МИССИОНЕРЛИК ТАРҒИБОТИДА УСЛУБ ВА ВОСИТАЛАРНИНГ ЗАМОНАВИЙЛАШУВИ

Миссионерлар ҳудуд ёхуд халққа кўра, турли ёндашув ва муносабат қўллаган бўлсалар-да, улар охирги икки асрлик фаолиятларида ўз қарашларини тарғиб қилишдан ташқари, маҳаллий халқларда эътиқод асослари ва миллий қадриятлари билан боғлиқ турли шубҳалар уйғотиш орқали уларни ўзлик ва қадриятларига бегоналаштиришга уринаётганлари ҳам сир бўлмай қолди.

Ҳозирги кунда турли черковларга мансуб минглаб миссионер ташкилоти билан бир қаторда мустақил фаолият олиб бораётган юзлаб миссионер ташкилотлари мажуд бўлиб, уларнинг миссия услублари орасида энг эътиборни тортадигани «маданиятга чорлаш» усулидир. Бу услубда христианлик таълимоти ва қадриятлари маҳаллий маданиятлар, шартлар, қадриятлар ва бошқа талаблар кузатилиб борилган ҳолда тақдим этилиши мақсад қилиб олинади. Шундай қилиб, таълимот, ибодат шакллари ва қарашлари имкон қадар маҳаллий халқ одатларига мослаштирилиб тақдим этилади. Мисол учун бу услуб бўйича мусулмонларга хитоб этилганда улар ишлатадиган диний атамалар қўлланилишига алоҳида эътибор берилади.

Миссионерлар диалог (мулоқот) таъсир воситаларини ҳам ўз қарашларини ёйишда мустақил восита сифатида қўллайдилар. Бунинг учун рўпарада турган инсонлар билан “сохта” самимият, дўстлик ва жозиба муҳити юзага келтирадиган диалогни ташкил этиш керак.

Миссионерлик фаолиятларига боғлиқ ижтимоий таъсирлар ҳам ниҳоят даражада муҳим. Бу воситаларнинг энг муҳимлари сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:

  1. Болалар клублари ташкил этиш, боғчалар ва бошланғич мактаблар қуриш каби болаларга қаратилган фаолиятлар.
  2. Инсоний меҳр-мурувват «беғараз» ёрдамларини кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, «руҳий» ёрдамлар киради.
  3. Меҳнатга лаёқатсизлар яшайдиган уйларга зиёратлар уюштириш, соғлиқ муаммолари билан шуғулланиш, ёлғизлик муаммоларига ечим топиш каби қариларга қаратилган фаолиятлар.
  4. Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли, расмли даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Кўпинча бу китоблар Муқаддас китоб оятлари билан «безалади». Ўз динини тарғиб қилувчи газета-журналлар чиқариш.
  5. Ўз фаолиятига қизиқтирувчи ишонч-эътиқоди ва руҳиятига таъсит этувчи турли медиа воситалари тарқатиш.
  6. Матбуот ва оммавий ахборотлар воситалари ва интернет ижтимоий тармоқларидан фойдаланиш. Радио-телевидение орқали жонли кўрсатувлар тайёрлаш. Бу кўрсатувлар орқали аҳолини мулоқотга чорлаш, адреслар алмашиш.
  7. Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш.Мусулмон ўлкаларга турли (мас: ҳамшира, тарбиячи) номлар остида миссионер кадрлар жўнатиш.
  8. Якка шахсларга даъват хатлар жўнатиш.Ёшлар жамиятлари, маданият ва дўстлик уйлари билан ҳамкорлик қилиш.
  9. Инглиз тили, компьютер ўргатиш ниқоби остида миссионерлик кутубхоналари, истеъдодни шакллантиришга қаратилган клублар ва ўқув курсларини ташкил этиш.

          Миссионерларнинг маданий савиялари юқори бўлиши ва мукаммал хитоб санъатига эга бўлиши, борган ёки ўзлари мавжуд жамоатда сўзини қабул қилдира оладиган шахсият ва қобилиятда бўлиши, сиёсатни аъло даражада тушуниши, фаолият услубларини яхши билиши ва амалга ошириши керак бўлади. Миссионерликка тайёрланаётган шахс маълум бир таҳсил босқичидан кейин юбориладиган жойларига қараб алоҳида курсларга берилади ва нималар қилиши лозимлиги уқтирилади. Мақсадларига эришиш учун миссионер ташкилотлар уларни жуда яхши шакллантиришга ниҳоят даражада эътибор беради. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

  1. Мактаблардан оилалари рухсати билан энг зийрак ва ҳаракатчан болалар танлаб олинади ва миссионерлик хизматларига кўра, тайёрланади.
  2. Миссионерлик учун танлаб олинган бола, ўсмир ёки шахс, миссионерлик қиладиган ўлка шароитларига кўра, тарбияланиб етиштирилади ва алоҳида курсларда ўқитилади.
  3. Ўз таълимоти пухта ўргатилади. Динга нисбатан фидоийлик руҳи бағишланади. Миссионерлик хизмати учун дунёнинг энг узоқ бурчакларига ҳам ўз хоҳиши билан чин кўнгилдан бора оладиган шаклда хизмат ҳисси ва севгиси жойланади.
  4. Миссионерларга дини ва вазифасига нисбатан иштиёқдан ташқари, имкон қадар касбий таълим ҳам берилади. Докторлик миссионерлик фаолияти учун жуда муҳим воситадир. Касалхона хизматлари, ҳамширалик каби соҳа фаолиятлари миссионерлик учун энг муҳим ва таъсирчан вазифалардан ҳисобланади.
  5. Ҳар бир миссионерга молиявий жиҳатдан катта қўллаб-қувватлаш таъминланади. У эса ўзи мавжуд ўлкадаги ишсиз, камбағал ва боқувчисини йўқотганларга моддий ёрдам кўрсатиб, тарғибот ишларини олиб боради. Шунингдек, миссионерларга бериладиган молиявий сармояни қандай йўл ва мақсадларга ишлатиши ўргатилади. Ҳар бир миссионерга теология (илоҳиёт) таҳсили билан бирга, бошқа илмлар таҳсилига ҳам эътибор берилади. Миссионерларнинг биттадан кўп тил ўрганишларига ташвиқ қилинади.

Ушбу воситалар таъсири остида киши руҳиятида уч ҳолат кузатилади:

Киши бошқа динни қабул қилади ёки бошқа динни ҳам ҳақ йўлда деб ўйлай бошлайди ё камида ўз динига бўлган садоқати йўқола бошлайди.

Баъзи ватандошларимизнинг улар кетидан эргашиб кетаётганининг биринчи сабаби – ўзимизнинг динимиз йўл-йўриқларидан бехабарлик.

Иккинчи сабаби – диний ходимлар маърузаларининг таъсирчанлиги оз. Ҳолбуки, миссионерларнинг чақириқлари кучли, ниҳоятда ҳис-ҳаяжонли бўляпти.

Учинчи сабаби – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалардан, ногиронлардан, боқувчисидан айрилган қариялардан кўнгилдагидек тез-тез хабар ололмаяпмиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатолмаяпмиз. Миссионерлар бу йўл билан баъзи муҳтожларнинг кўнглини «овлашяпти».

Шунинг учун ҳам азал−азалдан ота−боболаримиз эътиқод қилиб келган муқаддас ислом таълимотига содиқ қолиш ҳиссиётини кучайтириш, тўғри тарғиб ва ташвиқот қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Диний соҳадаги ходимларнинг фаолиятини бунга йўналтириш, диний ва илмий саводхонлигини оширишга эътиборимизни қаратишимиз долзарб аҳамият касб этмоқда.

Турли динларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш Ўзбекистон ҳудудида яшовчи турли миллат ва дин вакилларининг тотувлик анъаналарида ҳам ўз аксини топган. Минг йилларни қамраб олувчи тарихимизда динлараро бирорта низо юзага келиб чиқмаганлигининг ўзи тинчликпарвар ўзбек халқининг диний эътиқоди, урф-одатлари ва анъаналаридан далолатдир.

 

 

Ильясов Камоллиддин

Боғот туман   «Исмоил шайх бобо” масжиди   имом хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *