Ёшларга таълим тарбия ва илм ўргатайлик

Албатта инсонни азизлиги билим билан қадрланади. Қуръон билгувчилар ва билмайдиганларни бир эмасликларини таъкидлаш билан бирга илм эгаларини даражаларини юксалишининг хабарини берганлар. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни фаришталардан ҳам улуғ мақомга кўтарган ҳам илм эди. Қуръони Каримда ўқиш, ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади. Қуръони Каримда бундай мараҳамат қилинган: “У ўзи ҳоҳлаган кишиларга ҳикмат (Пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара сураси 269-оят). Бундан маълум бўладики, илмли маърифатли инсон икки дунёда ҳам азизу мукаррам бўлади. Ибн Масъуд розияллоҳу анху илм талаб қилаётган ёшларни кўрсалар: “Марҳабо илму ҳикмат манбалари, зулматни ёритувчи чироқлар. Кийимлари юпун бўлсада, қалблари пок инсонлар” дер эдилар.

Ҳурматли азизлар, мусулмон дунёсида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анху энг билимли ва зукко саҳоба бўлиб танилган. У олимлар кутби, фозиллар ифтиҳори, Қуръон муфассири каби шарафли номларга сазовор бўлганлар. Жаноб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу борада ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қиладиларки: “Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарздур.” (Имом Можа ривояти)

Ҳазрати Али шундай деганлар: “Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени нодоиз ишларни қилишдан сақлайди, молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзининг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билин янада зиёда бўлаверади”. Ҳакимлар айтадилар: “Илм ўрганинг, зеро, у фақирлигингизда давлат, бойлигингизда зийнат бўлади”.

Ҳурматли азизлар, илмни ёшлик даврида ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу ҳақда Пайҳамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир” деб марҳамат қилганлар. Илм икки хил бўлади, бири инсонларга бу дунёда ҳам, оҳиратда ҳам фойдаси тегадиган ёки аксинча, жамият учун зарарли бўлиб, ўрганиш гуноҳ саналган илмларга бўлинади. Фойдали илмлар жумласига диний илмлар билар бир қаторда, омманинг эҳтиёжи тушадиган, масалан табобат, саноат, деҳқончилик, чорвачилик, тижорат ва шу каби илмлар киради. Зарарли илмлар эса, сеҳр-жоду, кўз бойлағичлар кабилардан иборат.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ розияллоҳу анху дан ривоят қилинишича, Бани Исроил олимларидан бирининг етмиш сандиқ китоби бор экан. Аллоҳ таоло ўша замоннинг Пайғамбарига ваҳий қилиб: “Олимга бориб айтгин, модомики учта камчилигини ташламас экан, бундан бир неча баробар кўп китоб ўқиган тақдирда ҳам унга илми фойда бермайди. Улар, дунёпарастлик, шайтонга ошналик ва мусулмон кишига азият бериш деган экан”. Илмни ўрганиш билан бир қаторда уни бошқаларга ҳам ўргатиш савобли ишлардан бўлиб, ҳатто инсон вафот этганидан кейин ҳам савоби бориб туришлиги ҳадисларда баён қилинган.

Ҳурматли азилар, Пайҳамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга чақирганлар, кишининг нияти тўғри бўлмоғи керак, шундагина илм қалбига ўрнашади. Зайн ибн Собит Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилади: “Кимнинг нияти дунё бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишини ажратади ва фақирликни икки кўзи олдига қўйиб қўяди, дунёга унга Аллоҳ таоло тақдир қилган нарсадан бошқаси келмайди. Кимнинг нияти оҳират бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишларини жамлаб қўяди, бойлигини қалбда қилади, дунёни унга жирканчли ва ҳор қилиб қўяди.

Ёшларимиз илмли маърифатли бўлса, келажагимиз янада тараққий топиб бораверади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Мулойимлик, қай бир нарсанинг ичига кирса, уни чиройли қилади, нодонлик қай бир нарсанинг ичига кирса, уни обрўсизлантиради. Ҳар бир талим олувчи устозларни улуғлаши керак, устозни ҳурмат қилиш илмга барака беради, аксинча менмимаса илмдан барака кетади.

Азилар, илоҳим ёшларимиз илмли, маърифатли, мулойим, камтарлик билан элга юртга манфаат келтирадиган олим инсонлардан бўлиб етишлигини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

С.Сапаев

Хива тумани “Ҳасан Басрий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.