бекик эди. Ҳатто уни қирқ бор қайта ўқидим, мен уни ва унинг мақсадларини тушуна олмадим. Ундан умидимни узиб, бу тушуниб бўлмайдиган экан, деган хулосага келган эдим” деб ёзган экан. Аммо, Абу Алининг китобсеварлиги, китобхонлиги у ердаги китоб сотувчиларига кўпдан маълум бўлган ва ундаги заковатни пайқаган эдилар. Абу Али қачон китоб дўкони ёнидан ўтса, унинг соҳиби қўлига тушган янги асарлардан уни огоҳ қилиб турар, бошқа ўлкалардан келтирилган китобларни унга кўрсатар эди. Бу гал ҳам шундай бўлади. Дўкондор Абу Алини кўриб, уни ҳузурига чақиради, кейин у қўлига бир китобни олиб, уни мақтаб кетади. Абу Али мавзуни кўради-ю, ўша ўзи илгарилари кўп бор ўқиган, лекин тушуна олмаган нарсаси ҳақида ёзилган эканини фахмлайди. Ибн Сино бу ҳақда қуйидагиларни ёзади. “Бу илмни билишнинг фойдаси йўқ экан, деган ҳаёлда унинг кўрсатиши ҳам менга малол келиб, китобни олишни рад қилдим. Шунда даллол менга “Бу китобни мендан олгин, бунинг нархи арзон — уч дирхамга сотаман, эгаси бунинг пулига муҳтож,”- деди. Мен уни сотиб олдим. Қарасам денг, бу Абу Наср Фаробийнинг “Метафизика” китоби мақсадлари ҳақида ёзган (шарҳи) асари экан. Уйимга қайтдиму, дарров уни ўқишга тушдим. “Метафизика” дилимда ёд бўлиб қолгани сабабли, ўша пайтдаёқ бу китобнинг мақсадлари менга очилаверди. Бундан жуда хурсанд бўлиб кетдим, ўша куннинг эртасигаёқ қамбағалларга анча нарса садақа қилдим”.
Бугунга келиб, юқорида баён қилинган ислоҳотлардан кейин қисқа давр ичида фарзандининг китоб ўқишга қизиқаётганидан, китоб маҳсулотларининг етарли эканидан беҳад хурсанд бўлаётган ота-оналар “Президентимизга минг раҳмат китоб мутоласига шундай эътибор беришмоқда”, дея миннатдорчилик билдирмоқдалар. Китоб ўқиган инсон билимли, ҳар тарафлама салоҳиятли ва кенг фикрли бўлади. Китоб-билимлар кони, у бизнинг дўстимиз.
Машарипов Қ
Урганч шаҳар Мискин бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *