БЕБАҲО НЕЪМАТНИ АСРАЙЛИК

Тинчлик ва осойишталикда, озод ва обод юртда яшаш – улкан бахт. Биз бу бахтиёрликка мустақилигимиз сабаб етишдик. Эзгу ниятлар ва улкан орзуларлни дилга тугуб Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш, фарзандлар камоли учун улкан ғамхўрлик қилиш, кексаларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва ҳеч кимдан кам бўлмаган жамият барпо этиш саодатига мана шу “Мустақиллик” аталмиш неъмати сабаб эришдик.

        Тонг ёришиб қуёш илк нурлари ила дераза ортидан мўралай бошлаган… Яна бир кун бошланиш арафасида… Бу кун кўтаринки шукуҳда бошланди. Ҳа, албатта мустақил диёрда чиққан қуёш фарахбахш. 1991-йил 1-сентябрь Ўзбекистон учун тарихий улуғ санага айланди. Ушбу кун ҳар йили байрам тантаналари билан кутиб олинадиган бўлди. Биз ниҳоят озод бўлдик алҳамдулиллаҳ! Ўзбек халқи учун ҳар бир отаётган тонг, ҳар бир кун дақиқа ва сониялар ҳам байрам кайфиятида ўта бошлади.

Эй азиз юртдошим бу неъматлар устида бир ўйлаб кўрайлик? Собиқ мустабид тузими даврида динимиз, ўзлигимиз, миллий қадриятларимиз, тарихимиз оёқ ости қилинди. Аллоҳга шукрлар бўлсинки Мустақиллик шарофати туфайли ўзлигимиз танидик, ғуруримиз тикланди, қадриятларимиқ қарор топди. Бу неъматларга қанча шукур қилсак шунча оз. Шукур тил ва амал билан бўлади.

Парвардигоримиз ўзининг каломида “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим сураси 7-оят) деб марҳамат қилган. Агар тилимиз билан шукур қилсаг-у, амалда бу неъматларга шукур бўлмаса қандай бўлади?! Тинчлик осойишталик учун ҳиссамизни қўшмасак шу неъматга шукур қилган бўламизми?! Бу неъматларга шукур қилмасдан, фикр ҳам юритмай ҳар хил фирқаларга қўшилиб ҳозирда фитналар ўчоғи бўлиб турган, мусулмон, бегуноҳ инсонларларнинг қони тўкилиб турган нотинч юртларга чиқиб кетиш нонкўрликдир. Юқоридаги оятнинг давомида эса: “Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” деган. Шунинг учун ҳар бир ишда шошилмасдан, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталигимизни қадрига етиб, уни асраб авайлашимиз лозим.

        “Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик”. Марҳум президентимизниг мана шу фикрлари қалбимни чуқур фахр-ифтихорга тўлдиради. Шунгдай бетакрор заминда яшаётганимдан, Ватаним берган чексиз имкониятлар туфайли, ўзим хоҳлаган ўқув даргоҳида таҳсил олаётганимдан чексиз миннатдорман.

Мен жаҳон тан олган буюук алломалар Бухорий, Термизий, Нақшбандий, Амир Темур, Улуғбек авлодиман деб баралла айта оламан, Аллоҳга шукур…

Бугун иккинчи мучал тўйини нишонлаётган Ўзбекистоннинг ижтимоий ва иқтисодий соҳада эришган ютуқлари, бунёдкорлик соҳасидаги улуғвор ишларини бутун дунё аҳли тан олмоқда. Кундан кунга ўсиб, ривожланиб, гўзаллашиб бораётган юртимга қараб мен ҳам “Бетакроримсан ягонасан она Ватаним-Ўзбекистоним” дейман.

Махмуджон Хабибуллаев

Гурлан туман бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *