ДИННИ СОХТАЛАШТИРИШ ХАТАРЛИ ИЛЛАТ

Барчамизга маълумки, ислом дини инсонларни фақатгина Аллоҳни бир деб билишга,бир бирларининг ҳақ ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда тинчлик ва бирдамликда яшашга буюради.

         Ислом дини бирор-бир давлат, миллат ва муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти аввало, инсонни энг азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Унинг маънавий камолоти ва ҳаётий манфаатларига хизмат қилади. Инсонпарварлик руҳи устуворлиги ва адолат ғоялари ўзида мужассамлиги билан Ислом динининг жаҳонга таъсир доираси тобора кенгайиб бормоқда. Бу таълимот кишилик ҳаётидаги ҳар қандай муаммоларнинг оқилона ҳал этилишига хизмат қилади. Тарихдан маълумки, ушбу таълимотни қабул қилган халқлар дунё маданияти юксалишига катта ҳисса қўшганлар.

         Лекин бугун дунёда шундай мафкуралар орасида кураш кетяптики, бунинг натижасида ислом динини ҳам сохталаштиришга уринаётган гуруҳлар пайдо бўлди. Чунончи баъзи хорижий мамлакатларда рўй бераётган миллий ва диний низолар биз учун сабоқдир. Динни сохталаштириш, унинг ниқоби остида ғаразли мақсадларни амалга оширишга интилиш, сиёсатга аралашиш каби салбий ҳоллар динимизнинг асл моҳиятига ҳам, жамият қонун-қоидаларига ҳам зиддир. Кейинги пайтларда дин аҳлига берилган кенг эркинликлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уринувчилар ҳам пайдо бўлаётгани афсусланарлидир. Масалан, яқин Шарқ мамлакатларида муқаддас динимизга оид турли номлар билан фаолият олиб бораётган бузғунчи оқимлар ислом фундаментализми, экстремизм, ақидапарастлик ва мутаассиблик кўринишларида намоён бўлди. Мазкур ҳолатларга қарши курашиш, уларнинг кирдикорларини фош этиш ҳамда уларга кескин зарба бериш жаҳон афкор оммаси олдида турган умумий вазифадир.

         Ислом дини кишиларни бир-бирига нисбатан меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга уларни динидан, миллатидан қатъий назар бир-бирларига ўзаро ҳурмат-иззат кўрсатишга чақиради. Бу ўринда, инсонларни маънавий етукликка бошловчи ислом динининг эзгу ғоялари манфур кимсаларнинг қуролига айланаётганлигини кўриш мумкин. Шундай экан, инсонларни, асосан онгу тафаккури ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларни бундай зарарли, бузғунчи ғоялардан фақатгина маърифат орқалигина ҳимоялашимиз лозим. Марҳум юртбошимиз И.Каримов: “Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”, деб бежиз таъкидламаган эдилар. Чунончи, динни сохталаштириш натижасида глобал даражадаги муаммолар юзага келмоқда. Хусусан, диний экстремизм, ақидапарастлик, терроризм хавфи бутун инсоният бошига, атомнинг кучиданда кучлироқ ва даҳшатлироқ балоларни солмоқда. Бу бало, бутун дунёга шу қадар илдиз отиб кетганки, у иродаси заиф, дунёқараши саёз, маънан қашшоқ инсонларни ўраб-чирмаб, ўз домига тортмоқда.

         Хулоса қилиб айтиш мумкинки, барчамизга Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларига шукр қилган ҳолда бир-биримизга меҳр-шафқат, меҳрибонлик ва мурувват кўрсатиб, инсонпарварлик руҳида яшамоғимиз керак бўлади. Дунё ва диндаги фитна, алдов, ёлғон, туҳмат, ҳасад каби иллат ва гуноҳлардан сақланишимиз зарурдир.

Азамат Жуманиёзов

Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *