Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Одамни тупрокдан яратган ва сокинлик топиш учун ундан ўз жуфтини яратган, ҳамда уларни никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилган Қодир ва Хаким Аллохга У Зотнинг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
“Сизларнинг яхшиларингиз — оила аҳлига яхши бўлганингиздир. Мен аҳли аёлига энг яхшингизман” (Имом Термизий) деган Расули Акром Мухаммад Мустафога (с. а. в) битмас-туганмас саловоту саломлар бўлсин.
Аёл яратганнинг нозик хилқати, табиатдаги нозик мавжудотдир. У бир томондан назорат тимсоли бўлса, иккинчи томондан жамиятга энг таъсирли қудратдир.
Аёл бу аввало хонадон бекаси.
Фаҳм — фаросатли, зукко ва дину диёнатли аёл оиладаги ўз ўрни ҳамда фарзандлар тарбиясида ўз масъулиятини чуқур ҳис қилмоғи даркор. Сароймулк хонимнинг Мирзо Улуғбекка берган тарбиясини эслайлик. Хозирдачи боласи тарбияси учун ҳар куни бир соат вакт ажрата олмайдиган оналаримиз бор.
Фаҳм-фаросатли зукко аёл эрининг мол_мулкини кўз қорачиғидай асрайди. Эрининг борида ҳам йўғида ҳам ҳурматини жойига қўяди. Ўзини ораста тутгани ҳолда фарзандларини ҳам оқ ювиб,оқ тарайди. Нафақат хонадони, балки атроф — муҳитнинг ҳам саронжом — саришталигига масъулдир. Пардозни кўчага чиққанда эмас, эри ишдан келишига қилади. “Эрингга эътиборли бўлгин,чунки у сенинг учун ё жаннатинг ёки дўзахингдир” жумласи беҳуда айтилмаган. Эрга итоат қилиш шариатга итоат қилишдир.
Аёл илмли ,маърифатли бўлса, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз мустаҳкам ўрнига эга булади. Аёллари маърифатли элнинг эртаси чароғондир.
Аллома А. Авлоний ҳазратлари: “Қизлар ҳаммадан кўра кўпроқ билим олишга интилишлари керак, чунки бу билим билан келажак авлодни тарбиялайдилар” — деган эдилар. Оқила ва зиёли аёл келажакда барпо бўладиган бутун бошли оиланинг илмли бўлиб улғайишига замин яратади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(с.а.в.): “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб — аҳлоқ билан тарбиялаши, кўп миқдордаги нафл садақа беришдан яхшироқдир”,- дея маҳамат қилганлар.(Имом Термизий ривояти.
Оилада аёлнинг покиза, солиҳа ва яхшиликка ошно бўлиши нафақат ўзи, балки бутун оиласининг хайри барокатига сабаб бўлади. Аёл оила ҳаётининг ҳамма соҳасида эрининг йўл-йўриқлари, кўрсатмалари, талаблари асосида иш тутиши керак. Акс ҳолда, оиланинг моддий барқарорлигини таъминлаш учун доимий ҳаракатда, меҳнатда бўлган эрни уйда ҳам мунтазам нотинчлик, муаммолар кутиб турса, у асабий, тажанг бўлиб қолади, соғлигини йўқотади. Шуни унутмаслик керак, ўз уйида тинчлик-хотиржамлиги бўлмаган эр бундай осойишталикни бошқа жойдан излаб қолиши мумкин.
Доно, зукко аёл бундай ҳолатнинг олдини олади, муаммоларни ечишда барча тажрибаларга суянади. Айниқса, ҳозирги синовли кунларда ўта зарурат бўлмаганида ҳаёт эҳтиёжлари — кийим-кечак, ейиш-ичиш, уй-рўзғор буюмлари сотиб олишни чеклайди ва буни муаммога айлантирмайди. Эрининг кайфиятига қараб ўринсиз саволлардан тилини тияди, бўлар-бўлмасга аразламайди, гина сақламайди, ақл билан иш кўради, турмуш ўртоғининг кўнглини олиш, фарзандлари тарбияси билан шуғулланишга ҳаракат қилади.
Илоҳим шундай гўзал хулқ соҳибаси бўлмиш гўзал аёлларимиз бор бўлсинлар, Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Заминимиз барокали бўлсин!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Ш.Эгамова
Боғот тумани “Ашхабад” маҳалла отинойиси