Оила — жамият бўғини

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оила — жамиятнинг асосий бўғини, муқаддас маскан. Мамлакат тараққиётини ҳаракатга келтирувчи асосий ҳужжат — Бош Қомусимизда оила масаласига алоҳида урғу берилгани ҳам бежиз эмас, албатта.

 Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳиссий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Яъни оила маънавий жиҳатдан бутун бўлсагина, мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам оилалардан ташкил топган мамлакат эса, албатта, қудратли бўлади.

Оилавий ҳаётнинг ва эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги бир-икки оятни яхшилаб ўрганишнинг ўзи бу улкан ҳақиқатни тушуниб етишга кифоя қилади, деб ўйлайман.

Аллоҳ таоло «Рум» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ва унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (21‑оят).

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир.

Арзимаган важлар сабаб оилани барбод этиш, албатта, болалар тарбиясига салбий таъсир этади. «Боланинг уволи тутади», деган гаплар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Афсуски, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини уйламайдиган ота-оналар ҳам орамизда йўқ эмас.

Хўш, нима учун бундай ҳолатнинг вужудга келяпти? Асл сабаби нимада? Таҳлилларга кўра, бу муаммонинг бош омили — уларнинг ҳуқуқий билимга етарли даражада эга эмасликлари, ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлигидан далолат беради. Шунинг учун улар ажралиш ҳолати қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етмайдилар.

Эътибор қилинг, ажралиш туфайли нотўлиқ оила вужудга келади. Айни кунда аксарият ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатиляпти. Ёки бўлмаса, бошқа ҳуқуқбузарликлар, одам савдоси қурбонлари, ноқонуний йўл билан чет давлатларга чиқиб кетаётган ёшлар, аёллар, албатта, буларнинг барчаси асосан ажралиш оқибатида юзага келган ҳамда нотўлиқ оилаларда бўлаётгани ачинарли.

Қолаверса, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши натижасида ҳам келиб чиққан.

Биламизки, оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигида оила бошлиғи — эркакларнинг ўрни ҳамда масъулияти жуда катта. Чунки ҳаётнинг қийинчиликларини улар ўз елкаларига оладилар.  Афсуски, амалиётда кўриб турибмизки, эркакларнинг оилавий муносабатларда ўз ўрнини йўқотиб қўяётгани,  яъни иккинчи даражага тушиб қолаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Оилада асосан эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло қуръони каримда марҳамат қиладики:

“…Улар билан тотув турмуш кечирингиз…”.

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аҳлу аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деб марҳамат қиладиларки:

“Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади. Пайғамбармиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар:

“Ҳеч бир мўмин ўз мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.

Демак, аёл киши оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Ислом шариати ҳар қандай шароитда ҳам аёлни кийинтириш, таомлантириш, бошпана билан таъминлаш ва бошқа харажатларни эрнинг зиммасига юклаган.

Бошқа бир ҳадисда, Абу Масъуд ал-Ансорийдан нақл қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) “Кишининг топган молини ўз оиласига сарфлаши ҳам садақа ва эҳсондир”, — деганлар.

Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида:

“Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, – деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло эл-юртларимизни ёмон кўздан асрасин, ёру-биродарлар, қон-қариндошларимиздан айирмасин, қарияларимизга узоқ умр, ёшларимизга куч-қувват ва ғайрат, хонадонларимизга қут-барака берсин.

Ассаламу алайкум ва рохматуллохи ва барокатуҳ.

М.Атажонова

Боғот туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *