ПУЧ ТАШВИҚОТЛАРНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ

Мовароуннаҳр диёрига Ислом дини кириб келган даврдан буён аждодларимиз, ота-боболаримиз мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони карим ва Суннати-набавиядан ижтиҳод қилиб олинган, халқ оммаси учун осонлаштириб қўйилган энг мўътадил ҳанафий мазҳаби таълимотларига мувофиқ эътиқод ва ибодат қилиб келганлар. Ҳозирга қадар ҳам шариъй ҳукмларни ҳал қилишда ва барча фиқҳий масъалалар ва муаммоларни ечишда мазкур мўътабар мазҳаб таълимотлари асосида амал қилиб келмоқдалар.

Мустақилликдан олдин динни ўрганиш ва унга ошкора амал қилиш мутлақо тақиқланган тузимда яшаган ёшлар яширин суратда диний таълим олишга киришдилар. Хориждан келтирилган ҳар хил диний адабиётлар орқали ғаразли ғоялар, ташвиқотлар ва тарғиботлар ёшларни чалғитиб, аста-секин онгини заҳарлаб, ўз домига торта бошлади ҳамда асрлар оша шаклланган диний-ижтимоий муҳитга раҳна солди. Мусулмонлар орасида турли хил ихтилофлар, тортишувлар, келишмовчилик ва низолар келтириб чиқарди. Уларнинг бошларига ҳар-хил жабру-жафолар ҳамда кулфату мусибатлар келтирди. Ўзининг зарарли ғояларини баландпарвоз ва жарангли шиорлар билан ниқоблаган ана шу хатарли оқимлардан бири «Ваҳобийлар»-дир. Уларнинг дастлабки қадамлари диёримизга 1980 йилларда етиб келди. Ўша даврдаги пинҳоний ҳужралар, кўр-кўрона динни таълим олиш ва талқин қилиш, чет эллардан келган “жаноблар”нинг пуч ва ёлғон ваъдалари оқибатида илдиз ота бошлади.

Ҳозирги кунларда Ваҳҳобийлар номи ҳар бир жойда халқ назаридан қолгани, нафрат билан тилга олинаётгани учун баъзи минтақаларда ўзларини «Салафийлар» ёки «Аҳли ҳадис» деб атамоқдалар. Макру-ҳийла билан зоҳирларини яширсаларда, уларнинг ботинлари – ички қиёфалари, ғаразли мақсадлари бутун оламга маълумдир. Улар тўрт буюк мазҳаб соҳибларини (Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий) ва тариқат машойихларининг тўртала силсиласини, авлиёларнинг кароматларини ҳам инкор қиладилар. Ўтганлар (марҳумлар) арвоҳларига бағишланган савоблар етишини, Расулуллоҳ (с.а.в.) қабрларини ҳамда авлиёларнинг қабрлари зиёратини ҳам мутлақо мумкин эмас деб даъво қиладилар. Пайғамбарларни васила қилишни ман этадилар. Қуръон фақат тириклар учун, ўлганларга нафи йўқ дейишади. Энг хатарлиси Аллоҳ таъолони жиҳат ва макондан муназзаҳ (пок, ҳоли) деб эътиқод қилишни бидъат ва гумроҳлик дейишади.

Уларнинг Аҳли суннат вал жамоага хилоф бўлган бузуқ ақидалари уламолар томонидан танқид қилиниб, бир неча бор раддиялар берилган. Нотўғри ва ноҳақ фикрларига қарши эътирозлар билдирилган. Улар кенг жамоатчилик нафратига учраганлар. Бизнинг диёримизда ҳам адашган фирқалар ва оқимларнинг ноҳақ ва нотўғри даъволарига алданган баъзи ёшлар асл ҳақиқатни тушуниб етиб, эндиликда исломни сиёсий ғаразлардан ҳоли, соф ва пок ҳолатда ўрганиб, амал қилиб келмоқдалар. Залолату-жаҳолат, бидъату-хурофотдан, ихтилофлар ва низолардан сақланишнинг ягона йўли Ҳанафий мазҳабини маҳкам тутиб, ҳар хил норасмий диний оқимлар, бетайин гуруҳлар ва диний экстремистик кайфиятдаги фирқалар таъсиридан эҳтиёт бўлиб, Аҳли суннат вал жамоа йўлида мустаҳкам турмоқликдадур. Аллоҳу таоло барчамизни тўғри ва ҳақ йўлдан адаштирмасин, Омин!

Матяқубов М

Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.