Диний экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажоввузкор сиёсий фаолиятдир.
Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 500га яқин террорчи ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80 % ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига «ал-Қоида», «Мусулмон-биродарлар», «Ҳизбут-таҳрир», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра» (Миср), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех», «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир), ваҳҳобийлар, АБу Нидал гуруҳи, Қуролли ислом гуруҳи, АУМ Синрикё, Басклар ва озодлик ватани, Ал-Жамоа ал-исломия, ҲАМАС Мусулмон биродарлари, Ҳаракат ал-мужоҳидийн, Ҳизбуллоҳ, «17 ноябрь Инқилобий ташкилоти», «Инқилобий халқ-озодлик фронти/партияси» («Del Sol» номи билан маълум), «Инқилобий халқ кураши», «Сендеро Люминосо» («Ёруғ йўл», шунингдек «Партизанлар-халқ армияси»), «Тупак Амару инқилобий ҳаракати», «Ўзбекистон Ислом ҳаракати», «Ўзини мудофаа қилиш бирлашган кучлари» каби ташкилотларни киритиш мумкин.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Террористик ташкилотлар, айниқса, интернет тармоғида гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақида тарғибот-ташвиқот олиб бораётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудига бориб, ушбу гуруҳлар сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Яна эътибор бериш лозим бўлган бир ҳолат, экстемистлар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқариб, эркакларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиҳ ишларга қўл ураяптилар.
Хорижга иш ахтариб кетган айрим ёшлар экстремистик оқим аъзоларининг таъсирига тушиб, юртга қайтгандан сўнг ён-атрофдагилардан “жамоат” тузишга, уларни “ҳижрат”га олиб чиқишга қаратилган ҳаракатлар содир этаётгани кузатилмоқда. Албатта, иш жойини танлаш ҳуқуқи ҳар ким учун кафолатланган, бироқ ҳозирда айрим хорижга кетганларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолаётгани, хору зор бўлиб, бирон нарса орттириб қайтиш ўрнига, боридан ҳам айрилиб келаётгани ҳам бор гап.
Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Баъзи ёшларимиз «ўргимчак тўри» орқали террорчи ташкилот, ақидапараст гуруҳлар таъсирига тушиб қолиши, мутаассиб шахсларнинг маърузаларини дискда ёки қўл телефони хотирасида сақлаб, тинглаб юриш ҳолатлари мавжуд. Айниқса, ҳатто ўсмир ёшдаги болалар жангариларнинг фаолиятини тарғиб қилувчи материалларни телефонда қўлма-қўл қилаётганлари янада ачинарлидир.
Яна таъкидлаш жоизки, тинчликни улуғ неъмат, деб эълон қилган динимизда инсон бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан кайтарилган. Шу нуқтаи назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашлари ва қўлидан келганча уларга ёрдам беришлари лозим.
Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш — ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.
М.Абдуллаев
Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби