ШАФҚАТСИЗЛИК МЎМИНЛИКДАН ЭМАС

Маълумки, Ислом дини меҳр-шафқат динидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Шунингдек, Ўзларингизни (бир бирларингизни ноҳақ)ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир”, (Нисо,29) деб марҳамат қилган.Пайғамбаримиз алайҳи салом ҳам муборак ҳадисларида: “Ким раҳм қилса раҳм қилинади”-деб айтганлар. Яъни ким инсонларга раҳм қилса Аллоҳ таоло унга раҳм қилади демоқдалар.

Бугун ўзларини «ҳақиқий мусулмонлар»деб , ўзларидан бошқа ҳаммани кофирликда айблаётган тоифа ва фирқаларнинг қилаётган ишлари муқаддас динимиз аҳкомларига мутлақо зиддир. Жобир (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ: (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Зулмдан қўрқинглар, Чунки зулм қиёмат кунида зулматдир, ”дедилар (Имом Муслим). Бу қонҳўр тўдалар инсонни ҳайвон сингари бўғизлаб, бу ишни тасвирга олиб, сўнг бутун дунёга намойиш қилишни одат қилишди. Бу тасвирларни кўрган киши наҳотки инсон боласи шундай малъун ишларга қўл урса, деб ҳайратдан ёқа ушлайди. Жохилият даврида араблар жангда ўлган одамнинг қулоқ бурнини кесиб жасадини тахқирлашни мусла деб аташар эди. Ислом дини бу хақоратомуз одатга барҳам берди. Лекин бу разил тўдалар инсонларни хақоратлаб ўлдиришлари, жасадларини тахқирлашлари, вахшийлик ва йиртқичликларини нима билан баҳолаш, ўлчаш мумкин?!

Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳ учун бир етимнинг бошини силаса, силаган ҳар бир соч толасича савоб олди. Кимнинг уйида етим бўлиб унга яхши муносабатда бўлса жаннатда мен билан мана бундай туради”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар. Ислом одобларида болаларнинг бошини тепадан пастга қараб силашга буюрилади, чунки, аксинча силанганда озгина бўлсада, болага озор етказилади. Динимиз бошқаларга мана шунча оз озор беришдан ҳам қайтаради. Бугун ўзларини Ислом динига, мусулмонликка нисбат бераётган бу адашган жиноятчилар тўдасининг урушлари сабабли минглаб болалар қони тўкилмоқда, етим ва оч-нахор қолмоқда. Албатта, бу норасидаларнинг оққан қонлари ва кўз ёшлари уларни тутмасдан, абгор қилмасдан қўймайди.

Аёлларни турли йўллар билан жинсий қулликка гирифтор этаётган бу нобакорларнинг қилмишлари нафақат динимизга, умуман инсонийликка ҳам тўғри келмайди. Ислом ноҳақ қон тўкишни ҳаром қилган, хато уруш чоғида ҳам болалар, аёллар ва кексаларни ўлдириш, шунингдек уй-жойлар ва иншоатларни вайрон қилиш тақиқланган. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳ наздида (бутун)дунёнинг хароб этилишидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

Демак, жиноятчи тўдалар “Ислом давлати қуриш” ҳақида қанча лоф урмасинлар, қилаётган ишлари уларнинг бу даъволари нақадар ёлғон эканлигини, тагида ифлос ниятлари борлигини фош қилиб қўяверади. Бундай манфур оқим ва тўдаларнинг пуч даъволари, хунрезликлари Исломдан ва мўминликдан умуман йироқдир.Чунки шафқатсизлик мўминликдан эмас!

Ходжаев Бектемир

Хива тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *