Бош Қомусимизнинг 30 йиллиги

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз иқтисодиётда, ижтимоий-сиёсий муносабатларда ва маънавий ҳаётда чуқур ислоҳотлар ўтказиш учун пухта ҳуқуқий асос бўлди.

 Конституциясининг учинчи бўлим 14 боб оилага боғлиқ моддаларининг

66-моддасида шундай дейилади: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дейилган.

Ҳеч бир фарзанд ота-онасининг инкор этолмайди. Ота-она боланинг вужудга келишига  сабабчи бўлганлари  учун  ҳам улар олдида  фарзандлик ҳақлари бор. Ота-она болани ёшликдан ардоқлаб-авайлаб ўстиради,  унинг роҳати учун қайғуради ва у ухласин, ором  олсин, деб   кечалари бедор бўлиб,  кўп вақтларини ухламай ўтказади.

Бу борада илоҳий мезон бўлмиш Қуръони каримнинг  “Исро” сураси 23-24 оятларида шундай марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”

Бу Аллоҳ таоланинг бандаларга амри, буйруғи, фармонидир. Бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш ҳам эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил ҳуши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таоланинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир. Аллоҳ таоланинг  ибодатидан кейинги келадиган иш ота онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам  Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таола ўзига ибодат қилишга чақиргандан кейин шу жумланинг давомида ота онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятда, бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ исломда ота онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

Фарзанд ота онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга доимо уларга Аллоҳ таоладан раҳим шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим. Ота онани ҳурматлаш эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Шунинг учун Ислом дини ота она ким бўлишидан қатъий назар, уларни ҳурмат эҳтиром қилишга буюради. Ота она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам ким бўлишларидан қатъий назар уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзандининг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади. Баъзи бир фарзандлар борки ота-она кексайиб ҳеч нарса қуввати етмай қолганда уларнинг холидан хабар олмайди ёки қариялар уйига ташлаб қўяди. Мана шундай фарзандлардан худонинг ўзи сақласин. Чунки она фарзандини не машаққатлар билан ўстириб катта қилади. Ота эса  фарзандим есин-ичсин, деб меҳнат қилади,  боласи ҳеч нарсани     тушуниб етмаган вақтидан  уни тўғри йўлга бошлайди,  ардоқлаб ўстиради. Ота-она фарзандига одоб-ахлоқ ўргатиш, уни касб-ҳунарли қилиб тарбиялаш, балоғатга етса, қиз бўлса куёвга узатиш, ўғил бўлса уйлантириш каби сермашаққат вазифаларни бажаради.   Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онани  ҳурмат қилиш ва уларни қадрига етишга буюради.

Ислом динида ота-онани ҳурмат қилишга буюрилганлигининг ҳикмати шуки,  ота-онага фарзанднинг итоат қилиши натижасида фарзанд одобли ва интизомли бўлиб ўсади. Интизом ва одоб-ахлоқ инсонга  бутун умр бўйи керак бўладиган яхши хулқлардан  ҳисобланади.     Боланинг ота-онага итоат қилишида  ҳар бир ота-онанинг ўзига юклатилган қўшимча вазифалар бор.  Ота-она  оила олдидаги ўз бурч ва   масъулиятини кучайтириши  ва боласи олдида ҳам ҳақларини адо этиб бориши, фарзандини эса ўзидан билимдонроқ ва касб-ҳунарда юқорироқ бўлишига харакат қилиши керак.

                                                                       Х.Аҳмедов

            Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *