Истиқлол ва маънавий меросга эътибор

Яратганнинг улуғ неъмати – истиқлол шарофати билан динимизга қайтиш, эътиқодимизни мустаҳкамлашга бўлган эътибор ортиб, қисқа вақт ичида, саноқлигина масжид ва мадрасалар ўрнида икки мингдан ортиқ жоме масжидлар ва ўнлаб диний таълим муассасалари қад ростлади. Кўплаб диний – тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва табаррук қадамжолар қайта ободонлаштирилиб, халқимиз ихтиёрига топширилди.

      Ислом оламининг беназир намояндалари, жаҳон тафаккури хазинаси ва муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрори Валий каби буюк аждодларимиз номлари қайта тикланиб, улар қолдириб кетган маънавий – маърифий меросларини халқимизга, айниқса ёшларга танитиш ва улардан баҳраманд бўлиш бахтига сазовор бўлдик.

     Буюк Ипак йўлида жойлашган, Шарқ ва ғарбни мустаҳкам боғлаб турган, қадим ва бетакрор юртимиз азалдан таниқли илм-фан намояндалари билан довруқ қозонган. Уларнинг тарих, адабиёт, санъат, фалсафа, тиббиёт, математика, кимё, астрономия, меъморчилик, деҳқончилик, педагогика каби соҳалардаги асарлари нафақат халқимизнинг, балки бутун инсониятнинг бебаҳо бойлигидир. Президентимиз томонидан айтиб ўтилганидек, бундай бой меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади.

   Дарҳақиқат, буюк аждодларимизнинг улкан илмий кашфиётлари яна минг йиллар давомида фарзандларимизнинг баркамол авлод сифатида вояга етишида муҳим маъно-мазмун касб этади. Истиқлол йилларида таълим тараққиёти йўлида қилинаётган кенг кўламли ишлар азалий эзгу қадриятларни давом эттириш, илму фан арбобларининг янги авлоди шаклланишида мустаҳкам асосдир.

    Президентимиз тамонидан хадис, ақида, фиқх мактабларининг ташкил этилиши ва Ислом цивилизацияси марказига асос солиниши, бу манавий меросимизга бўлган катта эътибор ва хурматнинг айни ифодаси десак янглишмаган бўламиз.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилади :

    «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» деб марҳамат қилган.

   Аллоҳнинг амрига биноан биз ҳам мухтарам юртбошимиз атрофида жипслашсак ва халқимизнинг буюк меросини ўрганиб ҳаётимизга татбиқ этсак, айни яхшилик йўлида ҳамкорлик қилган бўламиз.

    Мамлакатимиз кутубхоналарида юзминглаган нодир қўлёзмалар яни боболармизнинг улкан маънавий мероси сақланади.Мутафаккирларнинг айтганидек келажак бугундан бошланади. Шу маънода келажагимиз бўлган ёш авлодга мана шу маънавий меросни янада бойитиб етказсак, худо хохласа ватанимиз тараққиёти бунданда гуллаб яшнаб бораверади.

Искандаров Қаҳрамон

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *