Аллоҳ инсонларга сўзлаш неъматини ато этган. Улуғ алломаларимиздан шундай сўзлар бор: -“Инсон молу дунёси билан яхшилик қилмоқчи бўлса, бойлиги бир кунда тугаб қолиши мумкин. Аммо инсонда бир ғазина бор, қанча сарфлагани билан тугамайди”. У ширин сўздур деганлар. Яна ҳадисда шундай ҳикматли сўз бор : -“Ким агар бировнинг айбини айтиб одомларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди”- дейилган. Биз ҳар бир айтган сўзимиз учун маъсулмиз одамлар зоҳирон гурунг шаклидаги ғийбатлар инсоннинг номаиамолига гуноҳ бўлиб битилишидан ғофилдурлар. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайхи ва саллам айтганлар : -“Жим турмоқдин суҳбатлашиш яхши, ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши”- деб.
Баъзан оилада нохушликлар кўпинча қўпол сўз оқибатидан содир бўлади. Бунинг аксича кўпгина муваффақиятларнинг омили ширин сўздур. Тил инсоннинг жисман энг кичик, аммо маъсулият ва вазифаси жиҳатидан катта эътиборга лойиқ аъзодур. Тил ва қалб ўртасидаги узвий боғланиш ҳақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:-“Банданинг имони тўғри бўлмайди токи унинг қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча”. Маълумки тил орқали содир қилиниши мумкин бўлган ғийбат, чақимчилик, туҳмат ва ёлғон гувоҳлик бериш кабилар билан инсонлар ўртасидаги меҳр муҳаббат пойдевори дарз кетади. Инсон одоб-ахлоқини гўзал қиладиган омиллардан яна бири яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлишдир. Бундай суҳбатлар инсон қалбини ибратли хулқ-атвор билан бойитади ва уни яхшиликлар амалга оширишига ундайди.
Мана шу ерда бир ҳикматли ҳикояга эътиборингизни қаратсам:-“Бир подшоҳ туш кўрибди, тушида бор тишлари тўкилиб кетганмиш. Уйқудан уйғонгач икки вазирини ҳузурига чорлаб кўрган тушини баён қилибди. “Бу тушнинг табири нима, агар таъбирини топсангиз ростини сўзланг дебди. Вазирлардан бири сўз бошлабди –“Подшоҳим бу яхшилик аломати эмас , барча қариндош уруғларингиз барвақт вафот этиб кетишади, сиз ўзингиз ёлғиз қоласиз –дебди. Подшоҳ бу жавобдан ниҳоятда дарғазаб бўлиб вазирни зиндонга ташлашни буюрибди. Сўнгра иккинчи вазир сўз бошлабди: “Шоҳим бу тушингиз кўп яхшилик ва қувонч аломатидур Аллоҳ таолани инояти билан сизга барча қариндошларингиз ичида узоқ умр ато этилур. Бу қутлуғ неъмат муборак бўлсин-дебди. Бу қутловдан хурсанд бўлган подшоҳ вазирга иномлар бериб хурсанд қилибди ва ўзи ҳам хурсанд бўлибди .
Бир ҳил маънодаги икки ҳил таъбирни берган вазирлардан бири фаҳму фаросатдан узоқда, сўзлаш ва эҳтиром одобидан бебаҳра бўлиб, таъбирни ўзининг сифатига мувофиқ шу даражада қўпол баён қилди, натижада ғазабга йўлиқди. Закий ва доно, теран ақл ва назокатли сўз соҳиби бўлган иккинчи вазир эса туш таъбирини ўз фазилатига муносиб тарзда баён қилиб олқиш ва мукофотга сазовор бўлди. Демак азиз фарзандларнинг кишилар билан сўзлашиши , ўзаро муомаласи, гапирган сўзлари ҳикмат касб этиши керак.
Киши оғир –босиқлик билан шошмасдан, дона- дона, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашиши лозим.
Чиройли одоблардан яна бири оҳиста сўзлашишдир. То эшитгувчилар уни яхши тушинишсин ва даврада ўтирганлар гапираётган кишининг мақсадини аниқ англаб, идрок этсинлар.
Муомала одобларидан бири шуки, сўзловчи киши ҳар бир жой ва вазиятга муносиб баҳо бериб, ўша даврадаги одамлар табияти, савияси ва урф –одатларини эътиборга олиб муносабатда бўлиш талаб этилади. Бу эса нотиқнинг ақл- фаросати, нозик диди, сўз маҳорати, кишилар руҳиятини англай олиши ва ақлу идроки билан боғлиқ.
Сўзлаш ва муомала маданиятининг ўзига хос, адо қилиниши лозим бўлган ҳақлари бўлиб, улардан бири гапни ўта қисқа баён қилмасликдир. Бундай сўзланганида эшитгувчининг тушиниши қийинлашиб, суҳбатдан қаноат ҳосил қилмайди. Ҳақлардан яна бири эса гапни жуда узун қилиб, эшитувчини малоллантириб қўймасликдир. Гап меъёридан ортиқ узун бўлганида ҳам, эшитувчи сиқилиб, уни тинглашга рағбати кескин пасаяди.
Қайси хонадонда таълим тарбия юксак бўлса, шу жойда хотиржамлик бўлади. Фарзанд мулоимлик фазилати билан ахлоқини безаб, ёмон ахлоқлардан йироқ бўлса, одамлар орасида шу фазилати тўлин ойдек кўриниб туради. Сўзлашиш одоби хулқий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир. У инсонни баркамоллик чўққисига олиб чиқади. Мулоимлик соҳиби билан суҳбатлашган киши унга муҳаббатли бўлади.
З.Машарипова
Урганч шаҳар бош имом- хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси